muslim.uz

muslim.uz

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида жойлашган “Аҳмадали бобо” масжиди 1990–1991 йиллар ҳашар йўли билан қурилган эди. Ушбу масжид бунёд этилишида зиёли инсон Аҳмадали бобо ўзининг ташаббускорлиги, беминнат хизматлари ва фаол меҳнати билан халқ орасида ҳурмат қозонгани сабали масжидга у кишининг номи берилган. Қолаверса, Тошали Пирматов бобо ушбу масжиднинг биринчи имоми ҳам ҳисобланади.

2012 йилда Қувасой шаҳар ҳокимининг қарорига асосан масжид тўлиқ қайтадан қурилди. Натижада ушбу маскан намозхонлар учун етарли шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган маърифат масканига айланди.

Шунингдек, масжидда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилган, бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилган.

Ҳозирда, масжидда Бухоро шаҳридаги “Мир-Араб” ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаган Аслиддин Абдумажидов имом-хатиблик вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

 

 ЎМИ Масжидлар бўлими

Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу)нинг тўлиқ исми – Башир ибн Абдулмунзир ибн Занбар ибн Зайд ибн Умайя ибн Зайд ибн Молик ибн Авф ибн Амр ибн Авф ибн Молик ибн Авс бўлиб, Лубоба эса қизларининг исми бўлиб, шу исм билан куняланганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бадр куни “Руҳо” деган жойга тушганларида Абу Лубобани Мадинага ҳоким қилиб қайтарганлар. Шу боис, у Бадрда қатнашмаган бўлсада, Бадрда иштирок этганлар қаторида Бадрий ҳисобланади. Табук кунидан бошқа барча маъракаларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этган.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир нечта ҳадис ривоят қилганлар. Али (карромаллоҳу важҳаҳу) даврларида вафот этганлар.

Абу Лубоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эътиборларига тушган, жаннат башоратини қўлга киритган бахтли саҳобийлардан.

Баъзан инсон хато ва камчиликка йўл қўяди. Чин дилдан пушаймон бўлиб, тавба қилса, албатта, бандаларига меҳрибон бўлган Аллоҳ кечиради ва тавбасини қабул қилади, деб умид қилинади. Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Табук ғазотига бормай ортда қоладилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жўнаб кетганларидан  сўнг ажраб қолганларига афсус-надомат чекиб, “Мен соя-салқинда ўтирсаму Аллоҳнинг Расули урушда қийналиб юрадиларми? Йўқ! Аллоҳ номига қасамки, ўзимни устунга боғлаб қўяман. Токи Аллоҳнинг пайғамбари ўзлари кечириб, ечмагунларича ўзимни ечмайман”, дейдилар. Сўнгра ўзларини боғлатиб қўяди. Аёллари ёки қизлари намоз вақти бўлганида келиб ечиб қўйишар, сўнгра яна боғлаб қўйишарди. Шу алфозда бир неча кунлар ўтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) урушдан қайтиб келиб, масжиддан ўтдилар. Абу Лубобани кўриб қолиб, у ҳақида сўрадилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “У Сиз билан бормай, ортда қолган. Афсус қилиб ўзини ўзи боғлаб ҳеч нарса емай, ичмай токи, Сиз уни кечириб, ечмагунингизча, ўзини ечмасликка қасам ичган”, дейилди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга то у ҳақида амр бўлмагунча ечмайман. Аллоҳ таоло уни афв этмагунча кечирмайман”, дедилар. Шунда куйидаги оят нозил бўлди:“Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар. Яхши ишни бошқаси – ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Тавба,102).

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўша пайт Умми Салама онамизнинг хужрасида эдилар. Пайғамбаримиз табассум қилдилар. Умму Салама онамиз сабабини сўраганларида Аллоҳ Абу Лубобани тавбасини қабул қилганлиги тўғрисидаги оятни ўқиб бердилар. Умми Салама онамиз: “Хушхабарни етказайми?”, деб сўрадилар. У Зот: “Майли” дедилар. Чиқиб Абу Лубобага сен тўғрингда оят нозил бўлди, Аллоҳ тавбангни қабул қилибди, десалар, у: “Токи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз қўллари билан ечмагунларича ечмайман”, дедилар. Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримизга хабарни етказганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиқиб Абу Лубобани қўл-оёқларини ечиб қўйдилар. Камчиликларини кечириб, афв қилдилар”.

Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу ривоят қилинган тавбалари, Аллоҳ таоло у Зотнинг тавбалари ҳақида алоҳида оят нозил қилгани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу бўлган воқеаларда бевосита Ўзлари қатнашганлари сабабидан Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидлари бўлмиш “Масжидунн-набавий”нинг устунларини бирига у кишининг номлари берилган.

Султон Абдулмажид Усмоний “Масжидунн-набавий”нинг қайта таъмирлаган пайтда масжиднинг жанубий қисмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замоналарида хурмо шоҳларидан ташкил топган устунларни ўрнини аниқлаб, масжидда саккиз дона устун бўлгани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замоналарида ҳар бирини ўзига хос воқеа ва ҳодисага эга бўлганидан  ҳар бир устун жойига ўрнатилган. (Али Ҳофизнинг “Мадинаи Мунаввара тарихидан лавҳалар” асари, 69 – 71-бет). Куйида ана шу устунларнинг номларини келтириб ўтамиз:

  1. “Мухаллақа” устуни: Бу устун “мутоййиба”, “муъаттора” ва “ъалам ал-мусолли” деб машҳур бўлган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу жойда нафл намоз ўқиганлар. Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу) ана шу жойда кўпроқ намоз ўқишга ҳаракат қилар эдилар. Сабабини сўралганида: “Мен Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шу жойда кўп нафл намоз ўқиганларини кўрганман”, деган экан (Имом Бухорий ривояти). Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ): “Нафл намоз ўқиш учун энг афзал жой Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўқиган жойдир. У “муҳаллақа устуни” ўрнашган жой”, деган экан.
  2. “Саййида Ойша” (розияллоҳу анҳо) устуни: У минбардан ва муборак қабр томондан эътибор қилинса учинчи устун ҳисобланади. Бу устун “қуръа” , “муҳожирлар” деб ҳам номланган. Муҳожирлар кўпроқ мана шу устун ёнида йиғилишар эканлар.
  3. “Тавба” устуни: У минбардан санаганда тўртинчи, муборак қабрдан ҳисобланса иккинчи, қибла томондан қараганда учинчи устундир. Мана шу устун “Абу Лубоба” устини деб машҳур бўлган.
  4. “Сарир” устуни: Тавба устунининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, равзаи муборак панжарасига ёпишган. Аниқроқ қилиб айтганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикоф ўтирадиган жойларидир. Ўша пайтда хурмо ёғочларидан супа бўлиб, чойшаб билан ўралган ва ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошлар эдилар. Бу устун ўша супанинг ўрнига ўрнатилган.
  5. “Ҳирс” устуни: Сарир устунининг шимолий томонида жойлашган. Уни рўпарасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраларидан чиққанларида тешик йўлакча бўлиб, ўша жойдан равзаи муборакка намоз ўқишга чиқар эдилар. Бу устунни “Али” устуни ҳам деб юритилган. Чунки, Али Расулуллоҳнинг қўриқлаб шу жойда ўтирар эдилар. Шунинг учун “ҳирс” соқчилар устуни деб номланган.
  6. “Вуфуд” устуни: Шимолий томондан ҳирс устунинг орқа тафарида жойлашган устун номи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам араблардан элчилар келадиган бўлса, шу жойда ўтириб, кутиб олар эдилар. Яна, бу жой “Марварид мажлиси” деб ҳам машҳур бўлган. Зеро, бу жойда саҳобалар ўзаро йиғилишиб маслаҳатлар қилиб ўтирадиган жой бўлган.
  7. “Марбаъатул-қабр” устуни: “Мақоми Жаброил” деб ҳам номланади. Уни ғарбий юзасидан шимол томонга бурилганда вуфуд устуни билан “Ҳужраи саодат”ни четида жойлашган.
  8. ”Таҳажжуд” устуни: Шимол томондан Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларини орқаси томонида ўрнатилган бўлиб, ўша жойда меҳроб жойлашган. Агар намоз ўқувчи киши меҳробга юзланса, Усмон розияллоҳу анҳунинг эшиги (бу эшик “Жаброил” эшиги, деб ҳам машҳур бўлган) нисбатан чап томонда қолади.

