Дунё янгиликлари

Россия Афғонистон бўйича Ўзбекистоннинг ташаббусини қўллаб-қувватлайди

Россия томони Ўзбекистоннинг март ойи охирида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни. Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номи остида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавро Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан учрашув вақтида маълум қилди.

«Бундай форум ўтказиш ташаббуси ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан январь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши махсус йиғилиши вақтида илгари сурилганди. Бугун биз ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдик. Биз Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун мавжуд форматларни, хусусан, Москва формати ва «ШҲТ+Афғонистон» форматини мобиллаштириш зарурлигини қайд этдик», дея Лавровнинг сўзларини келтирган ТАСС агентлигига асосланиб Kun.uz нашри хабар берди.

Россия ТИВ раҳбари «Афғоонистон муаммоси минтақадаги барча давлатлардан ташқари атрофдаги бошқа давлатларни, шунингдек, Россияни ҳам ташвишлантирадиган муаммо» эканига эътибор қаратган.

«Биз бу мамлакатда ИШИД таъсиридаги кучлар ўсиб бораётганидан ташвишдамиз. Бу кучлар айниқса Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида, қайсики, МДҲга аъзо давлатлар билан чегара ҳудудларида тўпланмоқда. У ерларда бизнинг мамлакатларимиз фуқаролари ҳам бўлган лагерлар юзага келмоқда», деган Лавров.

Ўз навбатида Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томони Россиядан ушбу конференция ўтказилишидаги қўлловидан миннатдор эканини маълум қилган.

«26 март куни биз Тошкентда Афғонистон масаласида халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Бу конференция Москва формати, халқаро контакт гуруҳи, Истанбул жараёни, ШҲТ-Афғонистон контакт гуруҳлари ва Афғонистон муаммосига бағишланган бошқа кўплаб гуруҳларнинг мантиқий давомчиси бўлади», деган вазир.

У Россиядан ташқари ушбу маросимга АҚШ, Хитой ва бошқа кўплаб давлатлар таклиф этилганини қўшимча қилган.

Конференцияда Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, БАА, Туркия ва Европанинг бошқа бир қатор давлатларидан (Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия ушбу конференцияда иштирок этиш истагини билдирган), шунингдек, БМТ ва Европа Иттифоқидан вакиллар бўлиши кутилмоқда.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томони Тошкентдаги конференциядан кейин Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида жадал ишлар олиб борилишига ишонч билдиришини қайд этиб ўтган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2462 times

Янгиликлар

Top