Янгиликлар

Каъба ичида нима бор?

Ёпиқ эшик доим сирлидир. Қизиқувчан инсон онги тўсиқ ортида қандай хазина борлигини ўзича таҳмин қилаверади. Ҳақиқатдан ҳам, Каъбаи муаззаманинг тилла эшиклари ортида нималар борлиги кўпчиликни қизиқтиради. Бир неча юз йил муқаддам бу саволга ҳожат бўлмаган, чунки унинг ичига хоҳлаган инсон кириши мумкин эди. Ҳозир одамлар Каъбанинг ичига киришни қўя туринг, тиқилинчда қора тошга қўллари тегса катта гап. Каъба ичини тозалаш маросими Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан суннатлиги боис, шунда фақат давлат арбоблари ёки юқори мартабали меҳмонларгина бундай шарафга сазовор бўладилар. Ахир, ҳар куни эшик очилаверса, минглаб зиёратчилар ундаги тинчлик, осойишталик ва сокинликка азият етказишлари табиий.

Хўш, айни пайтда ичкарида нималар бор?

Эшикдан бошлайлик. Эшикни безашга ишлатилган тилланинг миқдори унинг – “олтин эшик” деб номланишига ва унга “дунёдаги энг қимматбаҳо эшик” мақоми берилишига ҳақли, лекин энг асосийси у борлиқдаги энг мўътабар даргоҳга етакловчи йўлдир. 1979 йили Каъбага янги эшиклар ўрнатилган ва уни тайёрлаш учун 300 килограмм соф олтин кетган. Эшикка эшикни ясаган устанинг имзоси қўйилган ва атрофига Қуръони каримнинг қуйидаги ояти каримаси ўйиб ёзилган:

 إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ

Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир (Оли Имрон, 96).

Ери ва деворларига мрамор плиталари ётқазилган. Ушбу мраморлардан бири бошқаларидан ранги ва тузилиши билан ажралиб туради. Маккаи мукаррама мусулмонлар тарафидан эгаллангандан сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айнан ана шу ерда намоз ўқиганлар. Шунинг учун шу жойда қилинган ибодат савоби улуғ ҳисобланади.

Деворларда бир хил оралиқда Аллоҳ уйини сақлаш учун қайғурган буюк шахсларнинг исмлари ва Каъбатуллоҳда қилинган ишларни ёритувчи матн ва безаклар осиб қўйилган. Бу каби деворий лавҳлар ҳаммаси бўлиб ўн дона, уларнинг сўнггиси 1996 йилда қилинган таъмирлаш ишлари ва унда бош-қош бўлган шахс ҳақида ёзилган.

Каъба томи думалоқ ишлов берилган ёғочли учта устунда туради. Уларнинг ҳар бири уч фаришта исмлари билан номланади. Аслида устунлар фақат декоратив шифтни ушлаб туради, ҳақиқий том ундан 120 сантиметр баландроқда. У “тик” ёғочидан пухта ишланган ва замонавий гидроизоляция билан қоплангандир.

Устунлар орасида ёғочли арқон тортилган бўлиб, унда кўпгина қадимий чироқлар ва дуолар солинган турли идишлар туради.

Деворларнинг эшик бўйидан баланд қисми ва шифтга ипак мато қопланган.

Ичкарида яна бир эшик борки, унинг ортидаги зина орқали томга чиқилади. Бу эшикка ҳам оз-мунча олтин ишлатилмаган.

Каъбага кираверишда кўзга ташланадиган икки устун оралиғида ўртача катталикдаги стол бор. Унинг нима учун мўлжаллангани номаълум. Бундан ташқари, мазкур столнинг тортмаси (қути) ҳам бор, ҳозир унга дуолар ёзилган ёзувлар қўйилса керак. Олдин унда Каъбапўш ва чироқлар сақланган.

Ҳа, тўрт томонинг қибла, деганлари ана шу ер. Ичкарида на хазина, на сирли билимлар олами, на бошқа оламга етакловчи йўл ёки ғайри-табиий ҳеч нарса йўқ.

Каъбатуллоҳ ичини бўшлиқ эгаллаган. Бу бўшлиққа кирган инсон фикрини жамлаб ибодат қилиши ва Аллоҳ таоло билан эркин мулоқот қилишга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

Read 16989 times

Янгиликлар

Top