Дунё янгиликлари

“Ал-Азҳар” Таиландда динларнинг тинч-тотув яшашга тарғиб этишига бағишланган конференция ўтказади

Дунёдаги машҳур “Ал-Азҳар” ислом университети Таиландда динларнинг тинч-тотув яшашни тарғиб этишига бағишланган конференция ўтказишни режалаштирмоқда. Унга жаҳоннинг йирик диний конфессиялар раҳбарлари таклиф этилади, деб хабар бермоқда, “Arab News” нашри.

Анжумандан кўзланган мақсад – ўзаро бирдамликни мустаҳкамлаш, динлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, тинчлик ва бағрикенглик масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Мазкур халқаро тадбирни мувофиқлаштириш мақсадида “Ал-Азҳар” мажмуаси раиси, доктор Аҳмад ат-Тоййиб Бангкокда Таиланд қироли Маха Важиралонгкорн ва қиролича Сутҳида билан суҳбатда бўлди.

Учрашувда “Ал-Азҳар” университетида таиландлик талабалар сонини ошириш ва мамлакатдаги ислом марказларига университет дастурига мувофиқ дарс ўтишга рухсат бериш бўйича келишувга эришилди, деб ёзади, “Arab News”.

Бундан ташқари, доктор Аҳмад ат-Тоййиб Таиландда араб тилини ўрганиш марказларини очишга тайёрлигини маълум қилди ва Таиланд имомларини “Ал-Азҳар”да малака ошириш учун ўқишга таклиф қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

Read 807 times

Янгиликлар

Top