Янгиликлар

БОШИМИЗ КЎККА ЕТДИ

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи, имконияти чекланган ҳамюртларимиз Исмоилова Мубина, Ҳамидов Насрулло, Бобомуродов Муҳаммад ва Исакова Мамлакатга ногиронлик аравачалари совға қилинди.

Мазкур совғалардан бирини қабул қилиб олган Мамлакат она: “Яратганга шукр, ҳукуматимиз ва саховатпеша инсонлар томонидан биз каби инсонларга кўрсатилаётган меҳр-муравватнинг чеки йўқ. Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кўрсатилган ёрдам учун Диний идора раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Барака топишсин, эътибордан бошимиз кўкка етди” деб самимий тилаклар билдириб, дуо қилди.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз! Ҳаммангизнинг қайтадиган жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир”. (Моида сураси, 48-оят)

Хайрли ишлар жуда кўп. Фақат бу ишларни қилишда савоб умидида холис бўлиш энг муҳим шарт ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ва У зотнинг сафдошлари нечоғлиқ саховатпешалик билан инфоқ-эҳсон сабабли Аллоҳ ва унинг Расули муҳаббатига сазовор бўлганлари тарихдан маълум. Жумладан, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а) бир муҳтожга бор молу дунёларини сарф қилиб юборганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) оилангизга ҳам бирор нарса олиб қолдингизми?, деб сўраганларида, у киши: оиламга Аллоҳ ва унинг Расулининг муҳаббатини  қолдирдим, деб жавоб қилдилар.

Демак, биз ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в) ва саҳобалардан ибрат олиб, бир-биримизни яхши ишларга чақириб, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга ёрдам қилишга сабабчи бўлсак ҳам, хайру-эҳсоннинг савобидан баҳраманд бўламиз.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга заиф, бечораларни топишга ёрдам беринглар. Сизларнинг ризқингиз ва ютуқларингиз асосан заиф ва бечораларга ёрдам беришингиз сабабидан зиёда бўлади”, - деб таъкидлаганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Турли офат ва мусибатларнинг келиши, хусусан, ризқнинг камайиши мискин ва бечораларнинг ҳолидан хабар олмаслик сабабидан экани Қуръони каримда баён этилган. Албатта, кўнгли ярим инсонларнинг қалби мусаффо бўлади. Улар ўз ҳолларини доимо Аллоҳга арз қилиб турадилар. Яратганни кўпроқ эслайдилар. Шу сабабли, уларнинг дуоси мақбул бўлишидан умид қилинади. Шундай экан, уларга меҳр-мурувват кўрсатиб, дуоларини олган инсон икки дунёда камлик кўрмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саховатли инсонлардан қилсин.

 

Масжидлар бўлими ходими

Сарвар Муҳаммадиев

Read 5375 times

Янгиликлар

Top