Янгиликлар

Имом Бухорий халқаро марказида навбатдаги босқич ўқувлари бошланди

2017 йилнинг 12 февраль куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра Х босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рўйхат асосида 70 нафар масжид имом-хатиблари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. И.Иномов, Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Ш.Абдирасилов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат якунида ҳозирдаги айрим экстремистик гуруҳларнинг бузғунчи ғоялари айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо ва фитналардан доимо огоҳ бўлиш ва шу билан бирга жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда бу масалалар юзасидан холисона ва тўғри тушунтириш ишлари олиб бориш, диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар бугунги кунда янада шижоатли, билимли, ҳар тамонлама етук кадр бўлиб, замон билан ҳамнафас яшаш, бепарво ва лоқайд бўлмаслик лозимлиги таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида ўзларининг ҳозирги глобаллашув даврида халқимиз, хусусан ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги мақолалар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.
Тингловчилар бундан бир неча йил муқаддам бу даргоҳда олган билим ва тажрибалари ўзларининг иш фаолиятларида қўл келганини эътироф этиб, дунёда ягона бўлиб турган бу марказнинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар тилаб, ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

13 февраль куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. Иброҳим Иномовнинг “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузалари тингланди.
Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Ўқув хоналари ва ётоқхона электр манбаи, иссиқ сув ва бошқа қулайликлар билан талаб даражасида таъминланган.
Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун зарур шароитлар ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, II давра Х босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

 

 


Муҳаммадназар Қаюмов,
ЎМИ Масжидлар бўлими мудири

Read 5113 times

Янгиликлар

Top