Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонида ноқонуний Ҳаж қилгани учун 300 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди

Уларнинг кўпчилиги зиёрат визаси ўрнига туристик виза билан Ҳажни бажаришга ҳаракат қилган.  

Саудия Арабистони расмийлари Ҳажда қатнашиш учун рўйхатдан ўтмаган 300 мингдан ортиқ одамни ҳибсга олди. 

Sharqpress хабарига кўра, охирги кунларда қўлга олинганлар орасида зиёрат визаси ўрнига туристик визада Ҳаж зиёратига боришга уринган 157 мингга яқин хорижлик бор. 

 

Ҳаж хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Басамий Ҳаж қоидалари ва кўрсатмаларига риоя қилмаган зиёратчиларнинг 140 та гуруҳи ва 64 та транспорт ташкилоти аниқланганини маълум қилди. 

Саудия Арабистони расмийларига кўра, 8 июндан буён мамлакатга рўйхатдан ўтган 1,3 миллиондан ортиқ зиёратчи Ҳажда қатнашиш учун келган. 

Саудия Арабистони расмийлари ҳар йили ноқонуний равишда Ҳаж зиёратини адо этишга уринган шахсларни қўлга олади. Ўтган йили 17 мингдан ортиқ одам рухсатсиз Ҳажга боришга урингани учун ҳибсга олинган эди. 

Аввалроқ мамлакат ҳукумати хориж фуқаролари ва резидентларини 2024 йилги Ҳажда ноқонуний иштирок этганлик учун қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирган эди. Баёнотга кўра, зиёрат қилиш учун рухсатномаси бўлмаган шахслар 2 ойдан 6 ойгача қамоқ жазосига ва 50 минг Саудия риёлигача (13,3 минг доллардан ортиқ) жаримага тортилиши мумкин. 

Шунингдек, қонунбузар хорижликлар депортация қилинади ва мамлакатга кириши 10 йилга тақиқланади. 

Саудия Арабистони қонунчилигига кўра, туристик виза билан зиёрат қилиш мумкин эмас. Зиёрат учун икки хил виза мавжуд - Ҳаж визаси ва Умра визаси. Бу икки хил виза бўлиб, бирини ўрнига бошқасидан фойдаланиш қоидабузарлик ҳисобланади. Шунингдек, ушбу визалар билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш мумкин эмас: Жидда, Макка ва Мадинадан бошқа шаҳарларга кириш чекланади.

kun.uz

Read 479 times

Янгиликлар

Top