muslim.uz

muslim.uz

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да имом-хатиблар ҳамкор идоралар мутасаддилари билан бирга жойларда халқ билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Имом-хатибларимиз аҳоли билан мулоқот ўтказиш учун хонадонларга кириб борганларида хонадон эгалари: “Ташрифингиздан бошимиз кўкка етди” дея миннатдорчилик билдирмоқда. “Нима камчилик, биздан қандай ёрдам, ечимини топиш керак бўлган қандай муаммолар бор?” дейилганида бир отахон бундай жавоб берди: “Муаммо дангаса ва бекорчида бўлади. Худога шукр, уй-жой, кийим-кечак... асосийси танимиз соғ, хотиржаммиз. Қолган камчиликлар ҳаётимиз мазмуни”. Бу жавоб барчани мамнун қилди.

Хонадонларда муаммоларга ҳам дуч келинмоқда: аразлашиб қолган ёш оилалар, дарс қолдираётган ўқувчилар, ака-ука ва опа-сингиллар муросасизлиги... Улар билан юзма-юз гаплашиб, керакли насиҳатлар берилди. Қувонарлиси, уларнинг аксари шу жойнинг ўзидаёқ муросага келишди. Моддий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга ҳам мутасадди идоралар ва имом-хатиблар баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимда-ким бир мусулмон дўстининг эҳтиёжини таъминлашга ҳаракат қилса – уни эҳтиёждан чиқарган ё чиқаролмаганлигидан қатъи назар – Аллоҳ аввалги ё келгусида қилиши мумкин бўлган гуноҳларини афв этади. Бундан ташқари, унга икки бағот (мукофот ёрлиғи) беради. Бири уни жаҳаннам оташидан, бошқаси нифоқдан ҳимоя қилади”,  дея марҳамат қилдилар.

Муқаддас динимиз таълимотларига холисона ёндашган киши борки, бу дин ҳар бир жамиятда аъзоларининг манфаатини таъминлаш борасида энг самарали натижаларни йўлга қўйганига амин бўлади.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да динимиз таълимотларига содиқ қолган ҳолда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ана шундай хайрли ишларимиз салмоғини ошириш ҳамда улар янада самарали бўлиши  учун ҳаракатда давом этмоқдамиз. 

 

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,

Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

 

Шайх Абдул Босит Ҳомид Муҳаммад Мутаваллий 1928 йили 1 Январда Мануфия вилоятининг “Шабинул кум” маркази Шибробос қишлоғида туғилган. У зот Абдул Босит Ҳошим Муҳаммад номи билан танилган. Чунки Ҳошим У зотни отаси вафот этганидан сўнг ўз кафиллигига олиб тарбия қилган эди.

Шайх Абдул Боситни отаси, У зот туғилишидан олдин вафот этган. Онаси, У зот туғилганидан сўнг 6 ой ўтгач вафот этади. У зотни кўзлари 5 ёшларида ожиз бўлиб қолади. Шайх Абдул Босит опаси ва унинг эри билан биргаликда Искандарийяга сафар қилади. У зотни ёшлари 7 га тўлганида, поччаси уларни (Шайх Абдул Босит ва опаси) икковларини ташлаб кетади. Шундан сўнг Қоҳирага сафар қиладилар. Уларни Ҳошим Муҳаммад ўз қарамоғига олиб, уларни тарбия қилади.

Шайх Абдул Босит Қуръони Каримни Ҳошим Муҳаммаддан таълим олиб 8 ёшида тўлиқ ёд олади.

Ҳошим Муҳаммад Шайх Абдул Боситни Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган санад билан Шайх Аҳмад Абдул Ғаний Абдур Раҳимдан ўтказиб олиши учун Усют шаҳрига юборади. Шайх Аҳмад Абдул Ғаний Абдур Раҳим 7 қироатдан ижоза берадиган қориларнинг бири эди. Шайх Абдул Босит У зотдан турли матнларни ўтказиб олиб, ижоза оладилар.

