Янгиликлар

Президент ёшлар маънавиятига бағишланган йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Мазкур ҳудуддаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди.

Бу ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилиб, “Маърифат карвони” ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди.

Ушбу 5 ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Йиғилишда бу тажрибани Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 800 дан ортиқ маданият маркази, 312 та мусиқа ва санъат мактабига атиги 130 минг нафар ўғил-қиз қамраб олингани, мазкур муассасаларнинг аксарияти ўқув қўлланмалари, ноталар тўплами, мусиқа асбоблари ва жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмагани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари жойлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, фаолиятини яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Атоқли санъаткор ва истеъдодли ижодкорларни туманлардаги маданий ишларга кўмакчи сифатида бириктириш яхши натижа бераётганини инобатга олиб, бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унга мувофиқ, таниқли артистлар туман ва шаҳарларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилиб, ўша жойларда маданият ва санъатни ривожлантиришга масъул бўлади, туман ва шаҳарлар ҳокимлари эса ушбу ишларга моддий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беради.

Мусиқа ва санъат соҳасида олий маълумотли кадрларни кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр ўтказилишини ташкил қилиш топширилди.

Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокаманар экан, юртимизда 12 мингдан зиёд спорт иншооти борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни ташкил этгани ҳолда, Сурхондарё вилоятида атиги 12 фоиз, Хоразмда 14 ва Қорақалпоғистонда 15 фоиз, холос.

Йиғилишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси юклатилди.

Олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари барпо этиш учун ер ажратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тадбиркорларга Миллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Жойлардаги спорт мактабларига таниқли халқаро мусобақалар ғолибларини раҳбар этиб тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш яхши натижа бериши қайд этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3046 times

Янгиликлар

Top