muslim.uz

muslim.uz

Юртимизда қўшалоқ байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда, муҳташам  Самарқанд шаҳри катта анжуманга мезбонлик қилмоқда.

“Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга келган бир қатор хорижлик мартабали меҳмонлар, Ўзбекистонга ташрифи давомида “Ҳазрати Имом” мажмуасини ҳам зиёрат қилмоқдалар.

Хусусан, ISESCO ташкилотининг раҳбари Абдулазиз Усмон ал-Тувайжири ва Қозоғистон Республикасининг Дин ишлари ва фуқаролик жамияти ишлари бўйича вазир ўрибосари Берик Арин жаноблари шулар жумласидандир.

Ҳар иккала меҳмонлар мажмуага ташрифи давомида, бу ердаги қадим бинолар тарихи, уларни шу кунга қадар асраб авайлаб келинаётгани, мажмуада олиб борилган ободонлаштириш ишлари, “Бароқхон”, “Мўйи муборак” мадрасаси, у ерда сақланаётган “Усмон Мусҳафи” ва бошқа қимматли қўлёзмалар ҳақида атрофлича маълумот олдилар.

Шунингдек, мажмуа таркибидаги Тошкент ислом институти, у ерда талабалар учун яратилган шароит, диний ва дунёвий таълим тизимини биргаликда олиб борилиши меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмонлар ташриф сўнгида зиёрат учун миннатдорчилик билдириб, бу маскан уларнинг қалбида бир умр муҳрланиб қолишини таъкидладилар. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

mardi, 29 août 2017 00:00

Мўъжизавий сув

Бутун дунё мусулмонлари учун дунёда Замзам сувидек мўътабар сув йўқ. Узоқ юртлардан ҳаж қилиш учун Арабистон ярим оролига борган мусулмонлар, ўз она Ватанига қайтар экан, ўша Замзам сувидан насиба олиб келади. Узоқ сафардан қайтган мусофирни муштоқлик ила кутиб олган яқинлари учун энг яхши совға ҳам шу бўлади.

Ўзимиз ҳам ҳожиларни табриклаб, дуосини олиш учун уларнинг хонадонларига келганимизда албатта ўша сувдан яхши ниятда бир қултум бўлса ҳам тотиб кўрамиз. Ва ўйлайманки, бундай табаррук сувдан ичишликка интилиш таъмагирликдан мосуво бўлгай.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зам зам суви нима учун ичилса ўшангадур. Агар унинг шифо бўлишини сўраб ичсанг, Аллоҳ сенга шифо берур. Тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени у ила тўйдирур. Чанқоғингни кетказиш учун ичсанг, Аллоҳ сенинг чанқоғингни кетказур”. (Дорақутний Ривояти)

Интернетдан олинган маълумотларга қараганда, узоқ йиллардан бери замзам суви ва кристаллари устида тадқиқот олиб борган ғайримуслим фан олими доктор Кнут Пфайфер қўлига бир миқдор замзам суви тушиб қолади. Мусулмонлар эъзозлайдиган ва бир-бирига ҳадя этадиган бу сув устида тажрибалар ўтказади. Тажрибалар сўнггида кишининг замзам сувини ичгандан 35 дақиқа ўтиб, роҳатланишини исботлайди. Тадқиқотини давом эттириб, ҳайратланарли ҳақиқатга дуч келади.

Замзамнинг уютувчи хоссаси бор эканлигини, бир пиёласи бир челак техник сувни тозалашини, бу хоссасига қарамай энергия ва шифо манбаи эканлигини исботлаган Пфайфер “Сув ҳар қанақа шарт остида ўзгармайди, лекин ўзгартиради” дейди. Немис мутахассиси қуйидагиларни билдиради: “Жуда ажойиб бир тажриба ўтказдим. Бир томчи замзам сувига юз томчи оддий сув аралаштирдим. Натижада кўрдимки, сувнинг ҳаммаси замзамга айланибди. Сўнгра бир томчи замзамга минг томчи оддий сув аралаштирдим. Ва яна бу сувнинг замзамга айланганига гувоҳ бўлдим. Бунинг сабаби нима? Замзамда шундай бир энергия борки, бошқасини ўзгартиради, лекин ўзи ўзгармайди.”

Замзам кристалларини илк бор микроскоп остида тадқиқ этган доктор Ямото сувни турли овоз частоталарида қолдирди. Сувнинг молекуляр (кристал) структурасининг турли частоталарга кўра ўзгаришини кузатган япон мутахассиси черков қўнғироғи овозида замзам кристалларининг қорайишини, Қуръони карим ва азон овозларида эса порлашини аниқлади. Тадқиқотда ҳар бир кристалнинг худди Каъбаи муаззамага ўхшайдиган бир тўқима ташкил қилиши аниқланди. Японияда энг кўп сотилган китоблар қаторидан жой олган Др. Ямотонинг Замзам бўйича ёзилган китобида Замзам физикавий ва кимёвий хоссалари жиҳатидан ер юзидаги барча сувлардан бошқача.

