Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонида янгиланишлар давом этади: виза тизими соддалаштирилди

Жаҳоннинг энг консерватив мамлакатларидан саналмиш Саудия Арабистони 2018 йилнинг 1 апрелидан хоҳловчиларнинг барига туристик ва бизнес визалар беришга қарор қилди. Шу йўл билан Саудия иқтисодиётни ривожлантирмоқчи ва уни нефтга қарамликдан халос қилмоқчи.

Daily Mail нинг маълум қилишича, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон томонидан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар 2030 йилга келиб мамлакатга сайёҳлар оқимининг йилига 30 млн кишигача етишига олиб келади, 2020 йилгача эса туризм соҳасига инвестициялар $ 54 млрд гача етади.
«Аллоҳ таоло заминимизга нефтдан ҳам қимматлироқ бойликни ато этганини яхши англаймиз, – деди шаҳзода. – Мамлакатимизда икки Муқаддас Масжид ва дунёдаги энг муқаддас қадамжо – Каъбатуллоҳ бор. Ҳар куни дунёдаги миллиардлаб мусулмонлар унга қараб намоз ўқишади».
Туризм ва қадимий обидалар қўмитаси раҳбари Султон ибн Салмон ибн Абдулазиз янги туристик визанинг баҳоси ҳозирча аниқланмаганини, аммо у қиммат бўлмаслигини айтди. Чунки туризмдан келадиган иқтисодий фойда виза нархларидан олинадиган фойдадан анча кўпдир, деди у.
Ҳозир Саудия Арабистони маълум давлатлар фуқароларига виза беради, лекин шунда ҳам қатор талаблар ва чекловлар билан. Масалан, сайёҳ фақат аккредитациядан ўтган ширкат орқали мамлакатга келиши ва белгиланган меҳмонхоналарда туриши керак.


info.islom.uz

Read 3779 times

Янгиликлар

Top