Дунё янгиликлари

Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Малайзиянинг етакчи телеканалида намойиш қилинди
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги ишларни ушбу мамлакат жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, Малайзиянинг етакчи давлат телеканаллардан бўлган “TV Alhijrah”нинг тонгги дастурида Ўзбекистон ҳақида лавҳа эфирга узатилди.
 
photo5402157672922458323.jpg
 
Телеканалнинг асосий мақсади Малайзияда ва хорижда ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш ва ривожлантиришдан иборат. Канал томошабинлари 2,5 миллион кишини, онлайн обуначилари эса 10 миллион кишини ташкил қилади. “Ассаламу алайкум” дастури энг машҳур тонгги шоулардан бўлиб, ўртача 1 миллион томошабин кўради.
 
photo5402157672922458324.jpg
 
Лавҳа давомида бошловчи томошабинларни Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Фарғоний, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби ислом дини шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз фаолияти билан таништирди.
 
Якунда телеканал Ўзбекистон элчихонаси томонидан тақдим қилинган мамлакатимизнинг турли минтақалари сайёҳлик салоҳиятига бағишланган “Бухорога хуш келибсиз!”, “Хоразмни кўриш учун келинг” видеороликлари ҳамда ўзбек миллий таомлари лавҳаларини намойиш этди.
 
Ўзбекистон ҳақидаги мазкур репортаж малайзияликларда катта қизиқиш уйғотди. Малайзиянинг ҳатто Манукан ва Сапи, Реданг ва Перхентиан каби энг чекка ороллари аҳолиси ҳам мамлакатимиз тарихи, маданияти, меъморий обидалари ҳақидаги маълумотлардан бохабар бўлди.
 
“TV Alhijrah” раҳбарияти дастур муваффақиятли чиққани ва малайзияликларнинг юртимизга қизиқиши ортиб бораётганини инобатга олиб, юртимизнинг зиёрат туризми объектлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари ҳақида бир қанча дастур ва видеолавҳалар тайёрлашни режалаштирмоқда.
 
Маълумот учун: жорий йилнинг биринчи ярмида Малайзиядан Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими 37,7 фоиз ошган. Шундан фақат июнь ойида 2,6 марта кўпайгани қайд этилган.
 

 

ЎзА
Read 2931 times

Янгиликлар

Top