Дунё янгиликлари

Ўзбекистон Бош консуллиги Екатеринбург шаҳрида ифторлик уюштирди

 Ўзбекистон Бош консуллиги томонидан Рамазон ойи муносабати билан тантанали кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Тадбирда Свердловск вилояти маъмуриятининг бир қатор вакиллари, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Уралдаги ваколатхонаси, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва бир қанча мамлакатларнинг Екатеринбургдаги консуллари ва дипломатлари, шунингдек, ҳукуматларнинг доимий вакиллари иштирок этди.

Тадбирга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тез-тез ташриф буюрадиган “Екатеринбург” ва “Верхняя Пишма” масжидлари имом-хатиблари ҳам таклиф этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик салоҳиятини ёритиб берувчи видеороликлар ва тақдимот ҳавола қилинди. Хусусан, меҳмонларга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган зиёратгоҳлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир меҳмонларига Ўзбекистон шаҳарларида ўзбек ҳунармандлари томонидан ишлаб чиқарилаётган бадиий ҳунармандчилик маҳсулотлари, мамлакатимиздаги гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам батафсил тушунча берилди.

Шубҳасиз, республикамиздаги зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти тадбир иштирокчиларида ижобий таассурот қолдирди. Хусусан, Татаристоннинг Уралдаги доимий вакили Хайдар Гилфанов Екатеринбургда Ўзбекистоннинг Бош консуллиги ўз фаолиятини бошлагандан кейин ўзбекларнинг бой тарихи, маданияти ва қадриятлари кенг тарғиб қилинаётганини эътироф этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 692 times

Янгиликлар

Top