Дунё янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Париждаги катта масжид ректори Шамсиддин Ҳофиз билан учрашди

Хабар берганимиздек, жорий йил 7-17- март кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакилларидан иборат делегация кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Франциянинг Париж ва Руан шаҳарларида бўлиб турибди.
ЎзА хабарига кўра, куни кеча делегация аъзолари, Франциядаги катта Париж масжиди ректори, ва фахрий адвокат Шамсиддин Ҳофиз билан учрашди.


Маълумки Франция аҳолисининг қарийб 10 % ни ислом дини вакиллари ташкил этади, бу 6.5 млн. аҳоли атрофида дегани. Ўзбекистонга , Бухорога келадиган францийалик мусулмонлар эса 2 % ни ҳам ташкил этмайди.
Ўзбекистон бутун дунёдан зиёратга келадиган дин уламолари учун ислом маданияти маркази десак муболаға бўлмайди, чунки бу Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Етти Пирлар юртидир.


Учрашувда Бухородаги олим, ислом дини уламолари, имомлар ва мадраса ўқитувчиларини Францияга юбориш ва у ердаги мусулмон жамоатлари билан ҳамкорликда зиёрат туризми йўналишида тарғибот учрашувларини ўтказиш таклифлари берилди.


Маълумки, Францияда 2500 дан ортиқ масжидлар мавжуд бўлиб, бу масжидларнинг барчасига келувчиларни Ўзбекистонга зиёрат туризми йўналишида жалб қилиш, ўзбек ислом тамаддуни дарғалари, олимларимиз илмий меросининг ҳали ўрганилмаган ва очилмаган томонларини мухлисга , китобхонга тақдим қилиш орқали ҳам Франциядан сайёҳларни жалб қилиш каби таклифлар ҳам Бухоро делегацияси томонидан илгари сурилди.
Фахрий ректор Шамсиддин Ҳофиз рўзаи рамазон кунлари Франция масжидларида ҳам таровеҳ намозларининг ўтказилиши, қолаверса ёш қорилар томонидан Қуръон тиловати бўйича мусобақалар ташкил қилиниши ҳақида гапирди.
"Мусобақа якуни Рамазон ойининг охири кунига тўғри келади ва энг яхши қироат қилувчи ёшлар танлаб олинади. Ғолиб бўлган Франция ёшлари учун мукофот сифатида Ўзбекистонга зиёрат турларини ташкил қилсак ҳам нур устига аъло нур бўлади",-деди у.


Бухоро делегацияси томонидан бу таклиф маъқулланди ва тез орада кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Мазмунли учрашув Парижнинг энг катта масжидларидан бирида бўлиб ўтди.


Мазкур масжид, 1922 йилда қурилган бўлиб, шу йили унинг 100 йиллиги нишонланар экан. Масжид бир вақтнинг ўзида 10 мингдан ортиқ кишини сиғдириши мумкин.
"Ушбу масжиднинг 100 йиллиги муносабати билан, катта тадбир ташкил қилиниши режамизда бор ва таклифим Ўзбекистон экспозицияси ҳам бўлса, тадбирга келган барча Францияда яшайдиган ўзбеклар ва умуман француз аҳолиси ўзбек қадриятлари билан танишса",- деди Шамсиддин Ҳофиз.


Учрашув якунида катта Париж масжиди вакилларига Бухоро делегацияси томонидан миллийлигимиз акс этган ҳунармандчилик буюмлари тақдим этилди.
Шамсиддин Ҳофиз жаноблари эса Бухоро делегациясига Қуръони Каримнинг француз тилига ўгирилган вариантини тақдим қилди.


Музокаралар давомида келишилган барча пунктлар бўйича ишлашга келишиб олинди ва ҳамкорликда ишлаш учун катта Париж масжиди вакили Ўзбекистон делегациясига бириктириб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1036 times

Янгиликлар

Top