Дунё янгиликлари

Хитойда “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этилди

Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган “Ўзбек тили дўстлари” клубининг биринчи йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда элчихона ходимлари ва Хитой олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошлардан иборат клуб аъзолари иштирок этишди.

Сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда давлат тилини равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга оид атрофлича маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Хусусан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларда белгиланган вазифалар миллий тилимиз тараққиётида янги даврни бошлаб бергани қайд этилди.

Шу ўринда, 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

Мазкур хужжат асосида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан беш жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби чоп этилганлиги ҳам тилга олинди. Мазкур тўплам 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаларидан иборатлиги, давлат ташкилотлари ва муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг давлат тилида иш юритиш саводхонлиги ва малакасини ошириш, билимларини бойитишга кўмаклашаётгани қайд этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига 2021 йил 10 февралдаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, шунингдек, барча вазирлик ва идоралар таркибида иш юритиш, идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш ва бу жараёнда давлат тилига қатъий амал қилиш белгиланганлиги таъкидланди.


Read 855 times

Янгиликлар

Top