Янгиликлар

Масжиднинг янги биноси учун биринчи ғишт қўйилди

 

Аллоҳ таоло Ўз каломида ҳамда Пайғамбар (сав) ҳадисларида баён этган буюк амаллардан бири динимиз белгиси бўлган Аллоҳнинг уйлари – масжидларни обод қилишликдир.

Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба сураси, 18-оят).

Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва юқори эътиқодимизнинг кўринишидир.

Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юртимиздаги барча масжидлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Ҳукуматимизнинг бунёдкорлик сиёсати қолаверса, халқимиз ичида саховатпеша тадбиркор ва ғаний кишиларимизнинг қилаётган хайрли ишлари туфайли қатор масжидлар қурилди, жуда кўплари таъмир қилиниб, чиройли ҳолатга келтирилди. Намозхонларимизнинг масжидларга нисбатан иззат ва эҳтиромлари ҳамда қилаётган иона-хайриялари натижасида ибодатхоналаримиз саналмиш Аллоҳнинг уйлари шинам, қишу ёзга мослашган бўлиб, намозхонлар хотиржамликда ибодатларини адо этиб келмоқдалар.

Жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжидининг янгидан қурилиши режалаштирилган биноси учун биринчи ғишт қўйилди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, мутасадди ташкилотлар вакиллари, масжид ташаббускорлари ва маҳалла фаоллари қатнашди. Ушбу хайрли ишни бошланиши истиқлолимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида кўнгилларни шод этди. Нуроний оталаримиз Ватан равнақи, юрт тинчлиги, осмонимиз мусоффалиги ва масжидларнинг ободолигини сўраб дуои хайрлар қилишди.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Read 6425 times

Янгиликлар

Top