www.muslimuz

www.muslimuz

Олдин хабар берганимиздек, бугун, 10 апрель куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Диний идора ишбошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, Самарқанд вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Пахтачи тумани ҳокими М.Ҳамдамов ва масжид жамоати иштирок этди. Меҳмонлар аввал масжид янги биноси билан танишди.

Тадбир анъанага кўра Қурони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Муфтий ҳазратлари йиғилганларни янги жоме ва келаётган Рамазон ойи билан муборакбод этдилар. Ватанимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилинаётган хайрли ишлар ҳақида тўхталиб, тинчлик ва саломатлик неъматининг қадрига етиш кераклиги, соғлиқни сақлаш ходимларининг кўрсатмаларига амал қилиш кераклигини таъкидладилар. Масжиднинг бунёд этилишига бош-қош бўлган мутасадди вакиллар, масжид ҳодимлари, саховатпеша инсонлар, барча ҳиссадорларга ташаккур айтиб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

Шундан сўнг масжиднинг янги биносида йиғилган мўмин-мусулмонлар жамоат бўлиб пешин намозини адо этдилар.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни барчага муборакбод айлаб, қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этсин!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича

ҚАРОРИ

 

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги ЗАКОТ нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, ФИТР садақасининг миқдори:

  • буғдойдан 2 кг 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан 4 кг 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
  • майиздан 2 кг 80 000 (саксон минг) сўм;
  • хурмодан 4 кг 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бу ўртача 25 000 (йигирма беш минг) сўмга тўғри келганидан, бу йилги ФИДЯ миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

 

Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

 

 

Масжиди Набавийнинг ислоҳ қилиниши

Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари-ни кенгайтириб ислоҳ қилдилар.

Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган, унинг шифти хурмо шохларидан, устунлари эса хурмо ёғочидан эди.

Абу Бакр унга ҳеч нарсани қўшмади. Умар унга қўшимча қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асос устига қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди.

Сўнг Усмон уни ўзгартирди. Кўпгина қўшимчалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қурди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини саж ёғочидан қилди».

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларининг у зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача ифода қилиб бермоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида:

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.

Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб, ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжиднинг ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида у ана шундай содда ва кичик эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида

Масжиди Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди, чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнг вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам Ридда урушларига сарф бўлди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсаларнинг ҳеч бирини ўзгартиришни хохдамас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжиди Набавийга ўзгартириш қилишга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу даврларида

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн ярим йил халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид таъмирга муҳтож бўлиб қолди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айнан аввалги қурилиш ашёлари, яъни хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан фойдаланиб, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига алоҳида эътибор бердилар.

Масжиди Набавийни кенгайтириш ишлари давомида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳунинг ўрталарида асрлар давомида барчага ўрнак бўладиган ҳодиса жараён этган. Бу асли инсоният тажрибасида ҳукумат билан фуқаролар ўртасида тез-тез содир бўлиб турадиган ҳодисадир. Буни Ислом жамияти, унинг забардаст бошлиғи қандай муолажа қилганини ўша ҳодисанинг гувоҳлари тилидан эшитайлик.

Абдурраззоқ Зайд ибн Асламдан ривоят қилади:

«Мадина масжидининг ёнида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси бор эди. Умар розияллоҳу анҳу унга: «Уни менга сот», деди.

Умар уни масжидга қўшмоқчи эди. У уни сотишдан бош тортди. Умар унга: «Бўлмаса, уни менга ҳадя қил», деди. У бош тортди.

Сўнг Умар: «Бўлмаса, масжидни кенгайтириш учун уни ўзинг қўш», деди. У яна бош тортди. Шунда Умар унга: «Сен, булардан бирини танлашинг керак», деди. У бундан ҳам бош тортди. Умар: Мен билан ўзингнинг ўртамизга бир одам танла», деди. У Убай ибн Каъб розияллоҳу ан-ҳуни танлади. Хусуматлашиб унинг олдига боришди. Убай Умарга: «Менимча, уни рози қилмасдан ҳовлисидан чиқара олмайсан», деди. Умар унга: «Айтчи, сенинг бу ҳукминг Аллоҳнинг Китобида борми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида?!» деди. Убай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида», деди. Умар: «У нимадан иборат?» деди. Убай эса: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сулаймон ибн Довуд алайҳимоссалом Байтул мақдисни бино қилганида қайси деворни қурса, ўша йиқилиб тушаверди. Аллоҳ унга: «Бировнинг ҳаққига уни рози қилмагунингча бино қурма», деб ваҳий қилди», деганларини эшитганман», деди.

