Дунё янгиликлари

Эронлик олимнинг «Темурийлар даври сиёсий-ижтимоий тарихи» китоби нашр этилди

Эроннинг таниқли тарихчи олимлари Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ўтказилган Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишланган халқаро илмий видеоконференцияда онлайн тарзда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистоннинг етакчи темурийшунос олимлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашди.

Теҳрон Озод университети профессори, тарих фанлари доктори Акбар Рафеъий ушбу видеоконференцияда «Эрон жамғармаларида Темурийлар даврига оид манбалар» мавзусида маъруза қилди.

Унинг таъкидлашича, Ҳасан Жаъфарийнинг форс тилида битилган асарларида Эрон ҳудудида Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Язд вилояти ривожланган ва гуллаб-яшнаган.

«Ҳеч бир даврни бу шаҳарнинг Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги давридаги тараққиёти билан солиштириб бўлмайди, - деди Акбар Рафеъий. - Манбада келтирилишича, Темурийлар даврида ушбу минтақада ўн мингга яқин уй-жой, ҳаммом, карвонсарой, мадраса, масжид ва боғлар барпо этилган ва қайта тикланган».

Форс тарихчисининг айтишича, Тожиддин Ҳусайн ибн Шаҳоб Яздий томонидан битилган «Ҳасаний йилномалари» номли китоб Темурийлар даврида ёзиб қолдирилган тарихий манбалардан бири ҳисобланади.

Ушбу асарнинг биринчи саҳифаси Султон Муҳаммад Мирзо Темурни мадҳ этувчи қасида билан бошланади. Кейинги қисмдаги яна бир боб Соҳибқирон Амир Темур вафотидан кейинги даврга бағишланган. Китобда «Мироншоҳ Мирзо ва унинг фарзандлари» номли қисса ҳам ўрин олган. Асарнинг сўнгги боблари эса Темурийлар саройига хизмат қилган вазир ва амирлар ҳақидадир.

Шунингдек, эронлик маърузачи таниқли форс тарихчиси Заҳриддин Маръашийнинг «Торихе Табаристон, Ройон ва Мозандарон» китобида Темурийларнинг Мозандарондаги ҳукумдорлиги ҳақида келтирилган маълумотларни ҳам ўртоқлашди.

«Ушбу асарда Заҳриддин Маръаший нега Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрдан чиқиб, Хуросон ва Мозандаронга юриш қилгани сабабларини очиб берган. Тарихий воқеаларни ўзида мужассам этган ушбу қўлёзма қимматбаҳо ва муҳим манбалардан бири ҳисобланади», - деди форс тарихчиси.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, профессор Акбар Рафеъий томонидан жорий йил бошида Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан Эронда «Темурийлар даври сиёсий-ижтимоий тарихи» номли китоб нашр этилди.

Ушбу асарда Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги йиллари Турондан ташқари қатор ўлкаларда, жумладан, Эронда хам катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилганлиги ҳақида сўз боради. А.Рафеъий темурийлар томонидан амалга оширилган йирик ислоҳотларни ўзининг ушбу китобида батафсил ёритишга ҳаракат қилган.

Акбар Рафеъийнинг таъкидлашича, Темурийлар даври Ислом оламида ҳамда Эрон тарихида санъат ва маданият юксалган, гуллаб-яшнаган даврлардан бири бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1031 times

Янгиликлар

Top