Шайх Абдул Босит 11 ёшида 4.5 ойда “Матнуш Шотибийя” ни ёд олади. Сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғанийдан 5 йил мобайнида матнни ўтказиб олади. Шу аснода Шайх Абдул Босит У зотдан “Муватто” ва “Булуғул амнийя фи шарҳи итҳафил барийя” китобларидан ҳам дарс олади. Шайх Абдул Босит 7 қироатдан ижозани олганидан сўнг, Шайх Аҳмад Абдул Ғаний У зотни ўзларининг устози бўлмиш Маҳмуд Муҳаммад Хаббутнинг ҳузурларига юборадилар. Шайх Абдул Босит Бу зотдан “Дурраҳ” ва “Шотибийяҳ” йўналишларидан ижоза олади. Сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғанийнинг олдига қайтиб келади. Шайх Абдул Босит келганидан сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғаний улуғ шайхларни меҳмондорчиликка чақиради. Шайх Абдул Босит уларни ҳузурдарига киради. Уларни ҳар бири 15 тадан савол бериб, Шайх Абдул Боситни имтиҳон қиладилар. Имтиҳондан яхши ўтганидан сўнг Улар Шайх Абдул Боситга 10 қироат бўйича ижоза берадилар. Шундан сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғаний ўзлари ҳам ижоза берадилар. Мана шу вақтда Шайх Абдул Боситни ёшлари 17 да эди.

Шайх Абдул Босит кейинчалик Қоҳирага сафар қилади.  У ерда 2 йил қолади. Сўнг “Масжидул Қоноий” нинг имоми Шайх Мустафо Ҳасан Саъиднинг ҳузурига боради. У кишидан ҳеч қандай ҳақ олмасдан, Қуръони Каримдан таълим беришга келишиб олишади ва у кишига Шайх Абдул Босит 19 ёшида “Тоййиба” матнидан таълим беришни бошлайди. Шу билан у ерда 8 йил қолиб кетади. Шайх Абдул Босит “Анкабут” сурасини тиловат қилиб берганидан сўнг Шайх Мустафо Ҳасан вафот этади. Шайх Мустафо Ҳасан вафотидан олдин “Тоййиба” йўналиши бўйича Шайх Абдул Боситдан ижоза олган эди.

Кейинчалик Шайх Абдул Босит Қоҳирадаги “Қироатлар институти” га ҳужжат топширади. Буни эшитган Азҳарнинг шайхи Абдур Раҳмон Тож Шайх Абдул Боситни фиқҳ, тафсир, тавҳид, наҳв, сарф ва балоғат фанларидан имтиҳон қилади. Сўнг Шайх Абдул Боситни буюк иқтидор соҳиби ва илмий савияси жуда ҳам юқори эканини билгач, Шайх Абдул Боситга Азҳар университетига тафсир йўналиши бўйича Магистр ва Докторлик учун ҳужжат топширишни таклиф қилади. Шундан сўнг 1962 йили Шайх Абдул Босит Докторликни қўлга киритади. Ва Азҳар университетининг усулуддин факултетида дарс бера бошлайди. Узоқ вақт дарс беради.

Устозлари:

  1. Шайх Аҳмад Абдул Ғаний
  2. Шайх Маҳмуд Муҳаммад Хаббут
  3. Шайх Мустафо Ҳасан Саъид ва бошқалар.

Шогирдлари:

  1. Аҳмад Ҳомид Абдул Ҳаафиз оли Туъайма
  2. Маҳдий Муҳаммад Ҳарозий
  3. Холид Ҳасан Абул Жуд
  4. Аҳмад Толабаҳ
  5. Абдуллоҳ ибн Солиҳ
  6. Абдуллоҳ ибн Ножий ва бошқалар.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Абдус Сомад Абдул Босит

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Наврўз” байрами муносабати билан бўлиб ўтаётган футбол мусобақаси ўзига хос янгиликка айланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг "Мустақиллик" жамоаси мусобақада меҳмон бўлиб қатнашгани учун миннатдорчилик билдирамиз.

Мусобақанинг кеча бўлиб ўтган финал босқичи қуйидаги натижа билан якунланди:

1-ўринни “Дўстлик” жамоаси қўлга киритди;

2-ўрин “Мовароуннаҳр” жамоасига;                              

3-ўрин  эса "Ҳазрати Имом" жамоасига насиб этди.

