— Бир дўстим бор, ўқимишли, ишбилармон, дунёни кўрган. Лекин ёши ўтиб боряпти, уйланмасликка қарор қилганмиш... Яна бир танишим эса ногирон, яшаш шароити жуда оғир, шу сабабли уйланолмаяпти... Шариатимизда уйланмаганларнинг ҳукми нима бўлади?
— Бу иш нотўғри. Шаръий сабаб бўлмаса, никоҳланишни тарк этиш мутлақо жоиз эмас.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас”, дедилар (Икки Шайх ва Имом Насоий ривоят қилишган).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Аккоф ибн Бишр Тамимий исмли бир киши келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй Аккоф, хотининг борми?” дедилар. Шунда у: “Йўқ” дедилар. “Чўрингчи?” дедилар. “Чўрим ҳам йўқ, ўзимга ҳам тўқман”, дедилар. “Ундай бўлса сен шайтоннинг дўстларидан экансан. Насоролар ичидан бўлганингда уларни роҳиблардан бўлар эдинг. Суннатимиз никоҳланишдир, сизларнинг ёмонларингиз тулларингиздир. Сизларни разил ҳолатда вафот топувчиларингиз тул ҳолатда вафот топувчиларингиздир. Шайтон билан алоқада бўласизларми? Солиҳларни ичида шайтон учун хотинлардан кўра кучлироқ қурол йўқ. Уйланганлар бундан мустасно. Улар покдурлар ва хано (шаҳвоний бузуқлик)дан йироқдирлар. Ҳолинга вой бўлсин эй Аккоф, аёллар Айюб, Дувуд, Юсуф ва Курсуф соҳибаларидир” дедилар. “Курсуф ким ё Расулуллоҳ” деган эди. “У кундузлари рўза тутиб, кечалари қоим бўлиб, денгиз бўйларидан бирида Аллоҳга ибодат қилиб, кейинчалик бир хотинга ошиқ бўлиб, Аллоҳ Аъзимга кофир бўлган ва Аллоҳнинг ибодатини тарк қилган. Сўнг Аллоҳ уни баъзи ишлари туфайли уни Ўз раҳматига олган ва тавбасини қабул қилган кишидир. Ҳолинга вой бўлсин эй Аккоф, уйлангин. Акс ҳолда Музабзабин (доим шубҳада юрадиган)лардан бўласан”, дедилар. Шунда: “Мени уйлаб қўйинг ё Расулуллоҳ” деган эди, “Сени Кулсум Ҳимяриннинг қизи Каримага никоҳладим”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадисларини ҳам келтирамиз. Шунда дўстларингиз уйланмаслик фикридан қайтади деб умид қиламиз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари имкони бўла туриб оила қурмаслик, никоҳланмаслик мусулмон кишининг иши эмаслигини англатмоқда. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов