Дунё янгиликлари

“Богор” анжумани бўйича баённома имзоланди

Индонезиянинг Богор шаҳрида  дунёнинг 45 давлати вакиллари иштирокида 1-3 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Исломда васатийлик (мўътадиллик)” мавзусида бўлиб ўтаётган юқори даражадаги халқаро анжуман кеча, 3 май куни ўз ишига якун ясади.

Маълумки, вакилларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ва Диний идора масжидлар бўлими мудири  Раҳимберди домла Раҳмонов ҳам мазкур анжуманда қатнашмоқда.     Анжуманда иштирок этган Ислом уламолари ва мутафаккирлари  халқаро майдонда бўлаётган ҳозирги таҳликали вазиятда  янги ислом цивилизациясини  барпо этиш йўлида очлик, саводсизлик, зулм ва ирқий камситишлар каби салбий ҳаракатларга барҳам бериш, шунингдек минтақавий ва халқаро миқёсда зўравонлик ҳаракатларига қарши кураш олиб бориш масалалари борасида ўзаро фикр алмашишди.  

Уламолар Ислом – меҳр-мурувват, бирдамлик ва тенгликка асосланган тинчлик, раҳмат, адолат ва тараққиёт дини эканини таъкидлашди. Улар Исломнинг мўътадиллиги, бу – унинг асосий кўриниши эканини эътироф этиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан кейинги хулофои рошидинлар даврлари, қолаверса кейинги даврларда ҳам шу ғоя асосида иш юритиб келинганини, шунингдек, мусулмон уламоларининг ўрта уммат цивилизациясини барпо қилиш йўлида келгуси авлод тарбияси ва хавфсизлигини таъминлашдаги масъулияти ва ролининг юқори эканини таъкидлашди ва “Богор” баённомаси қабул қилинди.

Мазкур  баённомага кўра, қуйидагиларга риоя қилиш талаб этилади:

  1. Исломнинг асосий кўрсатмаларидан бўлмиш Исломнинг мўътадиллигини қайта фаоллаштириш қуйидаги 7 та тамойилни ўз ичига олади:
  • Мўътадиллик – тўғри йўлга етишиш мақсадида ўртача ҳолатни олишлик;
  • Адолат – масъулиятга мутаносиб бўлган ҳолда ишга тўғрилик билан ёндашиш;
  • Бағрикенглик – барча дин вакилларини эҳтиром қилиш ва улар билан гўзал муомалада бўлиш;
  • Маслаҳат – фикрларни жамлаган ҳолда бир ечимга эришиш йўлида муаммоларни ҳал этишда ўзаро маслаҳатлашиш;
  • Ислоҳ этиш – умумий салоҳиятга етишиш учун бир ишнинг лойиҳаси ва ислоҳотига киришиш;
  • Намуна – инсон тараққиёти йўлидаги ташаббускорлик ишларида етакчи ва фаол бўлиш;
  • Фуқаролик бурчи – фуқаролик ҳуқуқини эҳтиром қилиш ва миллий давлатчиликни эътироф этиш.
  1. Ислом цивилизацияси тарихидан ибрат ва намуналар олиш орқали шахс ва жамиятда Исломдаги мўътадиллик асосларини ривожлантириш.
  2. Тараққиёт даври ўзгаришларига фаол иштирок этиш орқали қарорларни тўғри қабул қилиш, мусулмонлар ҳаётининг турли жабҳаларида Исломнинг мўътадиллик намуналарини жонлантириш.
  3. Ислом ахлоқи ва қадриятларига асосланган уйғунлик, тенглик, тараққиёт, тинчлик, ҳар томонлама баркамоллик хусусиятларига эга бўлган жамиятни барпо этиш ҳамда Исломнинг оламшумуллигини исломий давлатлар ва жамиятларни мўътадил Исломни мустаҳкамлашга оид ташаббуслар олиб боришга тарғиб қилиш.

 

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

 Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади

 

Read 3164 times

Янгиликлар

Top