Жалолиддин Ҳамроқулов,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Биринчи Президентимиз И.Каримов таъбири билан айтганда ,“Сайлов – давлатнинг, халқнинг қиёфаси, сиёсий хоҳиш-иродасини намоён этадиган умуммиллий тадбир”.

Хусусан, Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.

Юридик адабиётларда қайд этилишича, демократиянинг асосий шаклларидан бири бу – давлат ва жамият ҳаётининг муҳим муаммоларининг умумхалқ муҳокамасида ўз ечимини топиши – референдум ҳисобланади. Референдум атамаси лотин тилидаги “Referendum” сўзидан олинган бўлиб, “хабар берилиши лозим бўлган”, деган маънони англатади. Унинг ҳозирги моҳияти фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этишини билдиради.

Референдумнинг сайловларда овоз беришдан фарқи шундаки, у бирон-бир шахс мандатига юридик куч бермай, балки муайян масалани ҳал қилишга қаратилади. Конституция ва қонунларда белгиланган қоидалар асосида референдум орқали қабул қилинган қарор халқ иродаси ҳисобланади ва унинг юридик аҳамияти, одатда, парламент томонидан қабул қилинган қонун ва қарорлардан устун бўлади.

Сайловчиларнинг овоз беришини баъзан плебисцит деб ҳам аталади (лотинча plebiscitium – халқ қарори). Ҳуқуқий жиҳатдан референдум ва плебисцит ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, улар тўлиқ синонимлардир. Бироқ стилистик фарқ мавжуд бўлиб, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларига доир референдум қоида тариқасида плебисцит деб аталади.

Давлатмизнинг биринчи президенти Ислом Кармов ўзининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобида сайлов ҳақида яна шундай фикрларни келтиради. “Шуни таъкидлашимиз керакки, сайлов, эркин, демократик сайлов принциплари биз учун фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳоҳиш иродасини ифодалашнинг энг ишончли ва самарали усули бўлиб қолади ва биз унинг тамойилларига ҳамиша содиқмиз”.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда сайлов ва референдум ўтказишнинг ҳуқуқий асослари тўлиқ яратилган.

Асосий қонунимиз, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонун (Янги таҳрири), "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги Қонун, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонун (Янги таҳрири), "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонун, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида" Қонун (Янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунни (Янги таҳрири) мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган сайлов ва референдум ўтказишнинг ҳуқуқий асослари сифатида хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши мустаҳкамланган.

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 май куни қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги ва бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу қонунга мувофиқ сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади.

Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратадилар.

Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди.

 Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Ўзбекистон фуқаролари сайловлар орқали ўз хоҳиш-иродаларини амалга ошириб, ўзлари сайлаган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини бошқаришда иштирок этадилар.

... “бўлиб ўтадиган Президент сайловининг демократик давлатларда қабул қилинган, эътироф этилган тизим бўйича, яъни муқобиллик асосида, холислик, ҳаққонийлик тамойилларига итоат қилган ҳолда ўтказилишига қараб, халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий савиясига, жамиятимизнинг демократик тараққиёт йўлидаги ривожига, Ўзбекистонимизниннг обрў-эътибори ва нуфузига баҳо берилади. Буни хеч хаёлимиздан, хотирамиздан чиқармаслигимиз зарур” ( И.Каримовнинг ўша асари 99-бети).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, халқимиз мустақиллик йилларида бир неча сиёсий тадбирларни аҳил-иноқликда амалга ошириб келди.

Элимиз кун тартибида турган навбатдаги Президентлик сайловини ҳам уюшқоқлик билан ўтказиб, бутун дунёга Ўзбек халқи нафақат маънавий етуклиги, балки ҳуқуқий онги ва маданияти ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаши шубҳасиздир.

 

Икромжон Мардонов,
Ўзбекистон мусулмонлари
идорасининг ҳуқуқшуноси

 

vendredi, 02 décembre 2016 00:00

Йўл ҳақини адо этинглар!

Одамзот бошида турли  синовлар бўлгани боис, ҳаётда оқилона йўл тутиш, мана шу йўлни миллий-диний қадриятларимиз асосида безамоғи мақсадга мувофиқдир. Олиму фузалоларимиз одоб борасида жилд-жилд китоблар ёзишган. Ҳар бир нарсанинг одоби, ҳар бир ишнинг ҳикмати бор.

Таъзия маросимлари ҳақида, мусибат етган хонадон эгаларига таъзия билдириш одоблари ҳақида жуда кўп айтиб ўтилган.  Ҳозирги вақтга келиб, таъзия маросимларидаги бидъат-хурофотларнинг аксари барҳам топган бўлса-да, ҳали-ҳануз  баъзи одатлар бор-ки, бу одатлар тўғрисида мушоҳада қилишни лозим деб топдик.

Бир инсон қазо қилар экан, унинг атрофидаги яқинлари марҳумнинг ҳақига иложи борича кўпроқ савоб қилиш ниятида юришади. Аммо айнан қайси амаллар яқинларимиз учун кўпроқ савоб бўлишини  билмай қолишади.

Таъзия бўлган хонадон эркаклари ҳовли бўлса, дарвоза олдида,  кўп қаватли уйлар бўлса, уй олдида қатор бўлиб ўтириб олишади. Кимдир қўл телефонини ўйнайди. Кимдир ҳазил-мутойиба қилиб ўтиради. Уч кун таъзияда эркаклар ҳовли бўлса, йўлакларига жой қилиб ўтиришлари мумкин, албатта катта кўчага, одамлар ўтиб-кетиб турадиган жойга эмас. Энди ишга шошиб турганлар бўлса, ўзи бир марта таъзия билдирган бўлса, кўчада ўтирганлар олдидан ўтиб кета олмай, яна таъзия билдириб ўтишга мажбур бўлади. Эрталаб ишга, ўқишга, боласини олиб боғча, мактабга кетаётган аёлларга, ўзи таъзия маросимида бўлса ҳам,  қараб ўтирганлар бор. Ҳар бир нарсанинг, ҳатто йўлда ўтиришнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Таъзияда турганлар ва келганлар ўлимни ўйлаб, ичларида зикр айтиб туришлари керак.

Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз”, дейишди. “Агар ўтирсангиз йўлнинг ҳақини адо қилинг”, дедилар. “Йўлнинг ҳақи нима, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. “Кўзни тийиш, озор бермаслик, амри маъруф ва наҳйи мункар”, дедилар”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Энди аёлларга келсак, улар ҳам ҳовлида тизилишиб туришади. Келганлар билан йиғлашиб кўришади. Бир хонадонга  таъзия билдиргани бордик. Холаси қаттиқ йиғлаяпти. Бунча ўзингизни қийнаманг, десак, обрў олиб беряпман, дейди.  Ҳар бир амалимизнинг асосини риё эгалламасин. Ичкари хонага кириб Қуръон ўқилса, амри-маъруф қилинса, бел бойлаганлар киришмайди. Келганларни кутишади, бошқа вақт лағв гап, ҳатто ғийбат ҳам аралашиб кетади. Бекорчи гапларни гапирмасдан  Аллоҳнинг зикридан, тасбеҳ ёки салавотларни қайтариб туришса, ўзлари, ўтган яқинларининг охирати учун савоб бўларми-ди?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир қавм мажлисда ўтириб, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмасалар, албатта, бу улар учун ҳасрат бўлур. Киши йўлда юриб, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмаса, албатта, бу унинг ҳасрати бўлур”, дедилар  (Имом Байҳақий ривояти).

Қилаётган амалларимизнинг ўтган яқинларимизга, ўзимизга савоби етишини истасак, чин ихлос билан динимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз даркор, бундай амалларга риё, манманлик, кимўзарлик каби иллатлар аралашмаслиги керак.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Абу Барза Асламий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.

Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Абу Ҳумайд Саъидий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Саҳобалар Ё, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ала али Иброҳима  ва барик ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама барокта ала али Иброҳима иннака ҳамидум-мажид”, деб айтдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нима нарса сўралмасин, «Йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Янгиликлар

Top