Шундан сўнг Умар ўша ерни тарк қилди. Ўшандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу уни масжидни кенгайтиришга қўшди».

Дунёдаги икки Ҳарами шарифнинг бирини кенгайтирмоқчи бўлган, дунёни ларзага солиб турган раҳбарнинг ўзининг оддий бир қозиси чиқарган ҳукмига биноан, ўзининг оддий бир фуқароси хоҳишига қарши чиқа олмаганига нима дейсиз?

Агар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳунинг эмас, Умар розияллоҳу анҳунинг фойдасига ҳукм чиқарганларида ҳам, бу қисса дунёга ўрнак бўлишга арзиб, яна ортиб ҳам қолар эди. Энг муқаддас икки масжиднинг бирини кенгайтириш масаласида ўз фуқароси билан маҳкамалашиб юрган раҳбарни дунё кўз очиб кўрганми ўзи?!

Қозининг жамият режасига, халифага қарши ҳукм чиқариши эса мўъжизанинг қолгани ҳисобланади.

Маҳкамада раҳбарни ютиб туриб, кейин ўз хоҳишига қарши иш тутган Аббос розияллоҳу анҳунинг қилган иши ҳам қойил қоладиган ишдир.

Агар Аббос розияллоҳу анҳу: «Хўп бўлади, эй амирул мўъминин», десалар ҳам тарихга кириб қолар эдилар. Аммо у кишини раҳбарга қарши чиқишга шижоатлантирган нарса амалдаги Ислом адолатидир. Ана шу илоҳий мутлақ адолатга оғишмай амал қиладиган зот - Умари одилнинг борлигидир.

Абу Яъло Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар масжидни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг масжидларини ҳар жума куни хушбўй қилар эди».

Шўро (кенгаш) мажлиси

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақат фатҳ ишлари билангина машғул бўлиб бошқа ишларга қўллари тегмай қолгани йўқ. Балки у киши раҳбар сифатида ҳамма ишларни қойиллатиб бажармоқца эдилар. Ҳар бир соҳада ишлар ниҳоятда илдам суръатда кетмоқда эди.

Ҳазрати Умар жамият ишларини бошқаришда халқчилликни йўлга қўйган эдилар. Аллоҳ таолонинг мўминлар васфида айтган «уларнинг иши ўзаро шўро билан бўлур» ояти каримасига амал қилиб, ўзига хос парламент – шўро мажлиси тузган эдилар. Бу мажлисга аъзо бўлувчи киши маълум талабларга жавоб бериши лозим эди. Энг бош талаб – билимли бўлиш.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Бу баъзиларга ёқмасди. Улар: «Нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дейишди. У эса: «У ўзингиз билган одам!» деди. Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини сезиб турардим.

Кейин Умар: «Аллоҳ таолонинг «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» деган оятига нима дейсизлар?» деди.

Улардан баъзилар: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, «Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик» деймиз», дедилар.

Баъзилар эса сукут сақлаб, бирор нарса демадилар. Шунда у менга: «Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди. Мен: «Йўқ», дедим. У: «Нима дейсан?» деди. Мен: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир. «Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим.

Шунда Умар: «Аллохга қасамки, мен ҳам бу борада сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди».

У киши тузган шўро мажлиси жамиятнинг деярли ҳар бир соҳадаги ишларини эркин баҳслашув орқали ҳал қилар эди.

Девоннинг ташкил қилиниши

Имом Табарийнинг айтишича, ҳижрий ўн бешинчи йили тинч ҳаёт жабҳасида ҳам кўплаб фатҳлар бўлган эди. Улардан бири ҳазрати Умар томонларидан девоннинг ташкил қилиниши бўлди.

Ибн Саъд ва Байҳақийлар қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг олдидан саккиз юз минг дирҳам (кумуш танга) олиб келдим.

У: «Нима олиб келдинг?» деди.

Мен: «Саккиз юз минг дирҳам олиб келдим», дедим.

У: «Ҳалолми, шўринг қурғур?» деди.

Мен: «Ҳа», дедим.

Умар кечаси билан ухламай чиқди. Бомдод намозига азон айтилганида, хотини унга: «Бу кеча ухламадингиз?!» деди.

«Умар ибн Хаттоб қандай қилиб ухласин! Мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келган бўлса! Агар Умар ўша молни ўз жойига ҳақ ила қўймасдан ўлиб қолса, мўмин бўлмас!» деди Умар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари бомдоддан сўнг унинг ҳузурида тўпландилар. Умар уларга: «Бу кеча мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келди. Менда бир фикр туғилди. Мен уни одамларга ўлчов ила бўлиб бермоқчиман. Қани, сизлар нима дейсизлар?» деди.

Улар: «Эй мўминлар амири, ундай қилманг! Одамлар Исломга кириб турибди. Бойлик ҳам кўпаяди. Уларга ёзиб (рўйхат ила) беринг. Одамлар қанча кўпайса, бойлик ҳам кўпаяди ва унга (рўйхатга) қараб бераверасиз», дейишди.

«Менга маслаҳат беринглар, кимдан бошлаб берай?» дедиУмар.

Уларнинг баъзилари: «Узингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», дейишди.

Бошқалари: «Мўминлар амирининг ўзи билади», дедилар.

«Йўқ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлайман! Кейин уларга яқини. Кейин уларга яқини», деди у.

Умар Бану Ҳошимга, Бану Мутталибга – ҳаммага берди. Кейин Бану Абдушшамс ибн Абдуманофга, кейин Бану Навфал ибн Абдуманофга берди. У Ҳошимнинг она бир укаси бўлгани учун Бану Абдушшамсдан бошлади».

Уша вақтда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Баҳрайнда амир эдилар. У киши мазкур бойликни Байтулмолдан марказий ҳукуматга ўз ёрдамчилари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали юборган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бойликни мусулмонларга тезроқ ва адолатлироқ қилиб тарқатиш ташвишига тушдилар. Кечаси билан тўлғаниб, ухламай чиқишлари ҳам шундан эди.

У киши халқчиллик сиёсатига содиқ қолиб, бу ишни ҳам шўро мажлисига қўйдилар. Шўро мол тақсимлаш услуби бўйича раҳбарнинг таклифига қарши чиқиб, мол тақсимлашнинг ўша пайт учун такоммиллашган услубини ишлаб чиқди.

Мол тақсимлашни кимдан бошлаш масаласида эса раҳбарнинг таклифи маъқул деб топилдн.

Ибн Саъд ва Табарийлар Асламдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«(Ҳазрати Умарнинг уруғи) Бану Адий Умарнинг олди-га келиб: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси!» деб гап бошлаган эдилар, у: «Абу Бакрнинг халифаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари Абу Бакр», деди. Улар: «Хўп, майли. Лекин ундай бўлса, шу иккиси қилган ишни қилсанг бўлмайдими?» дейишди. Шунда Умар: «Ҳай-ҳай, эй Бану Адий! Менинг орқамдан (мол) емоқчи бўлдингизми?! Яхшиликни сизлар гап қилишимни хоҳладингизми?! Йўқ! Аллоҳга қасамки, чақирилмагунингизча (ундан ҳеч нарса) олмайсизлар. Агар дафтарнинг охирида қолсангиз ҳам! Менинг икки соҳибим бор. Улар бир йўлдан юрдилар. Агар мен уларга хилоф қилсам, менга ҳам хилоф қилинади. Аллоҳга қасам, биз бу дунёда нимаики фазл орттирган бўлсак, охиратда амалимиз учун Аллоҳнинг савобидан умидвор бўлсак, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайлидир. У зот бизнинг шарафимиздир. У зотнинг уруғлари арабларнинг энг шарафлисидир, кейин уларга яқини, кейин уларга яқини. Араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шарафландилар. Уларнинг баъзилари насабда у зотнинг катта аждодлари билан бирлашиши ҳам мумкин. Биз эса насабда у зотнинг яқин аждодлари билан бирлашамиз. У ёғига эса Одам алайҳиссаломгача у зотдан ажрамаймиз. Аммо Аллоҳга қасамки, агар қиёмат куни ажамлар амаллар билан, биз эса амалсиз келсак, улар Муҳаммадга биздан кўра ҳақлироқ бўлишади. Ҳеч ким у зотга қариндошлигига қарамасин, Аллоҳ учун амал қилсин, чунки амали ортга сурган одамни насаби илгарилата олмайди», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уруғи – Бану Адий аъзоларига шўро мажлисидаги баъзи одамларнинг ҳазрати Умарга «Мол тақсимини ўзингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», деган гаплари ёқиб тушган эди. Улар Умар розияллоҳу анҳуга ўша гапга амал қилишни таклиф қилишди. Лекин ҳазрати Умар бу таклифнинг ортида нима мақсад турганини яхши билар эдилар. Шунинг учун Бану адийликлар у кишидан эшитадиганларини эшитдилар.

Бу ерда ҳазрати Умарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли байтларига нисбатан улкан муҳаббатлари, Исломда инсон насабга эмас, амалга қараб тақдирланиши ва ниҳоят у кишининг мислсиз адолатлари намоён бўлмоқда.

Юқоридаги девон «Ато», яъни «ато қилиш (хайрия) девони» деб номланади. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан турли девонлар, мисол учун, лашкар девони ва бошқалар ташкил этилди. Уларда ўз соҳасига оид ҳар бир нарса тартиб ила қайд қилиб бориладиган бўлди.

Аҳолининг ҳолидан хабар олиш

Ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам биринчи бўлиб йўлга қўйдилар. Бу ишларга масъул кишилар тайинланган бўлишига қарамай, у киши кечалари ўзларини танитмасдан халқнинг ҳолидан хабар олар эдилар. Бу соҳада жуда ҳам кўп ишлар қилганлар. Уларнинг кўпчилиги ишончли ровийлар орқали ривоят қилинган.

«Халифа Умари одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар ҳолидан хабар олиб юрардилар. Бир аёлнинг овқат топа олмаганидан қозонга сувнинг ўзини қуйиб, тагига олов ёқиб: «Сабр қилинглар, ҳозир овқат пишади», дея болаларини ухлатишга уринаётганини кўрдилар. Халифа дарҳол орқаларига қайтиб, Байтулмолдан бир қоп егуликни ажратиб, ҳамроҳларидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўрадилар. Ҳамроҳларидан бири: «Эй мўминлар амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнг қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар».

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси одамларнинг ҳолларидан хабар олиш мақ-садида айланиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қолдилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан урушга кетган экан. Сўнг ҳазрати Умар қизлари Ҳафса онамизнинг олдларига одам юбориб: «Аёл киши эрисиз қанча сабр қилади?» деб сўратдилар. У киши: «Тўрт ой», деб жавоб бердилар. Ушбу жавобдан сўнг ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан ортиқ ушлаб турмаслик ҳақида фармон бердилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу каби кузатишларда ҳам шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилар ва ундан четга чиқмас эдилар, чунки Ислом шариати жосусликдан, бировнинг бошқалардан беркитаётган сирини ўзига бидирмасдан билиб олишдан қайтарган.

Ибн Мунзир ва Саъид ибн Мансурлар Шаъбийдан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз соҳибларидан бирининг йўқолиб қолганини кўриб, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анхуга: «Юр, фалончининг уйига бориб келамиз», деди. Унинг уйига келишди. Эшиги очиқ экан. Қарашса, у ўтирибди. Хотини идишга бир нарса қуйиб, унга бермоқда. Умар Абдурраҳмон ибн Авфга: «Мана шу буни биздан машғул қилган эканда», деди.

Ибн Авф Умарга: «Идишдаги нима эканини қаердан биласиз?» деди.

«Бу жосуслик бўлишидан қўрқасанми?» деди Умар. Шунда Ибн Авф: «Йўқ, бу жосусликнинг ўзгинаси», деди.

«Бунинг тавбаси қандай бўлади?» деди Умар.

«Унга ўзи ҳақида билган нарсангизни билдирмаслигингиз ва нафсингизда яхшиликдан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги ила», деди Ибн Авф.

Сўнгра иккови қайтиб кетишди».

Табароний Абу Қилобадан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳуга Абу Миҳжан Сақафийнинг ўз шериклари билан уйида ичиб ўтиргани ҳақида хабар беришди. Умар унинг устига кириб борган эди, бир киши билан ўтирган экан. Шунда Абу Миҳжан: «Эй мўминлар амири! Бундай қилиш сизга ҳалол эмас! Аллоҳ сизни жосусликдан қайтарган!» деди.

«Манави нима деяпти?!» деди Умар.

Зайд ибн Собит ва Абдурраҳмон ибн Арқам розияллоҳу анҳумо: «Эй мўминлар амири, тўғри айтди. Бу жосусликдир», дейишди. Умар уни тарк қилиб чиқиб кетди».

Ҳа, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида, Ислом ҳукмлари асл ҳолида татбиқ қилинган пайтда қонунни бузганликда шубҳа қилинаётган оддий фуқаро билан буни аниқламоқчи бўлган раҳбарнинг муносабати ана шундай бўлган. Қонунни татбиқ қилиш учун раҳбарнинг ўзи уни бузмаслиги шарт қилинган.

Албатта, ароқ ичишда шубҳа қилиниш билан бировнинг уйига қонун номидан изнсиз кириб бориш гуноҳлари орасида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин шундай бўлса ҳам, жамият вазифадорининг қонунни бузишга заррача ҳаққи йўқ. Агар бузиб қўйса, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бунинг тавбасини излаши керак бўлади.

