Янгиликлар

Шарифа Ғаниева («Зиё» студияси муҳаррири). Телевидение йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:

“Рағбат ҳар бир соҳа эгасига куч-ғайрат ва шижоат баҳш этади. Келгуси иш жараёнида янада матонат ва шижоатли бўлишни мақсад қилади. 2016 йилнинг Сарҳисоб танлови ҳам жуда кўп юртдошларимиз учун юксак мақсадларни олиб келди, десак янглишмаган бўламиз. Мен ҳам ана шундай саодатли ва иқтидорли юртдошларимиз орасидан ўрин олганим учун беҳад мамнунман. Бу эътироф фақатгина меники эмас, балки бутун "Зиё" студияси жамоасига ҳам тегишлидир. Бу ютуқ бизга янгидан янги лойиҳалар устида изланишимиз ва илмий фаолиятимизни янада бойитишимиз учун муҳим турткидир.

Йил давомида амалга оширган ишларимизни кўздан кечираётган бир пайтда кичик хизматларимиз юксак баҳоланди. Бунинг қувончини биргина сўзлар билан ифода этиш мушкулдир. Бироқ юртимиздаги тинчлик осойишталик учун Яратганга шукроналар айтишдан чарчамаймиз. Ижодкорлар учун бундай мукофотларни таъсис этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”. 


 Аброр Акбаров («Ўзбекистон» телерадиоканали муҳаррири). Радио йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:

“Муқаддас қадриятларимиз, аждодларимизнинг бебаҳо меросларини имкон қадар халқимиз, ёш авлодга етказишдек масъулиятли вазафадан бугун бахтиёрмиз. Бу соврин бизни келгусидаги фаолиятимизда янада ғайрат, янгича услублар билан меҳнат қилишга ундайди”.     


 Олимхон Юсупов (Имом Бухорий халқаро маркази ходими). Матбуот йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:

– “Динимизнинг софлигини асрашда, унинг асл моҳиятини кенг оммага етказишда, ботил эътиқод ва ақидалар хуружидан халқимизни огоҳлантиришда хизмат қилган барча соҳа вакилларини муборакбод этаман. Бугун бизнинг зиммамизда улкан вазифалар бор. Аллоҳ хайрли ишларда бачамизга Ўзи мадад берсин!”. 


 Шоҳрух Ҳожибоев («Зиё» студияси видеомуҳандиси). Радио йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:

– “Бу йилги “Сархисоб” танлови жуда чиройли ва ўзгача руҳда ўтди. Ташкилотчилар ҳам танловни ўтказишга катта тайёргарлик кўргани, тадбирни эсда қоладиган, инсон қалбининг тубига кириб борадиган, шукроналик туйғуларини ҳис этишга ундайдиган махсус лавҳалар билан маросимни бойитилганини алоҳида таъкидлаш лозим”. 


 Жасур Раупов (Тошкент шаҳар «Носирхон» масжиди имом-хатиби) Телевидение йўналиши бўйича Рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:

– “Албатта бу ютуқ кутилмаган ютуқ бўлди. Бу эътироф бизга янада масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб  ОАВ лари орқали улуғ неъмат – тинчликни асраб-авайлашга бўлган тарғибот ишларида фаолликни оширишга далда бўлади, деб умид қиламиз. Танловни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот Агентлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман”


 Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби, muxlis.uz Интернет манзили муҳаррири). Интернет йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:

–  “Танловда қатнашиш борасида биз фарзандларимизнинг руҳий тарбия борасидаги билимларини оширишга қаратдик. Қолаверса, бугунги кунда ИШИД фитнаси борасидаги асл воқеликни очиб бердик. Шу билан бирга мутаассиблик борасидаги ҳолатларни ифодаловчи мавзуларда ижод қилдик. Аллоҳга шукрки, веб сайтимиз фаолиятини бошлаганига шу кунларда 4 йил бўлибди ва бу соврин ана шу санага ўзига хос совға бўлди”.   


 Зоиржон Содиқов (ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллигининг vakillik.uz, minor.uz Интернет манзиллари юритувчиси). Интернет йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:

–  “Буюк алломаларимиз, устозларимиздан бир гўзал ибрат бор. Битган китоблари муқаддимасида: “Ушбу китобдан манфаатлар топсангиз Аллоҳ таолодан, бирор хато топсангиз камина ходимингиздан деб билгайсиз”, дея айтиб ўтадилар.

Осуда ва обод юртда фикрларимизга қувват, интилишларимизга мадад берган Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз. Зеро, шу онда қайсидир ерларда қанчадан-қанча орзулар, мақсадлар чил-парчин бўлмоқда, вайрон этилмоқда...

Фурсатдан фойдаланиб, истиқлолимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Сўнмас туйғу”, “Истиқлол саодати: Кеча ва бугун” лойиҳаларида бизга кўмак берган устоз, имом-хатибларимизга миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Шунингдек, кўрик танлов ташкилотчиларини бундай юқори савиядаги маросим билан қутлаб, ўз ташаккурларимизни билдирамиз”. 


 Илҳом Марупов («Мовароуннаҳр» нашриёти муҳаррири. Радио йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:

– “Кичик бир ишларимиз бу қадар катта ютуқларга сабаб бўлишини кутмаган эдик. Ижодкор инсонга озгина эътибонинг ўзи етарли бўлади. Бошқача айтганда, ижодкорни қушга қиёсласак бўлади. Ижодкорнинг рағбатлантирилиши қушнинг икки қаноти билан парвоз қилгандек. Бир томондан фахр, ғурур бағишласа, бир томондан масъулият бағишлайди. Албатта бу келгусида янада самарали ижод қилишга ундайди”. 


 Насим Муинов («Оилавий» телеканали режиссёри). Телевидение йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:

– “Дунёдаги энг бағрикенг дин – Ислом дини. Динимиз эзгулик, осонлик дини эканлигини кенг оммага етказишимиз, ОАВлари орақли содда равишда тушунтиришимиз керак. Биз журналистларнинг мақсади динни, ундаги арконларни шаффофлигича етказишдир. Диний-маърифий йўналишдаги бу танловда қатнашиш катта бахтдир. Қанчадан-қанча зиёлилар, аҳли илмлар ичида эътироф этилишимиз эса катта бир ҳодисадир. Мен ғолиблар ичида бўлишимни ҳатто ўйламаган эдим. Шу фурсатдан фойдаланиб танлов ташкилотчиларига бундай юқори даражадаги тадбирни уюштирганликлари учун самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Маросимдаги видеолавҳалар, ижодий ишлар бизни ҳайратга солди. Барчаси учун ташаккур!”. 


 Иброҳим Усмонов (Тошкент ислом университети проректори). Матбуот йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:

– “Якунига етиб бораётган бу йилда маҳаллий ва  хорижий матбуотда ҳамда халқаро конференцияларда диний-маърифий йўналишдаги ижодий ишлар билан иштирок этдим. “Сарҳисоб” танлови – аъло даражадаги ташаббусдир. Жуда ҳам хассос бир йўналишда ижод қилаётган, катта масъулиятни бўйнига олган муаллифларни тақдирлашнинг ўзига хос йўлидир. Ўйлардимки, кейинги йилларда хориж ОАВларида Ўзбекистондаги дин сохасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этувчи мақолалар, чиқишлар бўйича ҳам йўналиш ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди”. 


 Даврон Нурмуҳаммад («Мовароуннаҳр» нашриёти ходими). Матбуот йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:

 

– “Ҳар йили анъанавий тарзда илм зиёси тарқатувчиларни муносиб тақдирлаётган “Сарҳисоб” танлови ижод аҳлига қаратилаётган эътиборнинг юксак намунаси бўлиб, бу танлов ижодкорларга юксак ифтихор бағишлаши билан бирга, улкан масъулиятни ҳам юклайди. Аслида, сиз ёзган мақолани юртдошингиз ўқиб, ундан манфаат топиб, “мақолангизни ўқидим, яхши чиқибди”, деса бунданда ортиқ мукофот, бахт йўқдир. Бинобарин, бахт бу – динимиз, халқимиз, яқинларимизга оз бўлсада фойда етказиш йўлида хизмат қилишдир. 

Биз ушбу танловни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган барча азиз устозу, меҳнаткаш ишчи, ходимларга чуқур ташаккур изҳор этамиз. Зеро, севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларга ташаккур этмаган Аллоҳга шукр қилолмайди”, деганлар.” 


 Исомиддин Аҳроров (Тошкент шаҳар «Оқилон» масжиди имом-хатиби). Радио йўналиши бўйича Рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:

– “Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни оммага кенг тарғиб этиш, динлараро бағрикенглик, дўстона муносабатлар ила шакллантирилган эзгу ғояларини оммалаштиришда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносибларини рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танловини ўтказиш анъанга айланди.

Ушбу эзгу ва ҳайрли иш юртимиздаги диний соҳада фаолият олиб бораётганларнинг ўз касбига садоқат ва масъулият билан ёндашишга ундайди. Шунингдек, юртимиз тинчлиги ва халқимиз хотиржамлигига, ёш авлодни турли ёвуз ғоялардан асрашга ҳизмат қиладиган янги-янги ижодкорлар ва ташаббускорларни вужудга келишига ҳизмат қилади, десам муболаға бўлмайди.

«Сарҳисоб» танлови диний соҳа вакилларнинг дунёвий ва диний дунёқарашларини янада шакллантиришга, илмий изланишларни жадаллаштиришга, ўз устида тинмай ишлашга, доимо ушбу соҳада пешқадам бўлишга чорлайдиган ва қилган меҳнати сабабли рағбатлантиришга олиб борувчидир, десам айни сўзни айтган бўламан”. 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Read 6094 times

Янгиликлар

Top