Дунё янгиликлари

Мисрдаги «Althanya» телеканали бошловчиси ўзбек халқининг Рамазон ойини нишонлаш анъаналари ҳақида сўз юритди

Мисрнинг «Althanya» телеканалининг «Элчихонада учрашув» теледастурининг навбатдаги сони Ўзбекистон дипломатия миссияси билан ҳамкорликда тайёрланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кўрсатув бошловчиси Сара Нуриддин ўзбек халқининг Рамазон ойини нишонлаш анъаналари ҳақида сўз юритди.
Хусусан, мисрлик журналист ўзбек халқи ушбу муқаддас ойни оила аъзолари ва яқинлари билан биргаликда нишонлашини таъкидлаган. «Саҳарлик ва ифторлик, асосан, оила аъзолари билан биргаликда турли миллий таомлар ва пишириқлар билан безатилган тўкин дастурхон атрофида ўтказилади», - дейди бошловчи.
Теледастурда ўзбек оилаларида барча миллий байрамлар ва тадбирларда палов тайёрланишига эътибор қаратилган. «Таомлар шоҳи - палов ҳақида минг марта эшитгандан кўра, уни тайёрлаш жараёнини бир маротаба кўриш ва таътиб кўриш жоиз» - дея қайд этади Сара Нуриддин. Дастур довомида элчихона ходимлари билан биргаликда ўзбек паловини тайёрлаш жараёни тўлиқ эфирга узатилди. Дипломатия миссиямиз ходимлари ўзбек миллий таомини тайёрлаш жараёни батафсил тушунтириб берди. «Ўзбек халқининг севимли таоми - палов байрам кунлари, асосан, эркаклар томонидан тайёрланади», - дейди дастур иштирокчиларидан бири.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, палов тайёрлашдаги қатъий қоидалар, ингредиентлар, масаллиқларни пишириш кетма-кетлиги, ошпаз олдига қўйилган юқори талаблар мисрлик томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўрсатувнинг якуний қисмида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, муқаддас Ислом динининг асл моҳиятини кенг тарғиб этиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида видеоролик тақдим этилди.
Унда сўнгги йилларда мамлакатимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий номидаги халқаро марказлар каби илм даргоҳлари ташкил этилгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1054 times

Янгиликлар

Top