Янгиликлар

​Юртимизга Россия диний уламолари делегацияси ташриф буюрди

Жорий йилнинг 24 июль куни  Тошкент шаҳрига Росссия Федерациясининг бир қатор кўзга кўринган Ислом дини вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Делегация таркибидан Татаристон Республикаси муфтийси Камил хазрат Самигуллин, муфтий ўринбосари Мансур Жалалетдинов, Россия ислом таълими бўйича Кенгаш раҳбари ва Россия ислом университети ректори Рафиқ Мухаметшин, шунингдек, Москва мусулмонлари диний идораси ва Марказий регион “Москва муфтияти” муфтийси Албир хазрат Крганов, Халқаро ислом бизнеси Иттифоқи президенти Марат Кабаев ва бошқалар ўрин олган. Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси Ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан кутиб олинди. 

Делегиция ташрифи доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Юсупов Ортиқбек ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов билан  учрашув ўтказди. Шундан сўнг, делегация аъзолари Тошкент ислом университетида бўлди. Учрашувлар чоғида таълим, фан ва маданият масалалари ҳамда диний-маърифий, илмий меросни ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш, нашрларини амалга ошириш хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди ва муайян хулосаларга келинди.

Шунингдек, ташриф чоғида делегация аъзолари “Манбалар хазинаси” қўлёзмалар фонди, университет ҳудудидаги Юнусхон ва Шайхонтоҳур тарихий мажмуалари билан яқиндан танишди.  

Бундан ташқари, мартабали меҳмонлар “Мир-Араб” мадрасаси, Имом Бухорий мақбараси, Самарқанд шаҳридаги қадамжолар ҳамда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилдилар.

Read 3829 times

Янгиликлар

Top