muslimuz

muslimuz

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).

Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо беришга лойиқ бўлса ҳам лутф кўрсатиб жазолашни тарк этишдир. Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Айниқса, ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш гўзал фазилат, олий хулқ намунасидир.

Оятдаги “афв” сўзининг тафсири манбаларда турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар.

Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраганларида У зот: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар”.

Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Гўзал хулқ нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” оятини тиловат қилдилар.

Афв гўзал ва мақталган ахлоқларнинг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Набий алайҳиссалом кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда пешқадам эдилар. Макка аҳли у зот алайҳиссаломнинг йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни авф этдилар, ҳақига дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан тарбияланган саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам ўзларига зулм қилганларни кечиришда барчага намуна бўлдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Уяйна ибн Ҳиср деган киши Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”, деди. Бундан Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шунда саҳобалардан бири: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” деб буюрмаган-миди, у одам жоҳиллардан”, деди.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Қуръон тиловатини эшитиши биланоқ, ғазабини ютди ҳамда Аллоҳнинг хитобига мувофиқ иш тутди (Имом Бухорий ривояти).

Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатокорнинг айбини кечиб юборувчиларни Аллоҳ таоло кечириши ҳақида бундай деганлар: Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилади. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилади” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Эй бандаларим, тун-у кун гуноҳ иш қилсангиз ҳам Мен барча гуноҳларни кечириб юбораман. Мендан мағфират сўранг, мағфират қиламан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 
jeudi, 25 avril 2024 00:00

Бахт сари 4 қадам

Кимдир келиб сизни бахт сари етаклашини кутманг, балки Аллоҳ берган неъматлардан унумли фойдаланиб, холис ниятлар билан солиҳ амалларга мушарраф этишини сўранг. Зеро, Аллоҳ сизга ҳам бу ёруғ оламга келиб, Ҳабиби Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уммати бўлишдек улуғ неъматини ато этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳнинг яратиб қўйган махлуқотларидан иборат олиш, улар тўғрисида тафаккур қилиш учун инсон қалб кўзи очиқ бўлиши лозим. «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (Анкабут, 43).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.

Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.

Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.

Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.

Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?

Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.

Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!

Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.

Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.

Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.

Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Page 79 sur 265

Янгиликлар

Top