Дунё янгиликлари

Биласизми, дунёда қанча одам тиббий хизматдан фойдалана олмайди?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, Ер аҳолисининг ярми соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдалана олмайди.

 

Ҳар йили 100 миллион киши шифокорлар хизмат ҳақини ўз чўнтагидан тўлаши оқибатида қашшоқлик тўрига тушиб қолмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботида маълумот берилди.

 

БМТ Янгиликлар марказининг хабарига кўра, ҳозирги вақтда дунё бўйича 800 миллион киши оилавий жамғармасининг камида 10 фоизини ўзи, хаста фарзанди ёки бошқа қариндоши соғлиғини тиклашга сарфлайди. 100 миллионга яқин одамлар учун бу харажатлар шу қадар кўпга тушадики, алал-оқибатда қашшоқлик исканжасида қолади.

 

Бугунги кунда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, ушбу соҳада оқсаётган соҳаларни тубдан яхшилаш мақсадида амалга ошираётган ислоҳотлари замирида инсон манфаатлари турганини юқорида келтирилган халқаро ташкилотнинг статистик маълумотларидан ҳам англаш мумкин.

 

Давлатимиз раҳбарининг касалликни даволаш эмас, уни олдини олиш чораларига асосий эътиборнинг қаратилаётгани, тиббий кўрикдан ўтишнинг нақадар муҳим экани соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан бир неча бор учрашувларида айтиб ўтгани ҳам бежиз эмас.

 

Хорижда меҳнат қилаётган малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган шифохоналарни барча ҳудудларда қуриш Юртбошимиз сиёсатининг асосий қисмидир.

 

Маълумот учун, Жаҳон банки ва ЖССТ ҳисоботида, янги мингйилликда тиббиёт соҳасида қатор ижобий натижалар қўлга киритилгани ҳам эътироф этилмоқда. Эмлаш ва оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлар сони ортмоқда, антиретровирусли муолажага эҳтиёжмандлар тегишли курслардан ўтмоқда. Шунга қарамай, бу жараённинг барча минтақаларда ҳам бирдек ривожланмаётгани ташвишланарли. Айниқса, Саҳрои Кабирнинг жанубидаги Африка мамлакатлари ва Жанубий Осиёда соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3917 times
Tagged under

Янгиликлар

Top