Мусобақа сўнггида қуйидаги ўйинчи ва томошабинлар тақдирланди:

Энг яхши дарвозабон – Умид Содиқов (ТВИ)

Энг яхши ҳимоячи – Шавкат Аписов (ТВИ)

Энг яхши ярим ҳимоячи – Акбар Шаймов (Нашриёт)

Энг яхши ҳужумчи – Шуҳрат Ҳожибоев (ТВИ)

Энг яхши мураббий – Хайрулло Турматов (ТВИ)

Энг ёши улуғ ўйинчи – Анвар Рисбоев (ТВИ)

Энг кўп тўпурар – Муҳаммадзоҳид Мубаширов ("Кўкалдош")

Энг интизомли жамоа – "Кўкалдош"

Энг жонкуяр мухлис – Омонуллоҳ

Энг жонкуяр мухлис – Собир

Энг жонкуяр мухлис – Жалолиддин Ҳамроқулов

Мусобақага мезбонлик қилган "Мовароуннаҳр" нашриёти  барча жамоаларни фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади ва эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз: “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказиладиган мусобақада Тошкент вилояти вакиллиги мезбонлик қилади.

   ЎМИ ахборот хизмати

Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳаларга йўналтирадиган саноқли мамлакатлар сирасига киради. Ҳозирда ёшларга яратилган имкониятлар, мактаб ва коллежларда кўзни қувонтирадиган шароитларни кўриб Яратганга шукрлар айтасиз. Минг афсуски, шундай шароитлардан фойдаланиш ўрнига кўчаларда тентираб юриб, мактаб ва коллежларга бормаётган ёшларимиз учраб турибди. Бундайларни кўрганда бесамар ўтаётган вақтга ачинасиз.

Муҳтарам юртбошимиз Қашқадарёга борганларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят бош имом хатиби Раҳматилла Усмоновга дарсларни мунтазам қолдириб келаётган талаба ёшлар билан суҳбатлар ўтказиш юзасидан кўрсатмалар бердилар. Ана шу асосда  диний ходимлар  тадбирлар ўтказиб келмоқдалар.

Аждодларимиз: “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган каби мустаҳкам бўлади”, деганлар. Ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳаётини илмга бахшида этиб: “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш  учун   илм излаши керак эканини уқтирдилар. Демак, шундай юртнинг фарзандларининг илмсиз бўлиб қолишга ҳаққи йўқ. Ёшларимизнинг баҳор фаслидек бебаҳо даврини бефойда нарсаларга сарфлашларига йўл қўймаслик керак.

Илм Аллоҳни танитади. Шу ўринда бир ибратли воқеани  келтирамиз: Машҳур  ёзувчи  Абдулла  Қодирий   “Меҳробдан чаён” романини ёзиш олдидан Шайх Исмоил Махдумдан маслаҳат олиш ниятида Наманганга келади. Суҳбат чоғида Абдулла Қодирий Шайх Исмоил Махдумдан ёшларни дунёвий илмларга қандай қизиқтириш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрайди. Шунда у киши Қуръони каримнинг “Ғошия” сурасидаги оятлардан келтириб, “Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (зоология), осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига (астрономия), тоғларнинг қандай тикланганига (жўғрофия) ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига (минерология) боқмайдиларми?!” дебдилар-да, ана шундай қилиб, диний илмга дунёвий илмни боғлаб ўргатиш кераклигини тушунтирибдилар. 

Мактаб ва коллежларда ўқувчи ёшлар “илмни инсонларга фойда етказиш учун ўрганаман”,  деб ният қилса, ҳам илм ўрганди, ҳам савоб олади.

Устозларимиз ўргатганидек;  “дарс” сўзи араб тилида “درس”

“д” – давомат (доим бўлиш);

“р” – риёзат (машаққат чекиш);

“с” – соғлом ва саломат бўлиш деган маъноларни англатади.

  Обидхон Икрамов,

ЎМИ Наманган вилоят вакили  ўринбосари, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

ЮНИСЕФ 2016 йилни Сурияда уруш бошлангандан буён болалар ўлими энг кўп бўлган йил деб эълон қилди. Ўтган йил урушлар сабабли 18 ёшга тўлмаган 650дан ортиқ бола қурбон бўлган. Бу фақатгина расмий маълумот, холос. Айрим ёпиқ ҳудудларга халқаро ташкилот вакиллари кира олмайди, Шу боисдан у ердаги болалар аҳволи ҳақида маълумот йўқ. Юзлаб болалар дори-дармон етишмаслигидан вафот этган.

ЮНИСЕФ эълон қилган яна бир аянчли рекорд бу – ИШИДнинг ёш болалар қўлига қурол беришидир. Бундай болалар 850 та. 2015 йилда айнан шу рақам  икки баробар кам бўлган.  


М.ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими

Янгиликлар

Top