muslim.uz

muslim.uz

Ҳурматли порталимиз мухлислари, Яратганга шукрки, Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабли муборак Рамазон ойи ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Айниқса, кундузлари соим бўлиб Аллоҳга муқарраб бўлган инсонлар, тунлари таровиҳ намозларида ҳам иштирок этиб Аллоҳнинг каломига соме бўлишмоқда. Дуолар мустажоб бўладиган ғанимат дамларда Юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилишмоқда.

Сиз азизларга 27 июнь куни пойтахтимизнинг қуйидаги масжидларида Қуръон хатмоналари якунига етишини маълум қиламиз:

  1. Яккасарой тумани, “Ракат” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Муҳаммадиев Раббимқули. Хатмда Қулбоев Жасурбек ва Абдуллаев Меърожиддин қорилар.
  2. Миробод тумани, “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби –  Ҳамдамов Ҳабибулла. Хатмда Тўраев Муҳаммад қори.
  3. Шайхонтоҳур тумани, “Доруссалом” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Жуманов Абдулҳамид. Хатмда Жуманов Муҳаммадлатиф, Раҳимжонов Маҳмуджон ва Раҳимжонов Раҳматуллоҳ қорилар.
  4. Шайхонтоҳур  тумани, “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” жоме масжиди.  Масжид имом-хатиби – Дарвишев Муҳторжон. Хатмда Рустамжонов Абдуллатиф қори.
  5. Шайхонтоҳур тумани, “Ислом нури” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Турдиев Нуруллоҳ. Хатмда Ҳудойқулов Жаҳонгир, Эргашев Ҳошимжон ва Кадамов Сухроб қорилар.
  6. Олмазор тумани, “Дўстжонбой” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Отажонов Баҳром. Хатмда Мадумаров Муҳаммадамин қори.
  7. Юнусобод тумани, “Юнусобод оқтепа” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Мирсодиқов Зиёвутдин. Хатмда Обидов Нуруллоҳ, Обидов Каримуллоҳ ва Мирзаев Аҳмадхўжа қорилар. 

            Шукуҳли ва дуолар ижобат бўладиган хатмона кечасида Аллоҳ таолодан Рамазон ойи  Юртимиз учун барокатли ва хайрли бўлишини, Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилайлик. Зеро, бу ойда қилинган дуо мустажобдир.

                                                   

Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

lundi, 27 juin 2016 00:00

Рамазонга мактуб

Моҳи султон!

Сен ойларга султонсан. Ташрифингдан покланган руҳиятимиз бошқа ойлар учун мадор йиғади. Эзгуликка ўнгланган одатларимиз йил давомида сақланиб, анъана тусини оладики, яхшиликларимиз сен сабаб буюк ажрларга нойил бўлади. Сендан ўрганган фазилатларимизни бошқа ойлар учун ҳам асраб қўямиз.

Моҳи марғуб

Ҳурматинг боис бизга берилажак имкониятларни санаб адоғига етишимиз мумкинми? Атрофимизни ўраб турган яхшиликлар, биз эришажак савоблар янада зиёда бўлишига гувоҳ бўламиз. Ҳадисларнинг бирида: “У ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади. Ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда 70 фарз адо этган каби бўлади” дея марҳамат қилинади. Ҳа, сенда амалга оширилган савобли амаллар эвазига савобу ажрлар орттириб берилади. Қолаверса, ҳар неки ниятларимиз бўлса, Яратганга ёлворамиз, сенинг шарофатингга умид боғлаймиз. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дея марҳамат қилган эканлар.

Моҳи ғуфрон

Сен сабаб гуноҳлардан покланамиз. Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир” дейилган экан. Расулуллоҳ (с.а.в) яна бир ҳадисларида: «Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», дея марҳамат қилган эканлар. Демак, сенинг ҳурматинг сабаб солиҳ амалларимиз, хайру эҳсонларимиз учун гуноҳларимиз кечирилар экан.

Сабр ойи

Ҳаётимиз давомида ҳар хил синовларга дучор бўламиз. Гоҳида бесабрлик иллатидан азият чекамиз. Арзимас етишмовчилик тоғдек муаммога айланади гўё. Рамазон рўзаси кишини сабр билан тарбиялайди. Дастлаб рўза тутган инсон жисмида, руҳиятида нафсга қарши кураш бошланади. Тоқат билан енгилган хоҳишлар эвазига рўзадорнинг нафақат зиммасидаги фарзи адо этилади, балки иродаси мустаҳкамланиб ўз руҳиятига ҳокимлик ғалабасига эришади.

