www.muslimuz

www.muslimuz

dimanche, 09 février 2020 00:00

КЕЧА КЕЛГУМДУР ДЕБОН...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Мир Алишер Навойининг ажиб байтларини шу пайтга қадар ҳамма хар ҳил тушуниб келган. Шу боис, собиқ иттифоқ даврида ҳам бобомиз томонидан қолган меросларни тузумлаштириб олганлар бўлди.

 

Ҳатто «Келмади» деб номланмиш машҳур ғазални ҳам ўша пайтнинг юксак севгиси тариқасида талқин этишди. Навоий даврида йигит ва қиз ўртасидаги муҳаббат илоҳий даражага кўтарилган, деб иддао қиладиганлар ҳали ҳам орамизда топилади. Аммо минг таассуфки, аслида Мир Алишер Навоийнинг байтларида умуман бошқа маънолар акс этган эди. Ҳозир биз собиқ иттифоқ даврида «ёр севгиси» деб таърифланган «Келмади» ғазалини тасаввуфий руҳда шарҳлашга уриниб кўрамиз.

 

Кеча келгумдур дебон Ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг Отгунча уйқу келмади.

 

Ўзингиз ўйлаб кўринг, Навоий яшаган даврда бир қиз ҳозиргидек йигитнинг кўзига тик қараганмикан? Ёки ҳаё ва андишали замон вакилаларининг «севгилиси»га қарата: Кечқурун келаман, мени кутинг» дейишига ишонасизми? Йўқ, Навоий бобомиз бу ерда йигит ҳамда қиз ўртасидаг ишқий муносабат ҳақида гапирмаяптилар. «Ул сарви гулрў» аслида биз тушунаётгандек маъшуқа эмас, балки тунда уйқуларни ҳам бузиб юборадиган КЎЗ ЁШдир. Ҳа, кўз ёш. Навоий ҳаддан ташқари ҳассо инсон бўлгани боис, ҳар бир мисраларида Аллоҳга бўлган муҳаббатни изҳор қиладилар. Яратганга бўлган чексиз қуллик ул зотни қўлга қалам олишга мажбур айлаган. Шу боис, «Кеча келгумдур» деб ваъда қилган кўз ёшни, Аллоҳ учун сажда пайтида тўкиладиган кўз ёшни тунги ибодатлари даврида кутганликларини айтадилар. Аммо инсон ҳар доим ҳам йиғлай олмайди, ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган, қоп-қоронғу кечада биргина ғофил бўлмаган Зот - Аллоҳ учун йиғламалик бахтини ҳақиқий солиҳ инсонлар тушуниб етадилар. Алишер Навоий шундай инсон бўлгани туфайли ҳам, Аллоҳ таоло учун йиғламаликни «сарви гулрў» деб атамоқдалар. Аммо... одамлар учун риё қиладиган инсонларнинг қалби қотиб кетади, ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаган тунги кечада йиғлолмай қолади экан. Шундай надоматни одамларга эслатиш ниятида Навоий «ҳар кеча келаман, деб ваъда айлаб, ул сарви гулрў келмади» демоқдалар. |азалнинг давомида ундан-да ҳайратлари сатрлар оқиб келади: Тонг отгунга қадар Уни кутдим, аммо Унинг келмагани сабабли кўзларимга уйқу ҳам келмади!

 

Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, Чекдим йўлида интизор,

Келди жон оғзимга-ву, Ул шўҳи бадҳў келмади.

 

Ҳар лаҳзада уни, яъни ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаган қоп-қоронғу кечада кўзимдан тинмасдан оқадиган кўз ёшни кутдим, кутишим асносида унинг йўлига кўзларимни интизор қададим. Ҳатто жон халқумдан ўтиб, оғзимга ҳам келди, аммо ул ёмон феъллик маъшуқам келмади. Ёмон феъллик маъшуқа- кўз ёш мени алдаб кетди, агар у яна бир неча кун келмаса, менинг дунёда яшамакликдан маъним ҳам қолмайди.

 

Оразидек ойдин эркан-да, Гар етти эҳтиёт

Рўзғоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

 

Фақат Аллоҳ учун ҳолис тўкиладиган кўз ёшни жуда кутдим, аммо унинг келмаслиги тобора ойдинлашиб борарди. Ҳаттоки, унинг юзини эслагим келади, «Оразидек ойдин эркан-да» деб кечани ёритгувчи юзини эслаб ўтади тунларим. Ҳудди рўзғорим, тирикчилигим сингари уни кундузлари кўриб қоламан, негадир у қоронғу кечада келмайди.

 

Ул париваш хажриниким, Йиғладим девонавор,

Кимса бормуким анча Кўрғонда кулгу келмади.

