Дунё янгиликлари

БМТ Бош котиби Мали мусулмонлари билан бирга рўза тутмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Малига сафар қилиб, маҳаллий ҳокимият ва фуқаролик жамияти билан учрашди ҳамда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

"Аzon" нашрининг маълум қилишича, Бош котиб Мали халқи ва маҳаллий етакчилар тинчлик учун курашишга тайёр эканини айтган. “Улар тинчлик ва хавфсизликка интилмоқда, – деди Гутерриш. – Улар жамоалар ва этник ёки диний гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар чиқишини исташмаяпти”.

2013 йилда Мали шимолидаги айирмачилар исёни ва унинг ортидан юз берган давлат тўнтаришидан кейин бу ерга БМТ тинчликпарвар кучлари жўнатилган. БМТ миссияси тинчлик келишувининг бажарилишини кузатмоқда ва аҳолини ҳимоя қилмоқда.

Антониу Гутерриш Малига сафари асносида Мопти шаҳридаги масжиднинг имоми билан учрашди. “Мен бу ерга Мали халқи билан бирдам эканимни кўрсатиш учун келдим”, – деди у.

Бош котиб ҳар йили Рамазон ойида бирор мусулмон мамлакатга боради ва маҳаллий аҳоли билан рўза тутади. Шу орқали мусулмонларга нисбатан ҳурматини кўрсатади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2548 times

Янгиликлар

Top