Халифанинг шаҳид бўлиши

Умар розияллоҳу анҳу баъзи Ислом душманлари, яҳудий ва форслар томонидан ҳиқду ҳасад туфайли уюштирилган ишнинг қурбони бўлдилар, чунки у киши уларнинг мулки зое бўлишига сабаб бўлган эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бомдод намозига азон айтишлари билан масжид ичига беркиниб, пойлаб турган форслик қул – мажусий Абу Луълуъа у кишига заҳарланган ҳанжар санчди. Буни кўрган мусулмонлардан бир киши унинг устига чопонини ташлади. Ажам кофир қўлга тушишини билиб, ўзини сўйиб юборди. Ҳазрати Умар шаҳид бўлдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўлимларидан олдин саҳобаларнинг жаннат башорати берилган зотлардан олти та нафарини халифа сайлаш учун ихтиёр қилдилар. Улар Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққослардан иборат эди. У киши ўша олти кишига ўз ораларидан бирларини халифаликка ихтиёр қилишни топшириб, васият қилдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хижрий 23 йил 26 зул-ҳижжа (милодий 644 йил 2 ноябрь) куни шаҳид бўлдилар. У кишининг халифаликлари ўн ярим йил давом этди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ижтимоий-маданий соҳада қилган буюк ишлари

  1. Халифа Умар розияллоҳу анҳу «мўминлар амири» деган номга мушарраф бўлган биринчи шахсдирлар.
  2. У киши девонни ташкил килган биринчи шахсдирлар. Аскар девони, Ато девони, Вазирлар девони ва бошқалар.
  3. Шунингдек, у киши почта хизматини йўлга қўйдилар.
  4. Пул зарб этишни йўлга қўйдилар.
  5. Мусулмонлар тақвими – йил ҳисобини йўлга қўйдилар. Бунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини асос қилиб олдилар ва ҳисобни шу йилдан бошладилар.
  6. Ҳарами шариф масжидини кенгайтирдилар ва бошқа кўплаб буюк ишларни амалга оширдилар.

Умар розияллоҳу анҳу тарих то қиёматгача фахр билан эслаб юрадиган буюк сийрат қолдирдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ:

Насаблари ва ҳаётларининг дастлабки босқичи;

У кишининг Исломга киришлари ва фазллари;

Ҳазрати Усмон даврларидаги фатҳлар.

ИЧКИ ЖАБҲАДАГИ ФАОЛИЯТЛАР:

Қуръоннинг жамланиши;

Масжиди Набавийни кенгайтириш;

Қўриқхоналар ташкил қилиш;

Масжидларни хушбўй қилиш;

Муаззинларга маош белгилаш;

Миршабликни жорий қилиш;

Масжидда бошлиққа алоҳида жой қилиш.

ФИТНА:

Фитнанинг сабаби;

Фитначиларнинг хуружи;

Халифанинг шаҳид бўлиши.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда, Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

Бундан икки йил олдин “Чуя” масжидининг биноси эски ҳолатга келиб қолган, масжид жамоати уни обод қилиш истагида эди. Ўша йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятга ташрифлари давомида ушбу масжидда бўлиб вазиятни тезда англаб мутасаддиларга тегишли кўрсатма берган, унинг қурилишига хайрли дуолар қилган эдилар. 

Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги жамоат дуоси, диний идора кўмаги, саховатпеша инсонлар ҳиммати ва маҳалла аҳлининг ҳашари сабабли ушбу масжид қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар Халилов, вилоят ҳокими ўринбосари Ғофур Мусулмонов, вилоят бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев, Нурота тумани ҳокими Умарбек Ҳалиловлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Искандар домла Ҳалилов иштирокчиларга муфтий ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, йиғилганларни масжиднинг янги биноси билан мубарокбод этди. Шунингдек, маросимда сўз олган мутасаддилар намозхонларни янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган инсонларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, “Чуя” масжиди Нурота туманининг шарқ томони, яъни Нурота тизма тоғларининг Оқтоғ ён бағрида жойлашган. Жоме олдидаги чашмадан зилол сув оқиб туради. Масжид 20 аср бошларида маҳаллий халқ ташаббуси билан ҳомийлик ва ҳашар йўли билан қурилган.

Эсалатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юртимизнинг олис ҳудудларида масжидлар бунёд этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Аллоҳ таоло масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимизга ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилиб, юртимиз ва бутун дунёдан бало ва офатларни аритсин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top