Дунё янгиликлари

Мақсадимиз – зиёратчилар ҳар сониядан фойда олсин

Уламоларимиз ҳаж амалларини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон икки марта ҳаж қилганнинг савобини олади деганлар. “Ҳаж – 2018” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, зиёратчиларимизга сидқидилдан хизмат қилмоқда.

Зиёратчиларимизнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Мадина шаҳридаги ҳаж ишчи гуруҳи аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар тез-тез йиғилишлар ўтказиб кунлик вазифаларини белгилаб олиб, аниқ режа бўйича фаолият юритмоқда.

Аввало ҳаж сафарини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир онларини мазмунли ўтказиши, бу кунларнинг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан фойда олиб қолиши, бунинг учун эса тинимсиз ибодатлар қилиб зикру тасбеҳлар, дуруду салавотлар айтиши ҳамда шундай бахтга эришишга сабабчи бўлган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчиликларини изҳор қилиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик неъмати бардавом бўлишини тилаб дуолар қилиш даркорлиги сўзланди. 

Шундан сўнг уларнинг меҳмонхонага жойлашиши, хизматлардан фойдаланиши тартиби бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди. Масжиди Набавий, Равзаи муборак фазилатлари ҳақида зиёратчиларга кўпроқ маъруза қилиб тушунтириш ишлари олиб борилишига урғу берилди. Шунингдек, гуруҳ раҳбарларига зиёратчиларни Мадинадаги Уҳуд тоғи, Шаҳидлар майдони, Ислом тарихида дастлабки барпо этилган “Қиблатайн” ва “Қубо” масжидларига зиёратлар уюштириш тартиби тўғрисида тушунчалар берилди.

Мадина шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Жавҳарату ал-Рашид” меҳмонхонасининг умумий ошхонасидан фойдаланиш тартиби, зиёратчиларга яратилган қулайликлар ва бериладиган таомлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Мадинаи мунавварадаги ибордатларни қиёмига етказган гуруҳларни Маккаи мукаррамага жўнатиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Маккага сафар тараддудини кўриш, умра амалларини бажаришга ҳозирлик қилиш юзасидан йўналишлар берилди.

Бундан ташқари, зиёратчиларимизнинг саломатликларини сақлаш, иссиқ иқлимда эҳтиёткор бўлиш ва овқатланиш тартибига амал қилиш бўйича тавсиялар ҳам берилди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3275 times
Tagged under

Янгиликлар

Top