Доктор Ямото “Замзам атрофидаги бутун ўзгаришларни хотирасида сақлай олади. Тузилиши жуда фарқли. Бу уни дунёдаги бошқа элементлардан устун қилади. Мана энди мусулмонларнинг нима учун хасталарини даволашда Қуръони каримдан суралар ўқиб, сувга уфлашларини тушундим” дейди.

Болалигидан бери ҳаётини замзам тадқиқотларига бағишлаган турк насабли Саудиялик муҳандис Яҳё Ҳамза Кочак Каъбанинг томчиларда яширинган ҳайратда қолдирувчи сирини япон мутахассисидан қандай ўрганганини шундай айтади: “12 йил аввал Лос Анжелесда бир конференцияда япон фан одами Др. Масура Ямото билан танишдим. У сувнинг ўзига хос эсда сақлаб қолиш хоссаси, яъни хотираси борлигидан гапирар, бир овоздан бошқасига ўтганида сувнинг қандай ўзгаришини тушунтирарди. Конференция тугагандан кейин у билан гаплашдим. Биз мусулмонлар бир пиёла сувга Қуръони карим ўқиб, уни хастага ичирамиз. Бундан ташқари замзам сувимиз ҳам бор. Қандай ниятда ичилса, фойдасини беради. Шуларни тадқиқ эта оласизми деб сўрадим. Мендан Қуръони каримни ким ўқийди деб сўради. Лос Анжелес ва Токиодаги Ислом марказларидан илтимос қилиши мумкинлигини айтдим. 10 йилдан сўнг менга устида азон ўқилган сув ва кристаллар бўйича тажрибалари ёзилган бир китобни юбориб, ҳайратга солди. Тадқиқотни ўтказган ва бу бўйича мустақил бир китоб ёзган экан.

Сув кристаллари бисмиллоҳ, Қуръони карим ва азон ўқилганида шаклини ўзгартиради. Кристалларнинг кўриниши айнан Ҳарамнинг сунъий йўлдошдан олинган расмидай. Замзам кристали дунёдаги сув кристалларининг барчасидан фарқли. Баъзи фан одамлари бунинг сабабини ҳалиям тушуна олмаяпти.”

 

Абдуллоҳ Парпиев,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Шарқий Лондондаги масжидлардан бирида, оғирлиги 153 килограмм бўлган учбурчак шаклидаги пишириқ тайёрланди. Ажабланарлиси, ушбу пишириқ Гиннес рекордлари китобига киритилди.

Кўнгиллилар “Muslim Aid” ислом хайрия ташкилоти ходимлари билан биргаликда ҳиндларнинг миллий пишириғи бўлган самосани тайёрладилар. Самоса тайёр бўлгач, масжид яқинида яшовчи муҳтожларга улашилди.



Бу каби хайрия акциясини уюштиришдан кўзланган мақсад, мусулмонларнинг бағрикенглиги, доимо муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини кўрсатишдир

Халқаро алоқалар бўлими

mardi, 29 août 2017 00:00

Орзулар рўёби

Инсон табиатнинг гултожи сифатида ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У қалбида ўзини ҳамиша эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кишилик тарихи турли даврларда ер шарининг турли минтақаларида озодлик учун курашнинг шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳодисаларини кўп кўрган.

Мустақиллик дунёқарашларимизни тубдан ўзгартириб, фикримиз, тафаккуримизни бойитмоқда. Воқеалар ривожини бутун моҳияти билан англашни, дунёга кенгроқ ва зийракроқ назар билан қарашни ўргатмоқда. Зотан, истиқлолнинг буюк моҳияти, беқиёс қадр-қиммати ҳам ана шунда.

Истиқлол йилларида диний соҳада ҳам катта ислоҳотлар қилинди. Дин эркинлиги, Виждон эркинлиги қонуний кафолатланди, диний нашрлар жорий қилинди, истибдод даврида ўз калимасини баландроқ айтишга чўчиб қолган халқимиз Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ,  ақидадан  таълим олиб, ўз тилимизда ўқий бошладик.

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларга кенг эътибор берилди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очилди.

Аллоҳ таоло назар солиб турган бу жаннатмонанд диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг корига яраш, ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, деб энг, аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишини сўраб, дуо қилиши зарурлиги тўғрисида кўрсатма берганлар. 

Айнан шу мазмунда Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб aзиз жoнлaрини фидо  қилган қанчадан-қанча  аждодларимиз ўтиб  кетдилар. Бугун  дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар ҳам кўп.  Бизлар тинч ва осойишта диёримизда ҳукм сураётган тинчлик неъматининг қадрига етиб, унинг янада мустаҳкам бўлишига ҳиссамизни қўшиб яшашимиз зарур.

