Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари икки мамлакат ўртасидаги турли соҳалардаги алоқалар ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, Саудия Aрабистони ҳожиларнинг улуғ ибодатни осон ва қулай суратда бажаришига кўмаклашиш борасидаги хизматларни такомиллаштиришга катта аҳамият қараётганини эътироф этди.
Муфтий ҳазратлари ҳаж зиёратчиларига ибодатларини бажариш учун кўрсатилаётган хизматлар хилма-хиллигига эътибор қаратиб, уларнинг Макка ва Мадинага сафарларини кўплаб дастур ва ташаббуслар билан бойитилгани ҳақида бундай деди: "Аллоҳнинг меҳмонларига кўрсатиладиган хизматлар натижасида тараққиёт, фаровонлик ва ривожланишга эришилмоқда".
Шайх ҳазратлари ҳожилар ва улар учун масъул бўлганларга ҳар йили барча ҳудудларда кўплаб хизмат, имконият, лойиҳа ва қулайликларни кўриб, хурсанд бўлаётганини қўшимча қилдилар.
Диний идора раиси ўзига ҳамроҳлик қилган делегация билан ўзбекистонлик ҳожиларнинг Мино ва Aрафотдаги манзилгоҳларига амалга оширган ташрифларидаги суҳбатида Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбарияти ва мутасаддиларга ҳожиларнинг осойишталигини таъминлаш, уларга тоат-ибодатларини иймон ва ихлос билан мукаммал бажаришларида кўрсатаётган хизматлари учун ташаккур ва миннатдорчилигини изҳор этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом университети ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқ барча делегацияси аъзолари ибодатларини тинч ва хотиржам адо этиш учун ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида юқори даражадаги тайёргарлик ва барча ёрдам кўрсатиш воситаларидан мамнун бўлганини таъкидлади.
Маккаи мукаррама ва муқаддас қадамжоларда хизмат кўрсатиш ва инфратузилманинг барқарор ривожланаётганини назарда тутиб: “Бу йил билан ўтган йил орасида тураржой, яшаш, транспорт ва йўллар бўйича катта фарқни сездик. Шунингдек, ҳожиларимиз учун сўрагандан ҳам кўп хизматларни кўрдик. Бунинг учун Саудия ҳукуматига Aллоҳнинг меҳмонлари ва ислом умматига кўрсатаётган хизматлари учун миннатдорчилик билдирамиз”, дея қўшимча қилди”.
Бу йил Ўзбекистондан ҳаж ибодатини адо этувчилар сони 15 минг нафарга етгани, Ўзбекистондан ҳожилар келиш адади йил сайин муттасил ортиб бораётгани ва келгусида уларнинг адади кўпайишини маълум қилди.
Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқ икки давлат ўртасидаги ривожланган алоқаларга тўхталиб, мамлакати саудияликларга Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкент сингари тарихий шаҳарлардаги сайёҳлик ҳудудларини зиёрат қилиши учун 90 кун муддатга визасиз рухсат бераётгани ва ўз навбатида Ўзбекистондан келган ҳаж ва умра зиёратчиларининг Саудия Aрабистонига кириш визаси жуда осон кечаётганини таъкидлади.
“Аш-Шарқ ал-Авсат” газетаси асосида
Илёсхон домла Аҳмедов тайёрлади