Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Қоҳирада жойлашган Ислом санъати музейи директори ўринбосари, Айн Шамс университети профессори Муҳаммад Аҳмад Абдуссалом билан мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашувда Муҳаммад Абдуссалом Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб машҳур уламолар, олим ва мутафаккирлар нафақат ислом цивилизацияси ривожига, балки бутун жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, суҳбатдош Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда бой маданий-илмий меросни авайлаб асраш, уни пухта тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳамда диний-маърифий соҳага давлат томонидан қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги диний-маърифий марказлар, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ва бошқа муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, ислом цивилизацияси, санъати, тарихи, маданияти, музейлар иши мавзулари бўйича онлайн режимда конференция ва маъруза-семинарлар ҳамда маҳорат дарслари ўтказиш, шунингдек, қисқа муддатли тажриба алмашиш ва маърузалар ўқиш йўналишларида амалий сафарлар уюштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича, жорий йил давомида Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан элчихона билан ўзаро ҳамкорликда турли илмий-амалий тадбирлар уюштириш, Ўзбекистондаги диний-маъриий марказлар ходимлари учун Ислом цивилизацияси ва музей ишлари мавзуларида онлайн режимда маъруза ва маҳорат дарслари ташкил этиш ҳамда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига оид араб тилида алоҳида китоб чоп этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати