Янгиликлар

Океан орти сафари таассуроти

Америка Қўшма Штатларидаги “Туркистон-Америка жамияти” сўровига асосан Рамазон ойида диний маросимларни ўтказиш учун 2016 йил 5 июнь куни Океан орти мамлакатига хизмат сафарига чиқдим. Манзилга етиб борган куннинг ўзидаёқ тадбирларни бошлаб юбордик.

Муборак ойнинг файзли кечаларида маҳаллий аҳоли билан бирга-бирга таровиҳ намозлари, хатми Қуръон ва маърифий суҳбатлар ўтказдик. Рамазон ойи учун ушбу жамият катта ҳозирлик кўрган экан. Жамиятнинг ахборот материалларида бир ойлик таровиҳ вақтлари, ўзбекистонлик қорини таклиф этиш, Рамазон ойининг биринчи якшанба куни ифторлик уюштириш, Қадр кечасида хатми Қуръонни якунлаш, ҳайит кунидан кейинги якшанба, яъни 10 июль куни байрам дастурхони ёзиш кабилар эълон қилинган экан. Мана шу тадбирлар режасига мувофиқ хизмат сафаримни амалга оширдим.

Шунингдек, у ердаги ватандошлар таклифига асосан ифторликларда қатнашдим. Улар Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида мендан қизиқиб сўрашди. Мен амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз, хусусан мўмин-мусулмонларга берилган имкониятлар ҳақида сўзлаб бердим. Баъзи ёши улуғ инсонлар биздаги фаровонликни, файзу тароватни эшитиб, кўзларига қувонч ёшлари келди. Шунда бир отахон “ота-оналаримиз ана шундай дориломон кунларни кўрмай, ватан соғинчида армон билан ўтиб кетишди”, деб ўкинди. Айримлари мустақиллик йилларида ватанимизга келганларини гапириб, ҳақиқатан жуда катта бунёдкорликлар бўлаётганини, улар кўзни қувонтириши, таниб бўлмас даражада ўзгаришлар бўлганини тасдиқлашди.

Мен Рамазон ойида юртдан узоқда бўлсамда, доим фикру ҳаёлим Ватанда бўлди. Рамазон ойи қандай ўтаётгани, хатми Қуръонлар шукуҳини бевосита интернет сайтлари орқали танишиб бордим. Бизнинг юртимиздаги Рамазон ойи файзи ўта шукуҳли, жуда тароватли...

Рамазон ҳайитини мазкур жамиятда яхши кайфиятда ўтказдик. Ҳайит куни жамият томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ташаккурнома тақдим қилинди. Унда жумладан қуйидаги сўзлар келтирилган: “Ушбу нома билан шуни маълум қиламизки, имом Жалолиддин Ҳамроқулов муборак Рамазон ойи давомида таровиҳ намозларида, хатмларда ва ҳайит намозида имомлик қилиб берди. Жаноб Ҳамрақуловнинг исломий билими таҳсинга лойиқ, унинг бу ерга ташрифи ва ўз ишининг моҳир устаси эканидан барчамиз мамнун бўлдик. У кишининг маърузаларини тинглаш жуда мароқли. Шу муносабат билан мен Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ва имом Жалолиддин Ҳамроқуловга чуқур миннатдорлигимни билдираман.”, деб қайд этади жамият раҳбари Абдуллоҳ Хўжа.

Мана шундай самарали ва мазмунли ўтган хизмат сафари шу йил 17 июль куни якуни етди. Мен она-Ватанимга етиб келиб, яқинларим даврасида иш фаолиятимни бошладим.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме

масжиди имом-хатиби

 

Read 5578 times

Янгиликлар

Top