Дунё янгиликлари

Татаристонда ақида мактаби иш бошлади

Татаристоннинг Булғор шаҳрида ақида мактаби бу йилги фаолиятини бошлади. Тантанали очилиш маросими Татаристон мусулмонлар диний идорасида бўлиб ўтди.
Машғулотлар 4 февралга қадар давом этади. Мактабга асосий маърузачи сифатида таниқли илоҳиётчи олим Абу Али Абдуррашид Ал-Ашғари Ал-Ҳанафи таклиф қилинди. У "Ақидату  ат-Таҳовиййа" китоби бўйича маърузалар ўқийди.
Мактаб талабалари машғулотлардан бўш вақтларида Оқ масжидда намоз ўқийдилар. Уларни Булғор табиат қўриқхонаси ва шайх Абдураззоқ ас-Садий билан учрашувлар кутмоқда.
"Татар-информ” ахборот агентлиги хабарига кўра, ақида мактаби машғулотларида 40 нафар киши иштирок этмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатган ва ақида ҳамда фиқҳ бўйича ўтказилган онлайн-тестда энг яхши деб топилганлар орасидан саралаб олинган.
2017 йил Булғорда Қуръон мактаби фаолият бошлаган эди. Мусулмонлар диний идораси ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ойгул Бектемированинг таъкидлашича, ақида мактаби қатнашчиларининг жуғрофий мансублиги бу йил аввалги йилга қараганда анча кенгайган. Хусусан, бу йил нафақат Татаристондан, балки Астрахань, Ижевск, Новосибирск, Челябинск, Бошқирдистон, Пенза ва Москвадан ҳам келган ёшлар таълим олмоқда.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда ҳам ақида мактаби мавжуд бўлиб, у Қашқадарё вилоятидаги Абу Муин ан-Насафий маркази қошида фаолият юритмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Read 3422 times

Янгиликлар

Top