Азалдан яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик каби қарама-қарши кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва террорчиликдир. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХI асрга келиб, ўзининг манфур қиёфасини яққол намоён эта бошлади.

Аллоҳнинг бизга бераётган тинчлик неъмати ва бошқа  неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак.  Бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзанларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, чин инсонлик ҳаққи фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ, 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

 

mardi, 29 août 2017 00:00

“Уй муборак”

Бир йили Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳажга бориб келиш каминага ҳам насиб этди. Ҳаж сафари чоғида дўст-биродарлар орттирдим. Биз билан Илҳомжон деган ўрта ёшлардаги киши ҳам бирга ҳожи бўлиб қайтди. Бир марта у бизларни янги қуриб кўтарган уйига  таклиф  килди. Жума намозида кўришиб, уч-тўрт ҳожини машинасига  миндириб ўзи яшайдиган маҳаллага олиб жўнади.

Қўшқават қилиб  солинган  ҳашаматли  иморат олдига бориб машинадан тушганимизда, тўғриси, ҳаммамиз анграйиб қолдик. Чунки бундай ҳашаматли иморатни бирортамиз кўрмаган эдик. Бирин-кетин остона ҳатладик. Илҳомжон бизни иккинчи қаватга бошлади. Иккинчи қават ҳам ҳайҳотдай кенг бўлиб, ўртада дастурхон безатилган.

Дастурхон атрофида жойлашиб олгандан кейин ёши улуғроғимиз, уй эгасининг касб-корига,  умрига,   ризқига барокат тилаб дуо қилди. Мезбон  хизматга киришиб, турли  таомларни олдинма-кетин узата бошлади. Ҳожиларнинг   суҳбатлари  қизиди.  Сукут  сақлаб турган  асли китоблик  бир  ҳожи  хўрсиниб: “Эй  биродарлар,  одамзод  яхши  емай,  яхши  киймай,  кеча-кундуз оромини йўқотиб,  қанча  машаққатлар эвазига мана бундай иморатларни қуради, бу ҳазилакам иш эмас, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин  бу  кошонада қанча яшашларини  билмайдилар-да”, деб турганида  мезбон  чой кўтариб кириб қолди. Шунда  ҳожи бирданига қутловини бошлаб юбориб: ”Эй дўстим, бу  “временка” лар қутлуғ  бўлсин, илоҳим, роҳатини кўринг, асло кам бўлманг”, дея дуо қилиб қолса бўладими. Қолганлар ҳам қўл кўтарган ҳолида таққа тўхтади. Бир-бирларига қараб уй эгасининг авзойини кузата бошлади. Бундай дуони кутмаган уй эгаси олдинига нима дейишини билмасдан бир оз жим бўлиб қолди. Бироқ гап нимага ишора қилинганини тушуниб олмасдан нотўғри эшитмадимми, дегандек, ҳожининг сўзига тузатиш киритмоқчи бўлди: ”Тақсир, бу  уйлар “временка”  эмас, ҳақиқий иморат, пишиқ ғиштдан кўтарилган, ҳамма ишлатилган нарсалар тозаси, ҳов анави ерда учта   ҳужралар “временка” эди, вақтида отамиз қурган, ўшаларни бузиб ҳозирги иморатни кўтардим, деб  тушунтира  кетди. Сал орага нохушлик оралагандай бўлди.

Таомдан сўнг  чой  устида суҳбат  давом  этди. Бироқ уй эгасининг авзойидан хафа бўлгани сезилиб турарди. Чунки унинг неча йиллаб қилган меҳнати ва сарф-харажатини оддий “временка” қадрича олмагани аламини келтириб турарди.

Буни англаган китоблик   ҳожи уй эгасини ноқулай ҳолатдан чиқариш мақсадида унга қарата: “Биродар, сиз гапимдан ранжиманг, пастдаги  ҳужраларни   “временка”  деяпсиз,  гапингизга қўшиламан, тўғри,  менимча,   бу  иморатларнинг  хаммаси “временка”,  яъни  вақтинчалик  иморатлар-ку. Нима фарқи бор, ҳаммаси бошпана бўлишдан бошқасига ярамайди.  Мен шуни назарда тутиб гапирган эдим. Одамзодга  қисқа  умр берилган, тез  фурсатда шамолдек ўтиб кетади. Ҳақиқий  иморат деб ота-боболаримиз   ётган  жойдан ато этадиган  икки   қулоч  ерга  айтилади...    Илми  ва  амали  яхшиларга,  халқи ва Ватани  учун  беминнат  хизмат қилганларга, етим-есир, бева бечораларни  ардоқлаганларга,  Аллоҳ таоло ёқутдан  кўшк,  яъни  янги  иморат  тайёрлаб  қўяр  экан...” деди.

Азамат НАМОЗОВ,

меҳнат фахрийси

Page 79 sur 264

Янгиликлар

Top