Дунё янгиликлари

Вакилимиз Ставрополь ўлкасида

Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси меҳнат муҳожирлари орасида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Айни кунларда ҳам ана шундай учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов иштирок этди. Бу ҳақда Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Абдулҳамид Турсунов юртдошларимизни Россия Федерацияси қонунларига риоя қилиш ва ўзларини яхши томондан намоён қилишга чақирди.

– Россияда жуда кўплаб меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг мослашишлари учун айнан шундай суҳбатлар ва учрашувлар ёрдам беради. Туб аҳолининг дини ва одатларини ҳақорат қилмаслик, ўзини тўғри тута олишни ёдга солиш, ўз мамлакатининг муносиб вакили бўлишга чақириқлар – буларнинг бари ҳақида иложи борича кўпроқ гапириб туриш керак. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси ходимлари, шу жумладан, мен ҳам, доимо турли масалаларда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», – дейди Абдулҳамид Турсунов.

Учрашувда аёллар масалаларига катта эътибор қаратилди, ахир аёл – энг аввало оиланинг чароғбони, сарамжон-саришта уй бекаси. Айнан у баркамол авлодни вояга етказишдаги тўғри пойдеворни қўйишга сабабчи бўлади.

Бир овоздан бундай таълим-тарбия ва турли мавзуларга оид чиқишлар, фойдали маърузаларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди. Шу мақсадда ишчи гуруҳи тузилиб, унга “Ставрополь ўлкаси ўзбеклари ва ўзбекистонликларнинг миллий маданият маркази” жамоатчилик ташкилотининг раиси Тимур Каримов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, Пятигорск шаҳар ўзбек диаспорасининг раиси, шунингдек, ўлканинг ҳар бир минтақасидан биттадан вакил киритилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 3056 times

Янгиликлар

Top