Янгиликлар

Юрт отасин хотирлаб...

Инсоният яратилганидан бошлаб ўзлари учун севимли, азиз кишиларни ардоқлаб, ёдда сақлаб келади. Уларни номини абадийлаштириш учун ўз фарзандларига улар ҳақида бот-бот сўзлаб беради.

Муқаддас динимиз таълимоти, одоб-ахлоқи қон-қонига сингиб кетган халқимизда ҳам Ватан, халқ, жамият ва инсонлар манфаати деб умрини бағишлаган, улар учун жон куйдирган кишилар номи абадийлаштирилиши ўчмас  анъанага айланган.

Шу анъанага биноан жорий йилнинг 7 октябрь, муборак жума куни мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида қайта қуриб битказилган масжид “Ислом ота” номи билан аталиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг биринчи сарбони, марҳум Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ном абадийлаштирилди.

Масжидга халқимизни севиб, уларнинг севгисига сазовор бўлган инсонининг номи берилгани айрилиқдан сўнг тушкун бўлган қалбларга ҳам таскин, ҳам қувонч улашди. Халқимизнинг масжид очилишини интизорлик билан кутгани, масжид очилганидан сўнг эса зиёрат қилиш учун одамларнинг қадами узилмай тургани, ҳатто юртимиз чекка вилоятларидан юртдошларимизнинг тўхтамай қадам ранжида қилаётгани фикримиз нечоғлик ҳақиқат эканини кўрсатиб бермоқда.

14 октябрь куни Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-мураббийлари кафедра талабалари билан биргаликда марҳум муҳтарам Юртбошимизни ёд этиш мақсадида ушбу муборак масканни зиёрат қилгани ташриф буюрдилар. Уларни масжид имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов домла кутиб олдилар ва масжиднинг бунёд этилиши билан яқиндан таништирдилар.

  Абдулҳаким домла масжид ҳақида гапирар  экан, тўлқинланиб: “Ушбу масжид халқимиз учун ниҳоятда хайрли масжид бўлди. Негаки, масжид иш бошланган куни дейсизми, биринчи ғишт қўйилган куни дейсизми, хуллас, қуриб битказилгунга қадар масжид қурилиши билан боғлиқ ҳар қандай асосий иш жума кунига тўғри келди. Ҳаттоки, очилиш куни ҳам жума куни ўтказилди”,  деди.

Зиёрат мобайнида масжид замонавий услуб ҳамда қадимий  Шарқ мусулмон меъморчилиги анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилганига гувоҳ бўлдик. Мазкур масжид 560 нафар намозхонни сиғдира олади. Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат эканини билиб олдик. Бундан ташқари, масжидда хонақоҳ, ёзги очиқ айвон, таҳоратхона имом ва ноиб хонаси ҳамда кутубхона мавжуд бўлиб, уларда фойдаланувчилар учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, масжидда илк бор кутубхона ташкил этилди. Кутубхона адабиётлар, янги нашрлар билан бир қаторда, қўлёзма ҳамда нодир манбалар билан бойитилган. Кутубхонага кираверишда раҳматли Президентимизнинг суратлари қўйилганига кўзингиз тушади. Нигоҳларида қатъият, ишонч ва меҳр қалқиб турган биринчи Юртбошимизнинг суратлари у киши томонидан амалга оширилган эзгу ишлар вафотларидан кейин ҳам давом этаётганини англатиб тургандек, гўё.

  Шундан сўнг, масжид хонақосида “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устоз ва талабалари томонидан ўқилган 4 та хатмул Қуръон масжид имом-хатиби бошчилигида ниҳоясига етказилиб, Ватанининг гуллаб-яшнаши, халқи озодлиги, фуқаролари тинч-тотувлигини таъминлашга бутун ҳаётини  сарфлаган марҳум Юртбошимизнинг муборак руҳларига бахшида этилиб, ҳақларига дуои хайрлар қилинди.

  Зиёрат сўнгида масжид имом-хатиби ташриф буюрган “Таҳфизул Қуръон” мударрис ва талабаларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдириб, халқимиз ва динимиз ривожи йўлида қилаётган меҳнатларига, олаётган илмларига ва барча хайрли ишларига муваффақиятлар тилади.

Сафардан қайтар эканмиз, ушбу муборак масканда Қуръони карим тиловати тўхтамай тиловат қилиниб, муҳтарам Юртбошимизга бағишлаб турилгани кўриб, халқимизнинг “Яхшидан боғ қолар” деган ҳикмати нақадар ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўлдик.

 Аҳмадхон РАШИДОВ,

 Тошкент Ислом институти

                                                            “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси            

 

Read 4851 times

Янгиликлар

Top