Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида янги 2016 – 2017 ўқув йили бошланди.
Янги ўқув йилининг биринчи дарси Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарси” билан бошланди. Хотира дарсида Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.
Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билишади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борганлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари ташриф буюрган меҳмонлар бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликни қадрига етиб, янги ўқув йилида янги марраларга эришиш, илм олишда шижоат билан ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида сўзлаб, панд-насиҳатлар қилдилар.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб Қуръони карим тиловатидан сўнг, дуои фотиҳа қилинди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими