muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 4 декабрь куни “Хадичаи кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида талаба қизлар учун “Диний бағрикенглик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идараси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов маъруза билан иштирок этди.


Тадбирда халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келгани, кексаларимиз дуога қўл очганда: “Парвардигоро, бизга кенг феъл, кетмас давлат бергин”, деган иборани доимо такрорлашашлари бежис эмаслиги, “кенгфеъллик” сўзи айни бағрикенглик маъносини билдириши айтилди. Шунингдек, қадимдан Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишгани, шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўй-у маъракада ҳам кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашгани, бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келаётгани айтилди.

 

Маълумки, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб, иттифоқчиликда яшамоқда. Уларнинг ўз анъана ва урф-одатларини адо этиш, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

   ЎМИ матбуот хизмати

 

Мана, жонажон диёримизга қиш фасли ҳам кириб келди. Кунлари қисқа, тунлари узун – қиш. Ушбу фаслда кечаларнинг узайиши бошқа вақтларда қилолмаган солиҳ амалларни бажаришимиз учун қулай фурсатлар: оила аъзоларимиз билан суҳбатлашиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олиш, китоб ўқиш каби имкониятларни беради.


Қишда одамлар кўпроқ намоз ўқишга, рўза тутишга мойил бўлади. Қиш қазо намозларини ўқишга ҳам жуда қулай фасл ҳисобланади. Чунки куннинг иссиғида одам кўп намоз ўқий олмайди: иссиқ танасини ланж қилади ва саждага борганда бошига кўп қон қуйилгандек туйилиб, одам оғирликни ҳис қилади. Аммо қишда ундай эмас.


Ғайратли кишилар қишнинг узун тунлари таҳажжудга ҳам туради. Сокин тун бағрида роҳатланиб таҳорат олади, намоз ўқийди, Қуръон тиловат қилади. Ҳамма уйқуда, фақат Аллоҳ ва обид сўзлашмоқда – обид роз айтмоқда, Аллоҳ таоло тингламоқда.


Банда ширин уйқуни енгиб тургани учун Аллоҳ ундан бир дардни кўтаради; таҳорат олиб танаси енгил тортганда, унга соя солиб келаётган яна бир дардни аритди; намоз ўқиб руҳи енгил тортганда эса ҳаммасини жамлаб уни касалликдан фориғ этди; қалбини эса қурумдан тозалади, кўнгли юмшаб кўзидан оққан ёш қалбидаги қурумларни ювиб кетди. Жисми ва руҳи покланган инсонга файз эшиклари очилди. У Қуръони каримни ўқир экан, муқаддас Китобнинг ҳар бир ҳарфи унга мўъжиза бўлиб кўрина бошлайди. Чунки Аллоҳ таолонинг фаришталари бу банда ҳаққига ўша ҳарфлар миқдорича истиғфор айтди.


Қазо рўзаси бор кишилар ва нафл рўзаси тутишни ният қилганлар ҳам қишда рўза тутишга уринади. Чунки қишда кундузлари қисқа бўлади, бир зумда қоронғу тушади. Аммо бу асосий сабаб эмас. Асосий сабаб шундаки, тунда вақтида уйқуга ётган мўмин тун узунлиги боис саҳар вақтига келиб уйқуга тўйиб туради. Юқорида айтилган ибодатларни қилганидан сўнг унинг кўнгли рўзага ҳам мойил бўлади. Зеро, рўза ўша ибодатларнинг давоми бўлгани қандай яхши. Қолаверса, ҳадиси шарифда
"Қиш мўъминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди" (Аҳмад, Абу Яъло, Байҳақий).


Ўзи нима учун қишда шундай бўлади? Куз, ёз, баҳордагидан кўра, қишда одам тақводорроқ, бошқаларга нисбатан ҳам меҳрибонроқ бўлиб қолади? Бунинг сабаби ҳам ҳадиси шарифда жуда чиройли таърифланган экан: "Одам боласининг қалби қишда юмшайди. Шундай. Чунки Аллоҳ толо Одамни тупроқдан яратган. Тупроқ эса қишда юмшайди" (Суютий, ал-Муттақий).


Шундай экан, бу фаслдан – Аллоҳ таолонинг иноятидан фойдаланиб қолишга, янада кўпроқ ибодат қилишга, барчамизга насиб айласин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2017 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами муносабати билан диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ҳам сўзга чиқдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди.

Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топаётганини таъкидлашди. Ҳақиқатан, бугунги мамлакатимиздаги янги-янги ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади. Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилганини бежиз эмас, албатта. Бунинг тагида ўта чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан ҳам муҳтарам Президентимиз якунига етаётган 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган эдилар.


Таъбирда маъруза қилган профессор Акмал Саидов Конституциямиз қабул қилиниши тарихи, мазмун моҳияти ва айниқса, мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги аҳамияти тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этди. Жумладан, Акмал Саидов Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилгани, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш мумкинлигини таъкидлади. А.Саидов сўзида давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша даврларда Олий Кенгаш депутати сифатида Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганини атрофлича тушунтириб берди. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозараларда Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштироки тўғрисида сўзлади.

Шунингдек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари соҳибқирон Амир Темур давлатчилигининг энг зарур жиҳатлари ҳам “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидладилар. Амир Темурнинг давлатчилиги, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан ва меъморчиликка оид қарашлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш асосида бошқариш, ҳар бир масалада эл манфаатини ўйлаб иш тутиши билан боғлиқ ибратли фазилатлари “Темур тузуклари”да жамлангани муфтий ҳазрат томонларидан изоҳланди.


Йиғилиш якунида «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланган бир гуруҳ идора тизими ходимларига эсдалик нишонлари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Кеча, 3 декабрь куни Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази раҳбари доктор Фархан Низами бошчилигидаги делегация диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази директори Шоазим Миноваров кутиб олдилар.

 


Мулоқотда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада олиб борилаётган улкан хайрли ишлар тўғрисида меҳмонларга сўзлаб берилди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ва ушбу марказларнинг истиқболдаги лойиҳалари баён қилинди. Шунингдек, ушбу марказлар ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини бутун дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Қизғин кечган учрашувда томонлар бир-бирлари билан юртимизда диний соҳада юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдилар. Фархан Низомий 20 йил аввал Ўзбекистонга ташриф буюргани, шу кунга қадар бўлаётган ижобий жараёнларни катта қизиқиш ва иштиёқ билан кузатиб келаётганини билдирди.


Ташриф давомида “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши тарихи, мажмуанинг Тошкентда яшаб ўтган улуғ аллома, фақиҳ Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан боғлиқ экани, Республикада ислом динининг асл тинчлик ва маърифатпарварлик ғоясини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг меҳмоналар Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил ибн Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилдилар.


Учрашув сўнгида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Тошкент ислом университети ва Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик қилиш меморандуми имзоланди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Кураш тушиб юрган ёки унга ишқибоз бўлган одамларнинг хабари бор: полвон полвонни бир қарашдаёқ билади. Ёдингизда бўлса, 2008-2013 йилларда Жанубий Корея Республикасининг Президенти бўлган Ли Мён Бакнинг “Мўъжиза содир бўлмайди”, деган китоби юртдошларимиз томонидан севиб мутолаа қилинганди. Ўша китобда муаллиф “Ҳондай” компаниясининг қурилиш ишлари бўйича директори бўлган кезларда Малайзия ва Сингапур давлатлари раҳбарлари билан учрашганини мароқ билан ҳикоя қилади ва ўша давлат раҳбарларига ҳавас қилиб бу давлатлар тез орада Кореядан илгарилаб кетади деган хулосага келганини ёзган.

Дарҳақиқат, корейсларни истаган нарсада ҳайратга солишингиз мумкин. Аммо меҳнаткашлигу тиришқоқлик борасида қойил қилиш учун камида малайзиялик ёки сингапурлик бўлишингиз керак. Буни яқинда Жанубий Корея ва Хитой Халқ Республикасига бориб келган таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжаев “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳам ёзди. Лекин Давлатимиз раҳбарининг фидойилиги, халққа, Ватанга муҳаббати, тиним нима билмаслиги, янги ғояларга бойлиги, ғоятда ташаббускорлиги корейсларни ҳам ҳайратга солди.

Ана шу эътироф натижаси ўлароқ, ўтган ойда, Жанубий Кореяда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” деган 320 саҳифадан иборат китоб корейс тилида чоп этилди.

Китобда Президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган  ислоҳотларнинг таҳлилига эътибор қаратилган. Иқтисодиётнинг либераллашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, валюта бозорини либераллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, вилоятларга нисбатан янги сиёсат, сўз эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш, жамиятда кузатилаётган умумий демократлаштириш ва либераллашув... буларнинг барчаси янги ислоҳотларнинг дастлабки  натижалари экани айтилган.

Бинобарин, Президентимизни гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда бўлганини эшитган одам, бу киши қачон дам олар экан, деб ҳайрон бўлади. Мана, куни кеча Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилаётган янги халқаро аэропортда, соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Жараён билан яқиндан танишган президентимиз маблағлардан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудудни тайёрлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

“Аэропорт Ўзбекистоннинг остонаси. Шу боис бу ерда меҳмонлар учун барча шароит ва қулайликлар бўлиши керак”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Муҳтарам президентимиз Тошкент иссиқлик электр станциясига ташрифи чоғида станциянинг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Давлат раҳбари корхонада 370 МВтли янги буғ-газ қурилмасининг рамзий старт тугмасини босди. Буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши билан хорижда ва Навоий иссиқлик электр станциясида малака оширган кўплаб ёш мутахассислар бандлиги таъминланди.

Тошкент шаҳридаги «Akfa Medline» тиббиёт марказида бўлган президентимиз тиббиёт соҳаси ниҳоятда масъулиятли экани, бунда хусусий тиббиёт марказларининг ҳам ўзига хос ўрни ҳақида тўхталиб: “Хусусий тиббиёт марказлари қанча кўп бўлса, соҳада рақобат бўлади, рақобат бор жойда хизмат сифат юқори бўлиб, нарх арзонлашади. Бу эса энг муҳим жиҳатдир”, деди. Одамлар тиббиёт масканига унинг чиройли биносига қараб эмас, мутахассисларнинг юқори малакаси бўйича баҳо беради.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берди. Бунинг натижасида, тиббий хизмат нархи ақл бовар қилмас даражада баландлаб кетмаслиги, малакали кадрлар етишиб чиқиши ҳамда кўплаб мутахассислар иш билан таъминланиши таъкидланди.

“Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим...” деб ёзган эди Соҳибқирон бобомиз ўзининг “Темур тузуклари”да.

Дарҳақиқат, мамлакат аҳолисининг аҳволидан доимо хабардор бўлган, оддий одамларнинг кўнглини олишга тиришган одам элнинг муҳаббатини қозонади.

Хулоса қилиб айтганда, юртбошимиздан фидокорликда, жонкуярликда, ташаббускорликда, меҳнатсеварликда ва бошқа фазилатларда ибрат олиб, ҳар биримиз ўз ишимизни аъло даражада бажарсак, Ватанимиз янада гуллаб-яшнайверади, иншоаллоҳ!

ЎМИ матбуот хизмати

Янгиликлар

Top