Янгиликлар

“Исро” оятидаги “Исро” сафари

Исро кечаси ислом тарихидаги буюк тарихий ва мўъжизавий ҳодисадир. Имом Нававий: ““Исро” ва “Меърож” воқеаси Қуръони каримдан кейинги энг улуғ мўъжизадир”, деганлар.

Исро билан меърожнинг бир-биридан фарқлаш лозим. Исро – бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Қудсга – Ақсо масжидига боришлари. Меърож “Масжидул Ақсо”дан олий самоларга, кейин, “Сидратул мунтаҳо”га кўтарилишлари сўнгра, ўша кечанинг бир қисмини ўзидаёқ “Байтул мақдис”га самовий сайр қилиб қайтганларидир. Айнан манашу меърож кечасида мусулмонлар зиммасига беш вақт намозларни адо қилиш фарз қилинган.

Аллоҳ таоло ўзининг мўъжизакор каломида:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آَيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ 

“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир” (Исро сураси, 1-оят).

Мазкур ояти кариманинг латиф маъноларини бирозгина ўрганиб кўрайлик:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَىОятнинг бошланишига эътибор беринг!

سُبْحَانَ (субҳана) сўзини араблар одатда муҳим ҳодиса ёки ҳолат учун ишлатишади. Шунингдек, ушбу калима ўта ҳайратланган пайтда айтилади. Демак, маълум бўладики, Аллоҳ таоло айтмоқчи бўлган хабар муҳим экан. У шунчаки оддий нарса эмас, балки ҳайратланадиган даражада эътиборли эканлигини билдиради.  Аллоҳ таоло ушбу оятида “Биз сизга “Исро” хабарини қисса қилиб берамиз”, “Сизга “Исро” хабари келдими”, ёки “Сиздан “Исро ва Меърож” ҳақида сўрашади, айтинг “сизларга тез кунда у ҳақда айтиб бераман”, демади. Шунингдек, “Уларга Исро хабарини тиловат қилиб бер”, деб ҳам айтмади. Балки, бу буюк ҳодисани

Ўзининг سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى “... тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур” деб бошлади.

Бундан ташқари, “субҳана” “покдир” деган маънони англатади. Яъни, Аллоҳ таоло зотида пок, сифатларида пок, феълларида пок, Унинг шериги ҳам йўқ, тенги ҳам йўқ, ўхшаши ҳам йўқ, У эшитгувчи ва кўргувчидир. Бу Қодир, Ҳаким илоҳ инсоният қонуниятларидан покдир. Пайғамбарига инсон тоқатидан ташқари бўлган макон ва замонни чегараси бўлмаган неъматни берди. Чунки, У замон ва маконнинг ҳам яратувчисидир. Агар буни билсанг ва Парвардигорингни инсоният қонунидан покласанг ва ҳамма нарсага қодир эканлигига имон келтирсанг бу қодир Аллоҳ нима қилганини эшитганингда ҳайратга тушмайсан. У бандасини Маккадаги масжиди ҳаромдан Қудсдаги Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирди. “Исро”нинг маъноси “тунда сайр қилдирди” деганидир.

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ (Бандасини тунда сайр қилдирган Зот покдир). Ояти каримада Пайғамбарини, расулини ёки Муҳаммад ибн Абдуллоҳни деган калима билан зикр қилмасдан балки, бандасини деди. Чунки, диннинг ҳаммаси инсоннинг Аллоҳ таоло учун бандалик қилишлик устига барпо бўлган. Шунингдек, Қуръондаги бу ибора бизларга қатъий далил берадики, исро руҳ ва жасад билан биргаликда бўлган. Чунки,  بِعَبْدِهِ  (бандасини) дейишлиги, зеро, руҳнинг ўзигагина عَبْد (банда) дейилмайди. Шунингдек, жасаднинг ўзига ҳам عَبْد (банда) деган сўз ишлатилмайди. Қачонки руҳ ва жасад биргаликда жамлангандагина унга عَبْد (банда) дейилади. Тасбеҳ улуғ ишлар қаршисида айтилади. Агар мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ухлаётган пайтларида содир бўлганида, бу ишда алоҳида бир улуғлик бўлмасди, Қурайш ҳам буни бирдан инкор қилишга ошиқмас эди.  Зеро, банда руҳ ва жасаддан иборат. Агар мазкур воқеа У зотнинг ухлаган пайтларида фақат руҳларига боғлиқ ҳолда   содир бўлганида эди, оятда “Бандасини” деб эмас, балки “Бандасининг руҳини” деб айтилган бўларди. Қолаверса, бу ақлан ҳам тўғри эмас. Чунки, у зот Буроққа миндирилганлар. Буроққа эса руҳ миндирилмайди, балки тана миндирилади.

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا Бандасини тунда сайр қилдирган Зот покдир”. Нима учун тунда?

Чунки, тун ҳаракатлар уйқуга кетган, сукунат оғушига чўмган, шовқинлар тинган осуда пайтдир. У вақтда муножот завқли, Аллоҳ билан мулоқот ва яқинлашув ширин бўлади. Бундан ташқари, “асро” калимасини ўзи тунда сайр қилдириш деган маънони англатади. Лекин такроран тунда деб таъкидланишининг сабаби шундаки, одатда тунда бўлган ишларни ҳеч ким кўрмайди.  Демак, бу муборак сайр мусулмонларнинг иймонларини имтиҳон қилишлик учун ҳам бўлган. Чунки, кундузи сайр қилдирилганида бу хабарга ишонадиганлар кўпроқ ва бу оддий ҳолат бўлиб қолар эди. Тарихдан бизга маълумки, мазкур воқеа туфайли иймони саломатлар бошқалардан ажралган.

Қаердан қаерга сайр қилдирди?

“Масжидул Ҳаром”дан “Масжидул Ақсо”га. “Масжидул Ҳаром” сўзи “сақланган”, “ҳимоя қилинган масжид” деган маъноларни англатади. У ерда баъзи ишлар мумкин бўлмаганлиги учун ҳам шундай номланган. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар бино қилган Каъбаи мушаррафадан “Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир. Унда аниқ аломатлар – “Мақоми Иброҳим” бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 96-97 оятлар).

Сайрнинг бошланиши мусулмонлар учун ҳурматли ва суюкли Маккаи мукаррамадан Қуддусдаги Масжидул Ақсога бўлди. Аллоҳ таоло шунчаки Масжидул Ақсо деб қўйгани йўқ балки, уни “Биз атрофини баракотли қилган” дея сифати билан келтирди. Масжидул Ақсони атрофидаги ерлар шу қадар унумдор ва серхосил эканки, у ерда бошқа жойларда учрамайдиган турли ва ширин мевалар бўлади.

Нима учун Қуддус ер билан осмон орасидаги тўхташ жойи қилиб белгиланди?

Масжидул Ақсо муборак сафарнинг бир қўнимгоҳи эди. Зотан, у муқаддас замин пайғамбарларнинг бешиги саналади. Шунга кўра у жойда тўхтаб ўтишлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнниг динлари энг улуғ дин эканлигини кўрсатиб қўйишлик учун бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Масжидул Ақсо томон юрдилар ва у ерда тўхтадилар. Бу барча пайғамбарларнинг дини билан пайғамбаримизнинг динлари ўртасидаги кучли бир илоҳий боғлиқликка ишорадир. Аллоҳ таоло Ислом башарият учун юборган энг охирги ва мукаммал дини экани ва У зотни бутун оламларга пайғамбар қилиб юборилганликларини кўрсатиш учун у ерда барча пайғамбарларга намозда имомлик қилдилар.  

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَىБандасини Маккадаги масжиди Ҳаромдан Қудсдаги Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зот покдир”. Масжидул Ақсо аввалги қибла ва учта Ҳарам (мукаррам) бўлган маконларнинг биридир.

Аллоҳ таоло нақадар буюк ҳикмат ва билим соҳибидир. Яратган Аллоҳ  барчамизга ўзининг каломини ўқийдиган ва маъноларини теран англаб, ундаги илоҳий таълимотларга оғишмай амал қилиб боришимизда Ўзи кўмакчи бўлсин!

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Read 4897 times

Янгиликлар

Top