Дунё янгиликлари

Испан нашри: Нима учун Ўзбекистон сизнинг саёҳатларингиз рўйхатида бўлиши керак?

Испан тилидаги энг йирик «El Mundo» халқаро газетасида «Ипак йўли ва Самарқанд сеҳри. Нима учун Ўзбекистон сизнинг саёҳатларингиз рўйхатида бўлиши керак?» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ушбу Марказий Осиё мамлакати мозаика билан қопланган ажойиб масжидлари ва Ипак йўли тарихи билан кўплаб саёҳатчиларни ўзига жалб қилиб келмоқда, - дейилади мақолада. - Биз бошқа ҳеч кимга ўхшамайдиган маршрутларни қидираётганлар учун Ўзбекистоннинг бетакрор тарихий шаҳарлари ҳақидаги муҳим маълумотларни илиндик».

Муаллифга кўра, меҳмондўст ва такрорланмас Ўзбекистон маданияти, тарихи ва гўзал табиати билан жуда машҳур. Ўзбекистонга саёҳат очилмаган жойларни кашф қилишни ва янги саргузаштларни бошдан кечиришни истаган туристлар учун ажойиб имконият.

«Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент мамлакат тарихининг жонли гувоҳи. Қадимги Ипак йўлининг муҳим нуқтаси бўлган ушбу ажойиб шаҳар ўз кўчаларида Осиё ва Европа маданиятини уйғунлаштирган. Унинг таъсирчан архитектураси ва бой тарихи сизни ўтмишга саёҳат қилишга чорлайди», - қайд этган нашр мухбири.

Испан газетаси Самарқанд шаҳрини туризм марвариди сифатида баҳолаган. «Афсоналари билан машҳур бу шаҳар Ўзбекистон дурдонасидир. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва 2700 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган унинг мафтункор ислом меъморчилиги қадим кентнинг тарихий илдизларидан дарак беради, - деб ёзган нашр. - Бибихоним масжиди бўйлаб сайр қилиш ва тўлиқ кошинлар билан қопланган 35 метрлик маҳобатли фасадга эга ушбу тарихий бино шаҳардаги диққатга сазовор жойдир. Бундан ташқари, Афросиёб музейига ташриф буюриб, шаҳар тарихи билан танишишингиз ёки Регистон майдонининг улуғворлигига қойил қолишингиз мумкин. Бу ердаги ҳар бир кошин ўтмишдан сўзлайди».

Мақолада 2500 йиллик тарихга эга қадимий Бухоро шаҳри ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган. «Шеърият ва эртаклар шаҳри деб аталадиган Бухоро тарихий бинолари билан «осмон остидаги музей» ҳисобланади. Шаҳарнинг масжид, мадраса ва мақбаралари Ўзбекистоннинг бой маданий меросидан дарак беради. Шаҳарда 140 дан ортиқ архитектура ёдгорликлари мавжуд», - деб таъкидлаган газета.

«El Mundo»да босилган мақолада қаламга олинган Хива шаҳри ҳақидаги муҳим маълумотлар ҳам тарихий жойларга саёҳат қилишни хуш кўрадиганларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Нашрда қайд этилганидек, ҳудудида ҳақиқий ўрта аср қалъаси жойлашган ягона шаҳар - бу Ичан-қалъадир. «Ғарбий Ўзбекистондаги ушбу кичик шаҳарча анъанавий архитектуранинг ҳақиқий намунаси ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эски шаҳар сизни Ўзбекистоннинг, эҳтимол, ҳар бир гўшасида сақланиб қолган бой тарих билан танишишга чорлайди», - деб ёзган «El Mundo»да.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 679 times

Янгиликлар

Top