Шифо ойи

Пайғамбаримиз (с.а.в.) сенинг ҳилолингни кўришлари билан қиблага юзланиб: «Аллоҳим, ушбу ойни биз учун осойишталик, саломатлик, фаровонлик даври этгин, дардларга шифо, қалбларга зиё бергин!..», дея муборак қўлларини дуога очар эдилар.

Замонавий тиббиёт сўнгги йилларда очлик билан даволаниш усулини кенг йўлга қўйди. Шунга асосан рўза тутиш орқали кўплаб касалликлар даво топгани исботланди. Қолаверса, рўза айрим дардлар юзага келишига тўсқинлик қилиши таъкидланди. Энг муҳим жиҳати, киши онгининг сокинликка эришганидир. Турли ғаразлар, кин ва ҳасадлардан покланган руҳият барча касалликлардан ҳоли турмуш тарзига йўл очиши шубҳасиз.

Қуръон ойи

Қуръони каримнинг нозил бўлиши сенда бошланди. Бу ҳақида Аллоҳнинг муборак каломида: “Рамазон ойи - ... Қуръон нозил қилинган ойдир” дейилади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сен келганингда Қуръони каримнинг барчасини тўлалигича Жаброил (а.с.)га ўқиб берар эканлар. Ушбу гўзал анъананинг давоми ўлароқ, айни кунларда обод масжидларимизда Қуръони карим ўқилиши ва жамоатнинг уни тинглаши ажиб фазилат.

Оқибат фасли

Муборак ташрифинг инсонлар ўртасида ўзаро мурувват ва оқибат туйғуларини уйғотади. Ҳурмат ва эътибордан қариндошлар ўртасида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Кексаю бемор қариндошлар ҳолидан хабар олиниб, узоқ яқинда яшоқчи қондошлар ифторлик дастурхони атрофига чорланади. Гина кудуратли инсонлар бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Шукуҳинг кириб борган ҳар бир хонадон ана шундай аҳиллик билан, яқинларга яхшиликлар қилиб фазилатли кунларни ўтказадилар.

Маърифат ойи

Қалблар сокин ва хотиржам, онгу шуурда пок ниятлар ўрин олган бир пайт маърифатли бўлиш учун айни муддаодир. Шу боис сенинг беқиёс лаҳзаларингни билим олишга сарф этиш янада фазилатлидир. Чунки, баракотинг ҳар нарсада бўлгани каби ўрганилаётган илмга ҳам тааллуқлидир. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак ҳадисларида: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва барокатли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилар эдилар”, деб марҳамат қилганлар.

Ростгўйлик пайти

Ростгўйлик – эзгуликлар дебочасидир. Бу борада Набий (с.а.в.) “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди” дея марҳамат қилган эканлар. Эзгуликлар ойи бўлмиш сенда рост сўзлаш кишини хайрли амаллар сари етаклайди. Бундан ташқари, рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан инсонлар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши муҳим саналанади. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади.

Тинчлик ойи

Ҳа, сен тинчлик ойисан. Ислом тарихидан маълумки, сенда жангу жадаллар тўхтатилган, шарофатинг билан давлатлар тинчлик сулҳини тузганлар. Яна бир муҳим жиҳат, инсон қалбидаги сокинликдир. Сенда турли иллатлар, ғаразу ҳасад, аразу гиналардан покланган, соҳиби томонидан эзгуликка йўналтирилган диллар осойишталикка йўғрилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бежиз “Рўза қалқондир” демаганлар. Зеро, қалқон камон ўқининг офатидан жангчини тўсиб қолганидек, рўза хатоларнинг юзага келиши ортидан келувчи беҳаловатликдан қутқаради. Натижада тинчлик ойида руҳият ҳам, қалблар ҳам ҳотиржамликка чўмади.

Шукрлар мавсуми

Алҳамдулиллаҳ, муборак ой ичрамиз. Қалбимиз шукронага тўла. Яна бир Рамазонда яшаб, унинг фазилатларини ҳис қила оляпмиз, имкон борича эзгуликлар адо этяпмиз! Кўнглимиз хотиржам, осойишта тонгларни қарши оляпмиз. Дунё кишиларининг сезиларли қисмини ўйга солган “қаерда тунасам экан”, “нима ейман?”, “очликдан болаларимнинг ҳоли не кечаркин”, “қаерга беркиниб яшасам экан”... деган оғриқли саволларнинг бизга кераги йўқ. Рўза сабаб ана шундай инсонлар кечмишини бошимиздан кечирамиз. Очлик, ташналикдан азият чекаётган заминдошларимиз ҳолатини ўз танамизда синаб кўрамиз. Ҳис қиламизки, биз учун тонгдан шом қоронғусигача чекланган имкониятларимиз айрим кишиларда давомли бўлиши мумкин. Тун нима, тонг нима сезмай фақат қорин тўйдириш ёки жон сақлаш умидида яшаётган ердошларимиз кам деб ўйлайсизми? Бу ҳақда тафаккур қилиб, юрак юракдан буюк Мавлога шукр ҳиссини туямиз. Алҳамдулиллаҳ, дастурхонларимиз тўкин, серқуёш заминимиз ўз саховатини бизга тақдим этмоқда. Юртимизда инсон номи улуғ, кексалар қадрланади, ёшларга ҳолис йўл кўрсатилади, она бола саломатлиги давлат сиёсати даражасида... Демак, Сен шукрлар мавсумисан.

Рамазон! Сени таърифлаб ниҳоялаш мумкинми?

Биз бугун сенга аталган тавсифларнинг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ рўйхатимизни ҳали узоқ давом этишимиз мумкин. Муҳими сен моҳи маҳбубсан! Ойлар ичра севиклисисан. Аразлашган кўнгиллар ҳурматинг боис ярашади, яқинлар муносабати мустаҳкамланади, диллар диллардан сув ичади, ҳамжиҳатлик, аҳил иноқлик ортади. Ҳар бир кунингдан имконларга бой лаҳзалар ўрин олган. Тиллар дилларни ширин сўзлар билан алқайди. Сенинг маҳбуб бўлишинг боисини-да таърифларга сиғдирмоқ маҳол... Биз сени яхши кўрамиз.

Шарифахон  Ғаниева

Рўза – беқиёс, мисли топилмас, фазилатларга бой ибодатдир. Унинг илоҳий ҳаловатини фақат рўза тутгандагина англаш мумкин. Рўзадорнинг кўнгли тўқ, нафс жиловлари ўз қўлида, танаси ҳолсизланса-да руҳияти мадор сезади. Рўзанинг фазилатлари борасида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Мана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр билан ўзини бошқариб туради. Рўза тутмаган вақтларида ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”. Чиндан ҳам, рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан, касаллик ва ношукрликдан сақлайди. Яна бир муҳим жиҳат борки, рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёткор бўлади. Оғзидан чиқаётган сўзлар аввалгидек ўйланмаган ёки бепарда бўлмайди. Рўзанинг ҳурмати билан сўзларини обдон чиғириқдан ўтказади. Илгарилари бемалол тилларидан учган бепарда гаплар энди оғиздан чиқмаслигига эътибор қаратади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалу низоларнинг олдини олади, кишилар ўртасидаги гиналарни кеткизади, яхшиликларга сабаб бўлади. Мабодо рўзадорни кимдир жаҳлини чиқарса, ана шундай ёмон гапиришга ундаш ҳолатлари рўй берса, ҳадиси шарифда эслатилгандек: “Мен рўзадорман”, дейиш билан муаммога жавоб топилади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз, беадоқ. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Тонг қоронғусидан то шомга қадар еб ичишдан чекланган нафснинг ифторлик пайтидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Бу пайтда кишининг танаси ҳорғин бўлсада руҳияти, маънавияти дармон йиққан бўлади. Аввало ибодатни адо этганидан, чексиз савобларга эришганидан, қолаверса ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли осмон қадар кўтарилади. Охиратда эса, тутган рўзаси туфайли берилажак жаннатдан шод бўлиши таъкидланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни Яратгандан сўраймиз доимо. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини мана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади. Бинобарин, “Райён” деб номланган махсус жаннат эшиги ҳар бир рўзадорга олий мукофотдир.

Ҳақиқатдан ҳам, рўзанинг фазилатлари битмас туганмас хазина каби, бу ҳақида қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойида беқиёс онлардан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таробеҳ намозлари ўқилмоқда, баъзи кунлари бир-биридан долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоб олишмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизларга берилган бебаҳо неъматдир.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим

 юрти мудири З.Мирсадиков

Янгиликлар

Top