Дунё янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШдаги теракт юзасидан таъзия билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга Нью-Йоркда содир бўлган теракт юзасидан ҳамдардлик билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 15 нафар шахс жароҳатланган.

Ҳамдардлик мактуби матни қуйидагича:

“Ҳурматли Президент Жаноблари!

Нью-Йоркда бегуноҳ кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати юзасидан таъзиямни қабул қилинг.

Бундай шавқатсиз жиноятни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Биз экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай шакли ва намоёнини қоралаймиз.

Бу фожеа шундай ғайриинсоний муаммоларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятни бирлашиши заруратини яна бир бор тасдиқлайди.

Ўзбекистон, ўз навбатида, мазкур террорчилик ҳаракатни тергов қилишга ёрдам бериш учун бор куч ва воситалардан фойдаланишга шай.

Биз Америка қўшма штатлари халқига ҳамдардлик билдирамиз.

Ўз таъзия сўзларим ва яраланганларга тезкорлик билан тикланиш истакларимни етказишингизни сўрайман” дейилади мактубда.

Маълумот учун, 1 ноябрь куни Нью-Йоркнинг Манхэттен шаҳрида кичик юк машинаси велойўлак орқали катта тезликда ҳаракатланиб, йўлида учраган велосипедчиларни уриб юборган. Кейинчалик машина мактаб автобусига бориб урилиб тўхтаган. Полиция автомобиль ҳайдовчисини яралаган ва қўлга олишга муваффақ бўлган.

Ҳайдовчи 29 ёшли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов эканлиги аниқланган. У ИШИД гуруҳи аъзоси эканлиги гумон қилинаётгани айтилмоқда. Сайфулло Соипов Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб келган.

Read 5121 times

Янгиликлар

Top