Янгиликлар

“Хожа Бухорий” да тадбир

2016  йил  20 октябрь  куни  Хожа Бухорий номли ўрта махсус Ислом билим юртида Китоб туман ҳокимлиги мутахассислари, тумандаги кўзга кўринган шоир ва ёзувчилар, билим юрти талабалари ва ўқитувчилари иштирокида “Мустақиллик – буюк неъмат” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад маънавий-маърифий режаларда белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, аҳамияти ҳамда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталикнинг қадрига етиш, уни ёшлар қалбига чуқур сингдириш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш, фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириб боришдан иборатдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк неъмат – мустақиллик, аввало, халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни бергани, инсоний шаънимизни, миллий онгимизни, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимиз, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб бергани, энди уни асраб авайлаш зарурлиги  ҳақида сўз юритдилар.

Шу билан бирга 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 27 йил тўлиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонуни ва унга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисида ҳам батафсил тушунчалар берилди.

Шунингдек, 6 – 18  октябрь  кунлари  билим юртининг барча гуруҳлари ўртасида мустақиллик йилларида диний соҳада эришилган ютуқларни ёритиб берувчи  “МУСТАҚИЛЛИК – МЕНИНГ ҲАЁТИМДА” мавзусидаги ижодий ишлар кўрик-танлови  эълон қилинган эди. Танловга талабалар томонидан рефератлар, иншолар, шеърлар ва суратлардан иборат 30 га яқин ижодий ишлар тақдим этилди. Шу куни мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

 

Азамат УСМОНОВ,

 Ахборот-ресурс маркази мудири

Read 4536 times

Янгиликлар

Top