Дунё янгиликлари

Туркий кенгаш саммитидаги Ўзбекистоннинг ташаббуслари таҳлили

Туркияда нашр этиладиган нуфузли “Business Türk” журналининг Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига оид махсус сонида замонавий Ўзбекистон ҳаётига бағишланган таҳлилий мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси муаллифлигидаги “Туркий Кенгаш номининг Туркий давлатлар ташкилоти ўлароқ қайтадан номланиши ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлади” сарлавҳали мақола 2021 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларга бағишланган.

Унда турк заминининг қадим тарихга эга “Демократия ва эркинликлар” оролида ташкил этилган Туркий кенгаш саммитининг тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.

“Истанбулдаги саммит – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Президент сайловидан кейинги илк хорижий ташрифи бўлганлиги жиҳатидан биз учун алоҳида аҳамиятга эга эди, – деб ёзади журнал. – Саммитда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Туркий кенгаш номининг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) сифатида қайта номланиши ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади”.

Мақолада умумий тил ва муштарак қадриятлар асосида таъсис этилган Туркий давлатлар ташкилоти доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил равишда тараққий этиб бораётгани, ҳатто оғир пандемия даврида ҳам шерикликни кенгайтиришга, ўзаро ҳамжиҳатликда муносабатларни ривожлантиришга эришилгани қайд этилган.

Муаллиф йиғилишда имзоланган истиқболли “Турк дунёси нигоҳи 2040” дастурий ҳужжати улуғвор мақсадларимизга хизмат қилажагини ҳам қайд этган.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммитдаги нутқида муҳим таклифларни илгари сурганига журналхонларнинг эътибори қаратилган.

“Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиқ дастурини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказиш, АйТи-мутахассислар учун доимий платформа яратиш ҳамда 2022 йилда Экспертлар конференциясини ўтказиш, Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича агентлиги, яъни, ЭКОТУРКни тузиш, “Туркий дунё туризми” ва “Табаррук зиёрат” сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш, Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари шулар жумласидандир”, - деб таъкидланган нашрда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ташкилот доирасида аъзо мамлакатларнинг ёшлари борасидаги фаолиятларни жадаллаштиришга эътибор қаратиб, бу борадаги ҳаракатларни яқинлаштириш мақсадида 2022 йилда Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф этгани ҳам алоҳида таъкидланган.

Мақола интиҳосида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига Ўзбекистон мезбонлик қилиши ҳам қаламга олинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1402 times

Янгиликлар

Top