Дунё янгиликлари

БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Туризм ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган UNWTOнинг 24-сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра маълум қилди.

— Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади, — деди мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари. — Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан олиб бораётган сиёсат, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Таъкидлаш лозимки, UNWTO Бош ассамблеяси 25-сессиясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши Ўзбекистон туризм салоҳиятини халқаро кўламда янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилади. Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбир жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан муносабатларини янада кенгайтириш мақсадида 30 ноябрь - 2 декабрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Испанияга ташрифи ташкил этилди. 24-сессияда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси таркибидан Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакиллари ўрин олди.

Мадрид шаҳрида ўтган тадбир доирасида 2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилди. Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик билан овоз тўплаб, 2023 йилги Бош ассамблеяни қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши маълум қилинди.

UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик форум ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 994 times

Янгиликлар

Top