Дунё янгиликлари

Муборак равзадаги гўзал битиклар

Мадинаи Мунавварадан кўплаб хаттотлар етишиб чиққан. Уларнинг тарихий ва ноёб битиклари “Масжидун Набавий”нинг деворлари, эшиклари ҳамда деразаларида қолган. Шу боис, улар тарихда “Масжидун Набавий хаттотлари” деган буюк ном билан аталади.

Абдуллоҳ ибн Али Ризо ибн Мустафо ҳам ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган хаттотлардан бири. У 1923 йилда Мадинаи Мунавварада дунёга келди, отаси соатсоз ва ёғоч ўймакорлиги устаси бўлган. Абдуллоҳ ёшлигидан отасининг ишларига ёрдам бериб, нозик санъатга муҳаббат қўйди. Шу билан бирга, шеърият ва араб ёзувига қизиқарди. У кўп вақтини машҳур хаттот Абдуллоҳ Зуфдий “Масжидун Набавий”нинг олд тарафига ёзган битикларини томоша қилиш билан ўтказарди. Абдуллоҳ Ризо Мадинанинг машҳур хаттотларидан бири, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университети шайхи ва хаттотлик мактаби мударриси Аҳмад Зиё Иброҳимдан бу санъат сирларини пухта ўрганди.

Шу билан бирга, илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Қоҳира, Дамашқ шаҳарларига сафар қилиб, Ризвонбек, Саййид Иброҳим ва Бадавий Дийроний каби машҳур хаттотлардан сабоқ олди. Устозлари унинг иқтидори, интилишларини кўриб, келажакда буюк хаттот бўлишини эътироф этишган.

Абдуллоҳ Ризо “Масжидун Набавий”да ўзининг бетакрор битикларини қолдирди. Хусусан, 1370 йили “Масжидун Набавий”ни кенгайтириш ишларида унинг хизматлари беқиёс бўлди. Масжиднинг ички ва ташқаридаги деразаларига “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калималарини; қибла томонига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларини, ташқари томон эшикларига эса Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Аффон (розияллоҳу анҳум)нинг табаррук исмларини ёзган.

Абдуллоҳ Ризо хаттотлик санъати намуналарини жамлаб, 1412 йилда чоп эттирган “Расулуллоҳнинг равзаларидаги гўзал битиклар” номли китобига подшоҳ Файсал ибн Абдулазиз бундай сўзбоши ёзган: “Бундай қимматбаҳо китоб учун муқаддима ёзиш мен учун улкан бахт. Мазкур асарда хаттотликка оид зарур маълумотлар, қонун-қоидалар гўзал ва равон услубда баён этилган. Асар “Масжидун Набавий”га алоқадорлигининг ўзи китобнинг қанчалик аҳамиятли эканини билдиради”.

Абдуллоҳ Ризо кўплаб халқаро хаттотлик мусобақаларида қатнашган. Хусусан, Саудия Арабистонида бўлиб ўтган хаттотлик мусобақасида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган.

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Read 5934 times

Янгиликлар

Top