Дунё янгиликлари

Қўшни Тожикистонда йирик Ислом институти қурилади

Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон Имом Аъзам Абу Ханифа ибн Собит номидаги Тожикистон ислом институтининг янги биносига тамал тошини қўйди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Янги илм масканида 1,5 минг нафар талаба таҳсил олиши мумкин. Уч гектар майдонни эгаллайдиган бино учун 136 миллион сомон (салкам 15 миллион доллар) ажратилган.

Муассасасининг асосий биноси 5 та етти қаватли блокдан — ўқув корпуслари, бино маъмурияти, ётоқхона, спорт зали, ошхона, кутубхона ва анжуманлар залидан иборат бўлиши айтилган.

Лойиҳанинг тақдимоти вақтида Эмомали Раҳмонга институт ётоқхонаси 1,5 минг кишига мўлжаллангани, ошхонада 490 та ўрин борлиги, анжуманлар залига 550 киши сиғиши ҳақида маълумот берилган.

Тожикистон Ислом институтига мамлакат президенти томонидан 2007 йилнинг 2 ноябрида асос солинган эди. Бунга қадар институт Имом ат-Термизий номи билан аталган. 2008 йилда эса унинг номи Тожикистон президенти фармонига асосан ўзгартирилган. Ҳозирда ушбу институт 1400 нафар талаба таҳсил оладиган Тожикистондаги ягона ислом олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, олий ўқув маскани ҳудудида фавворали дам олиш маскани, усти ёпиқ ўриндиқлар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар ҳам барпо этилиши кўзда тутилган.

Институтга кириш учун абитуриентлар форс-тожик тили ва адабиёти бўйича ёзма имтиҳон ҳамда тестлар топширадилар.

Ўқишга қабул қилишда форс ва араб ёзувини биладиганларга афзаллик берилади. Бироқ “илми Қуръон” бўлимига кирувчилар Қуръони Каримни ёддан билишлари керак бўлади.

Институтда ўқиш 3 босқичдан: бакалавриат, магистратура ва аспирантурадан иборат бўлади. Таълим муассасасида кундузги ва сиртқи ўқиш жорий қилинган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2797 times

Янгиликлар

Top