Дунё янгиликлари

Мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти Саудия оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Саудия Арабистонидаги етакчи электрон оммавий ахборот воситаларидан бири - “Swift News” электрон нашри саҳифасида “Ўзбекистон - гўзал табиат ва тарихий обидалар мамлакати” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда замонавий Ўзбекистон ўзининг гўзал табиати ва ранг-баранг тарихий обидалари билан бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келиши, дунёни Шарқдан Ғарбгача Буюк Ипак йўли билан боғлайдиган Ўзбекистон жўғрофий жиҳатдан ўзига хос жойлашувга эга бўлгани боис муҳим сайёҳлик масканига айланиб қолгани алоҳида қайд этилган.
Мақолада Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, маданияти ва маънавий мероси билан дунёга машҳур бўлиб, у бугунги кунда Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний ва Алишер Навоий каби машҳур аллома ва мутафаккирлар юрти сифатида жаҳон сайёҳлари ўртасида донг таратганига алоҳида эътибор қаратилган.
“Ўзбекистон ҳудудида турли давр ва цивилизацияларга оид 7 мингдан ортиқ ёдгорликлар мавжуд бўлганлиги боис уни ҳақли равишда “Тарих хазинаси”, деб аташади. Хоразмдаги “Ичон-қалъа” мажмуаси, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларидаги тарихий ёдгорликларнинг аксарияти ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатидан жой олган”, деб ёзади электрон нашр.
Мақолада сайёҳлик завқи табиий гўзаллик, археологик тарих ва ранг-баранг маданиятлар билан чекланиб қолмасдан асрлар давомида мавжуд бўлган ва ўзбек халқининг урф-одатлари ҳисобланган меҳмондўстлик ва таомларининг беқиёс таъми билан ортиб бориши алоҳида қайд этилган.
“Ўзбекистон сўнгги беш йилда тубдан ривожланиб борди. Туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг янги тамойиллари инфратузилмани жадал ривожлантиришга кўмаклашди. Энг янги технологиялар асосида ўн битта халқаро аэропорт барпо этилди ва бу Ўзбекистон миллий авиакомпаниясига Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Американинг 50 дан ортиқ шаҳарларига ҳаво қатновларни ташкил этишга ёрдам берди.
Янги Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш сиёсати сайёҳларга хизмат кўрсатадиган барча қулайликларни, хусусан, ҳашаматли меҳмонхоналар, замонавий транспорт воситалари, мамлакатнинг турли жойларига олиб борадиган тезюрар поездларни йўлга қўйишга туртки берди. “Афросиёб” тезюрар поезди 2011 йилдан бошлаб хизмат кўрсатмоқда. Мамлакатда экологик ва географик туризм, соғломлаштириш ва маданий сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга ҳам катта аҳамият берилмоқда. Бу мамлакатга сайёҳлар оқимининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатаётир. Ўзбекистонда 1995 йилдан бошлаб ҳар йили куз фаслида “Тошкент халқаро туризми кўргазмаси” ўтказиб келинмоқда. Ушбу сайёҳлик анжумани туризм инфратузилмасининг ривожланиши соҳасида фаолият юритувчи ҳамкорлар ўртасида конструктив мулоқот олиб бориладиган муҳим майдонга айланди”, деб ёзади “Swift News”.
Мақолада Ўзбекистоннинг асосий ва тарихий шаҳарлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Бундан ташқари, “Swift News” электрон нашри саҳифасида “Ўзбекистон Франциядаги музейларда ўз мамлакати мероси ва маданиятига оид иккита кўргазма ташкил этди” сарлавҳали мақола ҳам ранг-баранг суратлар билан бирга эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 769 times

Янгиликлар

Top