Дунё янгиликлари

Болангизни қори қилмоқчимисиз?

Бу никоҳ тўйи эмас, балки 14 ёшдан ошмаган бола Қуръони Каримни тўлиқ ёд олгани муносабати билан ўтказилаётган «Юриш маросими». Марокашда Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган болани барчага намуна қилиш, болаларнинг қалбларида Қуръони Каримни ёдлашга бўлган рағбатни кучайтириш учун бундай маросим анчадан бери ўтказилади. 

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар у орангизда бўлса эди, унинг зиёси бу дунё уйларидаги қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлар эди. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

Қуръонни ёд олмаган, аммо фарзандининг қори бўлишига сабабчи бўлган ота-онага шундоқ икром бўлса, энди Қуръони Каримни ёд олиб, ундаги ҳукмларга амал қилган қорининг ўзига қандай мукофот бўлишини тасаввур қилиш қийин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, «Қиёмат куни Қуръон келади, «Ё Раббим, (Қуръон ўқиган бандани) кийинтир!» дейди. Унга каромат тожи кийдирилади. Кейин: «Ё Раббим, унга зиёда қил!» дейди. (Қорига) каромат либоси кийдирилади. Сўнг: «Ё Раббим, ундан рози бўл!» дейди. (Аллоҳ қоридан) рози бўлади. Кейин (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарил», дейилади. (Аллоҳ) ҳар битта оят учун бир поғона зиёда қилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Ким Қуръон ўқиса, ўрганса, унга амал қилса, қиёмат куни (бошига) нурдан тож кийдирилади. Унинг зиёси қуёшникига ўхшайди. (Қорининг) ота-онасига икки либос кийдирилади. Уларга дунё тенг келолмайди. Ота-она: «Бу (либос) бизга нима учун кийдирилди!?» дейишади. Шунда: «Фарзандингиз Қуръон ёдлагани учун (шундай марҳаматга лойиқ кўрилдингиз)», деб айтилади».

Бошидаги тож нимадан умидворлик эканини англагандирсиз?

Айтгандек, Марокаш қироллигида болалар Қуръонни тахта лавҳга ёзиб ёд олишади. Бир пайтни ўзида ҳам Қуръони Каримни ёдлашади, ҳам унинг ёзилишини ўрганишади.

Биз Ислом маъҳадида Қироатдан имтиҳон топширганимизда оятни ҳам ёддан, ҳам доскага ёзиб топширганмиз. Ишонинг, зўр ёд олмаган киши оятларни ёзишга қийналади. Чунки ёза олиш, Аллоҳ таолонинг фазли ила, оятнинг хотирага зўр муҳрланганини кўрсатади.

Қолаверса, бунда Усмон Мусҳафининг ёзув услубини ҳам ўзлаштирилади.

Ёзиб ёд олишда қулоқ, кўз, қўл, оғиз бўшлиғи аъзолари каби кўплаб ҳис этиш аъзолари иштирок этгани учун оятлар хотирадан чуқур жой олади.

Бугунги кунда юртимизда Қуръони Карим ва тажвидни ўқитиш курслари очилмоқда. Бу Роббимизнинг бизга ато қилган улкан неъматларидандир.

Аллоҳ таоло бундай курслар кенг кўламда очилишини, у ерда таълим олаётганлар қори ва қория бўлиб етишишларини насиб этсин!

Ушбу курсларда Қуръони Каримни таълим бераётганлар яхши умматнинг яхши вакилларидир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада ҳадиси шариф бор.

عن عثمان رضي الله تعالى عنه- قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ( خيركم من تعلم القرآن وعلمه ) أخرجه البخاري

 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир».

Имом Бухорий ривояти.

Аллоҳ таоло зурриётларимизни Қуръони Каримни тўла ёд олиб, ҳукмларига амал қилиб, Ўзининг хос бандаларидан бўлиб боришларини насиб этсин!

Роббимиз қиёматда қори фарзандларимиз сабабли бошимизга иззат тожини, устимизга каромат сарпосини кийдирсин!

Islom.uz

Read 851 times

Янгиликлар

Top