muslim.uz
Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчисининг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари
Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси ва Миллий бирдамлик партиясининг шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Ал-Ҳож Муҳсин Донеш «Дунё» АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қадриятлар ва улуғ аждодлар меросини тарғиб этиш ва сақлаш йўналишида қилинаётган чора-тадбирларни эътироф этди.
– Ўзбекистонда диний-маърифий қадриятларни авайлаб асраш ва тарихий обидаларни тиклаш масаласида амалга оширилаётган ислоҳотлар диққатга сазовордир, - деди у. – Буни биз Ўзбекистонга қилган ташрифларимиз давомида, хусусан, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Термиз шаҳарларида бўлганимизда ҳис қилганмиз.
Мамлакат раҳбарияти дунёда кечаётган турли мураккаб жараёнларга қарамасдан, ўз тараққиёт йўналишини тўғри танлаб олган ва бу йўлдан оғишмай ривожланишда давом этмоқда. Бу, жумладан, диний ва маданий соҳаларда яққол кўзга ташланяпти. Биз Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада жиддий ижобий ислоҳотлар амалга ошаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Кузатувларим давомида Ўзбекистонда диний ислоҳотлар икки йўналишда олиб борилаётганига шоҳид бўлдим. Биринчиси, диний экстремизм ва айримачиликнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун ўз тажрибасига таянган ислоҳотларнинг амалга оширилаётганидир. Бу жараённи шахсан мен ижобий баҳолайман. Чунки дунё давлатларида кечаётган жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, диний экстремизм ва айримачилик давлат асосларига жиддий зарба етказадиган омиллардан бири ҳисобланади. Иккинчи йўналиш - бу диний ислоҳотлар натижаси — янги мадрасалар, илмий-тадқиқот марказлари, уламолар кенгаши ва кўплаб диний ташкилотлар очилаётганидир. Жумладан, ислом оламида юксак обрўга эга бўлган Имом Термизий тадқиқот маркази бунга яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистон ушбу ижобий ислоҳотлари билан ҳар қандай экстремизм ва айримачиликдан холи бўлган мўътадил соф ислом намунасини (Қуръони Каримдаги оятга мувофиқ “Ва казолика жаъалнаакум умматан васатан”, яъни “Биз Сизларни бир мўътадил уммат қилдик”) дунё ҳамжамиятига намойиш қилмоқда.
Ўзбекистонда диний бағрикенглик тамойилларидан оғишмасдан барча динлар бир-бирларини инкор қилмаган ҳолда мавжуд қонунлар асосида ривожланмоқда.
Яқин Шарқ мамлакатлари — Сурия ва Ироқдаги уруш ўчоқларига бориб қолган, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларни Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва қатъияти билан Ватанга қайтариш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай инсонпарварлик тадбирлари ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Даврий нашрларда: Тараққиётдан тўсувчи иллат
Ислом дини инсонни доим эзгуликка чақиради. Уни камолот сари чорлаб, яхшиликка етаклайди. Пировардида Яратганнинг розилигини топиб, дунё ва охиратнинг бахту саодатига эришиш учун жамият билан адолатда бўлишга тарғиб этади.
Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг» (Моида сураси, 8-оят), деб амр қилган. Адолат нафақат Исломнинг, балки ҳар қандай жамиятнинг асосий мезонидир. Шунинг учун Раббимиз бизларни доимо адолатга буюради: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтаради. У сизларга ваъз қилур. Шояд, эсласангиз» (Наҳл сураси, 90-оят).
Адолатнинг асосий кушандаси порахўрликдир. У қайси жамиятда авж олса, ўша жойда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўлаверади. Ундай жамиятда на банданинг ҳақига, на жамоатнинг ҳақига риоя қилинмайди. Порахўрлик инсонни, жамиятни тараққиётдан тўсади.
Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айни шу масалага жиддий эътибор қаратиб, жумладан, бундай таъкидлади: “Мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балоси... Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.
Исломнинг гуркираган даврига назар солсак, инсонпарварликнинг асосий мезони адолатда барқарор бўлганини кўрамиз. Адолат шу даражада қарор топган эдики, бунда халқу раҳбарият, мусулмону номусулмон барчаси тенг кў риларди.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розий аллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу билан баҳслашиб қолди. Ҳукм чиқариш учун Мадинаи мунаввара қозисининг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:
– Ассалому алай кум, эй мўминларнинг амири, – деб Умар розий аллоҳу анҳуга илтифот кўрсатди. Сўнг унга Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан кўра юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтирғизди-да, яна халифага юзланди:
– Эй мўминларнинг амири, афв этгай сиз.. Шунда халифа ғазабланиб, қозига қаттиқ дашном берди:
– Қачондан бери ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Эй мўминларнинг амири, мана бу жойга ўтиринг, афв этгайсиз”, дейсан!
Улар бошқа қозини ҳакам қилишди...
Бу иллат бутун халққа – зиёли, оддий ишчи ёки мактаб ўқувчиси – барчага тенг офат келтирувчи балодир. Ҳар қандай жамиятда порахўрликни йўқотиб, адолат тикланмас экан, у жамиятда тараққиёт, осойишталик мустаҳкам асосга эга бўла олмайди.
Порахўрликка қарши курашиш нафақат масъуллар, балки жамият аъзоларининг ҳам бирламчи бурчларидандир.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака тумани бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 4-сонидан
Ўзбекистон вакиллари "Arabian Travel Market – 2021" сайёҳлик кўргазмасида
Дубайда сўнгги 18 ой ичида халқаро туризм соҳасида дунёдаги биринчи оммавий тадбир — «Arabian Travel Market-2021» (АТМ-2021) халқаро сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Саёҳат ва туризмнинг янги даври» шиори остида ўтаётган ушбу халқаро тадбирда дунёнинг 62 мамлакати, жумладан, Ўзбекистон, БАА, Саудия Арабистони, Италия, Германия, Кипр, Миср, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Индонезия, Малайзия, Жанубий Корея, Мальдив ороллари, Филиппин, Таиланд, Мексика ва бошқа мамлакатлар компаниялари қатнашмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур кўргазмада Марказий Осиё минтақасидан фақат Ўзбекистон ўзининг алоҳида стенди билан иштирок этмоқда.
Туризм ва спорт вазирлиги, «Анур тур», «Долорес тур» компаниялари, «Хайят» меҳмонхонаси ва бошқа сайёҳлик ташкилотлари вакиллари томонидан ташкил этилган Ўзбекистон стенди бўлажак сайёҳлар ва кўргазма ташкилотчиларининг эътиборини тортмоқда.
Кўргазма доирасида БАА ва Яқин Шарқдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, миллий сайёҳлик брендини тарғиб қилиш масалалари юқорида қайд этилган сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Кўргазма 19 майга қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси ва Исмоил алайҳиссалом (Аудио)
Муфтий ҳазратлари Афғонистон делегациясини қабул қилди
Кеча, 18 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси маслаҳатчиси Муҳаммад Муҳсин Донеш жаноблари бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Мулоқот давомида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Афғонистон уламоларини ташриф билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритдилар. Ўзбекистон ҳукумати ва халқи Афғонистонда доимо тинчлик бўлиши тарафдори экани ва бу йўлда қўлидан келган барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши, экстремизмга қарши курашда уламоларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш ҳар томонлама манфаатли экани, бундай ишлар бундан кейин ҳам давом этишини таъкидладилар.
Муҳаммад Муҳсин Донеш самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки халқни муштарак илдизлар бирлаштириб туриши, охирги йилларда дўстони алоқалар ривожланиб бораётгани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ушбу ташрифдан мақсад икки давлат уламолари ҳамкорлигини ривожлантириш, экстремизмга қарши кураш ишларида алоқаларни мустаҳкамлаш, диний соҳа ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш эканини қайд этдилар.
Шунингдек, учрашувда Балҳ вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд сўз олиб, Ўзбекистон замини қадимдан Ислом дини тамаддуни маркази бўлиб келгани, Мовароуннаҳр ва Балҳ уламоларининг асарлари 200 дан зиёд мамлакатда ўқитилиши, уларнинг илмий мероси тараққиёт учун замин бўлишини таъкидладилар.
Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистонда диний соҳадаги ишлар, хусусан, масжид-мадрасалар фаолияти, илмий марказлар ва ихтисослашган мактаблар ишлари ҳақида эшитиб, жуда ҳам қувонганлари, Ислом динининг мўътадил ғояларини халққа етказилиши ўзининг ижобий самарасини бераётгани, қадимда Ўзбекистон замини Ислом динининг сиймоси, уламолари эса дин пешвоси бўлгани, бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ана шу йўлдан кетаётганини яна бир бор тасдиқладилар.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида муҳокама этилган мавзуларда ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати