Янгиликлар

2017 йилнинг илк ўқув-машғулотлари бошланди

2017 йилнинг 8 январь куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра IX босқич ўқув-машғулотларининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбирда Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зуҳриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Шунингдек, юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан масжидлар, табаррук қадамжолар таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилгани, шу билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан имом-хатиблар фаолиятини, уларнинг билим даражаларини янада яхшилаш мақсадида, турли хайрли тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги бузғунчи гуруҳлар, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо ва фитналардан огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган турли маърифий тадбирларда уларнинг кирдикорларини тўғри ва холисона очиб бериш таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида халқимиз, хусусан, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги чиқишлар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Тингловчилар ҳукуматимиз томонидан мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларга, эътиқод эркинлигига берилаётган юксак эътибор ва диний ходимлар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган, барча шароитларга эга бўлган ушбу илм ва маърифат масканида иккинчи бор ўқувларда иштирок этаётганлари учун Яратганга шукрона келтириб, самимий миннатдорчилик изҳор этиб, дуои хайрлар қилдилар. Тингловчилар бундан олти йил муқаддам бу даргоҳда олган билим ва кўникмалари иш фаолиятлари ва жамоат билан ишлаш асносида ўз самарасини берганини эътироф этдилар.

Ўқув-машғулотларининг биринчи суҳбатини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур олиб бориб, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуларида маъруза қилди. Шу тарзда, II давра IX босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Read 4865 times

Янгиликлар

Top