 

Энди мен кўз ёшларимни париваш деб номлаяпман, мен уни жуда соғиндим, негадир у мени узоқ-узоқларга ташлаб кетгандек туюлмоқда. Унинг ҳажрида девоналарга ўхшаб йиғладим, аслида Аллоҳ учун тўкишим керак бўлган кўз ёшимни соғиниб йиғладим, бундоқ йиғламакликдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Кўз ёшини соғиниб йиғлаётган кишини кўрганлар бу ҳолнинг моҳиятини тушуниб қолиб, ҳатто кулишмади ҳам. Менинг девонавор йиғлаётганлигимни кўриб ул бечораларнинг юзларига кулгу келмади.

 

Кўзларингдан неча су келғай, Деб ўттирманг мени,

Ким бори қонерди келган Бу кеча су келмади.

 

Тўғри, кўзларимдан кўз ёш, сув оққан. Аммо Аллоҳ учун йиғламаклик ҳақиқий обидлар учун насиб этади экан. Мени маломат қилаверманг «кўзингдан кўп сув оққан» деб. Бу кеча Аллоҳ учун бир йиғлай деб эдим, кўзларимга умуман сув келмади. Нақадар даҳшат!

 

Толиби содиқ топилмас, Йўқсаким қўйди қадам,

Йўлғаким, аввалқандам Маъшуқи ўтру келмади.

 

Мен барибир кўз ёшларимни топиш учун сафарга чиқаман. Ул сафар муборак бўлади. Кўз ёшларимни топишга уринаман. Бу йўлда устоз топаман, унинг ҳар бир топшириғини бажараман. Ҳатто бу йўлда менга толиби содиқ топилмасада, маъшуқимни топиш учун йўлга чиқаман.

 

Эй Навоий, бода бирла Хуррам эт кўнглунг уйин,

Не учун ким, бода келган Уйга қайғу келмади.

 

Бода сўзи классикада «Аллоҳга бўлган муҳаббат» деган маънода ишлатилади. Шунинг учун ҳам ғазалларнинг аксарида шу сўзни ўқисак, уни мажозий маънода тушунишимиз керак. Навоий ҳазратларига ўзларига ўзлари мурожаат айлаб: Эй Навоий, Аллоҳга бўлган ибодатингни кучайтиравер, зеро, бу амал билан ҳар қандай уйни гўзал айламоқ мумкин. Ҳақиқий муҳаббат кирган уйларга ҳеч қачон қайғу келмади. Айнан шу жиҳат билан «ул сарви гулрў»ни уйга таклиф айламакнинг йўли бордир. Навоийнинг хитоби охирлаганда, ғазалдан олинадиган фойдаларни ҳам келтириб ўтамиз:

Инсон тунги ибодатида йиғламакликни талаб этсин. Кўзлари ёшланмаса, кўзлари ёшланмаётгандан йиғласин. +алби қотиб кетганидан йиғласин. Ҳамма нарса учун ёшланган кўзлари бутун оламларни яратган Зот учун ёш тўка олмаганидан йиғласин. Бошқа ёшларни эмас, балки Аллоҳ учун йиғлаган кўз ёшини «сарви гулрў», «маъшуқи ўтру», «шўҳи бадҳў» сингари эъзозласин, уни суйсин ва ана шу учун ҳам йиғласин.

Чунки Аллоҳ таоло қуръони каримда ўз бандаларига «намоз ўқинглар» деб эмас, балки намозни барпо қилинглар, деб амр этган. Яъни, инсон намозни шундоқ ўқиб қўйиши эмас, балки ихлос билан барпо қилмоғи, қурмоғи лозим. Шундагина намоз Аллоҳ таолонинг ҳузурида хусни мақбул бўлади. 

Аллоҳ таоло Ўзи учун тўкилган бир қатра ёш ҳурмати бандасини дўзахдан озод этади. Бу ҳақда муборак ҳадислар ворид бўлган. Шундай экан, келинг, Жаноби Ҳаққа йиғлайлик, фақат Унинг Ўзигагина муножот айлайлик. Навоийнинг ғазалидан илҳом олиб ёзилган сатрларни ўқиб, Мир Алишер бобомизнинг руҳларига хайри дуо қилайлик.

 

КЕЧИР РАББИМ

 

Қуёш ғарбга кетди шўнғиб,

Ухлолмадим, кечир раббим!

Силтадилар: «йиғлагин», деб

Йиғлолмадим, кечир раббим!

 

Кўкка нолон нидо қилдим,

Чок-чок бўлган кўксим тилдим,

Ўзимни гуноҳкор билдим,

Йиғлолмадим, лекин Раббим!

 

Кимнинг иши тушса гар, бас,

Ёрдамим тутдим ҳар нафас,

Яхшиликдан бошим чиқмас,

Йиғлолмадим, лекин Раббим!

 

Кўзимда нур, ёвуз кулгу,

Қалбимда ишқ тўла туйғу,

Ҳар кун бошим меҳробда-ю,

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Ишим менинг саҳоватдир,

Билмаганим - ҳаловатдир,

Бу қандайин мусибатдир:

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Ёмғирпўшдан топиб паноҳ,

Ёмғирда ҳам қилдим гуноҳ.

Ҳушъу менга ёт бўлди, оҳ...

