Янгиликлар

Қирғизистон Республикаси олий делегацияси Cамарқандга ташриф буюрди

2016 йил 24 декабр куни Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Самарқандга келди.

Олий даражадаги делегация дастлаб марҳум Президентимиз қабрини зиёрат қилиш учун Хизр масжидига келди. У ерда Қуръон тиловати қилиниб, марҳум юртбошимиз руҳи покига бағишланди.

Зиёрат асносида меҳмонлар ўзбек халқига ўзлигини қайтариб берган, юртни мустақиллик сари бошлаб, қисқа вақт ичида асрга татигулик ислоҳотлар, бунёдкорликлар олиб борган марҳум Ислом Каримов мангу қўним топган жой унинг номига ўта муносиб бўлгани, Самарқандда илк қурилган масжид – “Хизр” масжиди ёнида ва улуғ саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу қабрларининг яқинидан танланган ўрин оқилона танлов эканини эътироф этдилар.

Кейин эса делегация таркибида келган Қирғизистон Республикаси уламолари кенгаши раиси Абдушукур ҳожи Норматов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида зиёратни давом эттириш учун Имом Бухорий мажмуаси томон юрди. Мажмуада дастлаб Бухорий ҳазратлари қабри ҳамда мажмуа бўйлаб зиёрат амалга оширилди. Меҳмонлар мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тингладилар. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида фикр билдириб, ўзларининг таҳсинини, мутасаддиларга нисбатан чуқур миннатдорчилигини билдирдилар. Сўнгра аср намозини адо этиш мақсадида Имом Бухорий жоме масжидига кирилди. Масжид имом хатиби Зайниддин Эшонқулов намоздан олдин жамоатга меҳмонларни таништирди ва тинчликни қадрлаш, уни авайлаб-асраш, турли ёт ғоялар, салбий таъсирлардан ҳимояланиш, айниқса ёш авлодни бундай кучлардан йироқда тутиш ҳақида маъруза қилди. Маъруза сўнгида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ваъзни ниҳоялаб дуо қилиб бердилар.

Шунингдек ташриф асносида ҳар икки давлат диний раҳнамолари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича давра суҳбати ўтказилди. Томонлар бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, ҳамкорлик ишлари истиқболли бўлиши ҳамда давлатларимиз қўшничилиги мустаҳкам давом этишини тилаб қолдилар. Учрашув сўнгида меҳмонларга Регистон мажмауси акс эттирилган ғилофли сувенир (лаган) совға тариқасида инъом этилди.

Сўнгра Имом Бухорий халқаро марказига ўтилди ва меҳмонларга марказ фаолияти батафсил таништирилди. Айниқса у ерда имомлар учун махсус малака ошириш ўқувлари ташкил этилгани ва етмиш кун давомида диний ходимларнинг диний, дунёвий ва сиёсий фанлар асосида билим, кўникмаларини ошириб боришлари меҳмонларга алоҳида таассурот уйғотди.

Шом намози Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” жоме масжидида адо этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов йиғилганларга меҳмонларни таништирди ва уларнинг ташрифи моҳияти ҳамда мақсади ҳақида маълумот берди.

Ташриф сўнгида қўшниларимиз мусулмон олами эътироф этган кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон бугунги кунда ҳам ота-боболари изидан бориб, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани, дунё ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлаб, бу диёр ва унинг халқига порлоқ келажак тилаб қолдилар.  

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Read 3866 times

Янгиликлар

Top