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Кўкка порлаб чиққач офтоб,

Сенга нолон қилдим хитоб...

Бир қатра ёш бўлди камёб,

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Истадим-у, қалбимда ғам,

Дод-вой солди тоғ-у, тош ҳам,

Вале айлаб кўзимни нам,

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Раббим, сокин ухлат мени,

Бағрим ўйиб тиғлат мени

Не қилсанг ҳам йиғлат мени...

Йиғлолмадим, кечир Раббим!

 

Манба: islom.uz

Хабарингиз бор шу йилнинг 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман ўтказилади.

 

Бу йил буюк ватандошимиз, ҳадис ва фиқҳ илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.

 

Тарихий манбаларда Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлгани қайд этилади. Чунки, аллома яшаган даврда, яъни IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетган. Натижада имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанафанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган. Бу мактаб томонидан илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.

 

Мазкур нуфузли анжуманга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар режаси тасдиқлан бўлиб, унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва мазкур мажмуа атрофида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган эди.

 

Ҳозирги вақтда “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят филилали томонидан мажмуада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Мақбаранинг ички томони тўлиқ таъмирланди. Ташқи томонида ҳам кўчиб тушган кошинлар қайта тикланмоқда. Бундан ташқари мажмуа ҳовлиси ва атрофида ҳам таъмирлаш, ободнлаштириш ишлари амалга оширилади. Яқин кунларда мажмуа кўркига яна кўрк қўшилиб, меҳмон ва зиёратчилар ташрифи учун барча шароитлар муҳйё этилади”, деди таъмир ишларида бевосита раҳбарлик қилаётган “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят филилали раҳбарининг ўринбосари Азиз Султонов.  

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Пайариқ туманидаги маданият уйида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус билим юрти амалиётчи психологлари иштирокида “Оилада ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ўрни, ёшлар орасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Унда Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом-хатиби Б.Бохонов иштирок этиб, фарзандларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, фарзанд истиқболи ва келажагида ота-оанинг ўрни, яхши инсон бўлиб вояга етса уларга икки дунёда раҳмат келитириши, аксинча жавобгарликда баробар эканликлари ҳақида муқаддас манбаларда келтирилган далиллар асосида сўз юритди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Х.Саттаров ва Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Н.Исламовлар бугун Самарқанд шаҳридаги “Дарғом” жоме масжидида жума намозини адо этдилар. Ташриф жараёнида масжидда мўмин-мусулмонлар учун яратилган шарт-шароитлар, имом-хатиблар ва масжид ходимларининг фаолияти билан танишув бўлди. Шунингдек, вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари масжид жамоа аҳли билан ҳам учрашиб, ҳозирда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, муқаддас динимиз, мўмин-мусулмонлар ибодатларини тўла-тўкис адо этишлари учун яратилаётган имкониятлар – доимо шукроналик билан ҳаёт кечириш мўминнинг имони комил эканининг далолати экани ҳақида гапирди.

 

Жума намозини адо этиш учун келган намозхонлар Хайрулло домланинг “Кечиримлилик – мўминга хос” мавзусидаги маърузасидан баҳра олдилар.

 

Жума намози адо этилиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очилди.

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

2020 йилда Ўзбекистонда 3та банкда исломий молиялаш жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов маълум қилди.

Бугун, 4 февраль куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари юзасидан навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидаги биринчи масала бўлди.

 

Муҳокамалар давомида палата спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда исломий банклар очишга қандай омиллар халақит бераётгани борасида Марказий банк вакилига савол билан мурожаат қилди.

Қодиров ўз сўзида Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этиши, шу боис одамлар банкдан микроқарз олишни ёқламаслигига тўхталди.

 

«Микроқарзларни одамларга молиявий кўмак беришнинг оммавий воситаларидан бирига айланишига миллий қадриятлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қонунчиликдаги айрим моддаларга ўзгартириш киритиб, исломий молиялаш тизимини киритиш керак эмасми?» деб таъкидлаган Алишер Қодиров бу тизим муваффақиятли ишлаётган бир қанча ривожланган давлатларни мисол келтирди.

 

Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов жавоб берди. Унинг айтишича, ўтган 2019 йилда банклар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шу боисдан амалдаги қонунчиликда ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмас.

 

«Бугунги кунда 10га яқин банкларимизда микро, кичик линиялари орқали молиялаштириляпти. Чаканага ўтадиган бўлсак, ҳозир 3та банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти. Бу борада ишлар давом этяпти. Бу жараёнда йўлга қўйиладиган турли технологик ишлар бор. Ўйлайманки, шу йилни ўзида айнан кредитлаш йўналишида шу йўналишида бу масалани ҳал қиламиз»,– деди Ботир Зоҳидов.

 

Маълумот учун, исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.

 

Молиялашнинг бу тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилиши билан анъанавий банклардан фарқ қилади.

 

Исломий банклар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтайи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.

 

Маълумотларга кўра, кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

 

Манба: hidoyat.uz

Янгиликлар

Top